Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:38

Гулнора дипломатик лавозимдан кетишини аҳамиятсиз демоқда


Гулнора Каримова Женевадаги лавозимни эгаллаб ўтириш истаги билан ёнмаётганини айтмоқда.
Гулнора Каримова Женевадаги лавозимни эгаллаб ўтириш истаги билан ёнмаётганини айтмоқда.

Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги Гулнора Каримованинг дипломатик дахлсизлиги унинг Женевадаги БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон доимий вакили лавозими билан боғлиқ ҳаракатларигагина дахлдорлигини айтмоқда. Айни пайтда дипломатик лавозимни тарк этганини тасдиқлаган Гулнора Каримова бундан буён бутун эътиборини Ўзбекистонга қаратажагини билдирди. Twitterдаги ёзишмаларида бу масалага тўхталган президент қизи ҳафтанинг 7 куни давомида 24 соатлаб миллий лойиҳалар устида ишлаётганини элчиликдан кетишининг асосий сабаби сифатида келтирди.



Гулнора Каримова Швейцарияда дипломатик лавозимдан кетгани ҳақида якшанба куни Би-Би-Си ўзбек хизмати, РИА новости ва Швейцариянинг RTS Теле-радио корпорацияси Швейцария Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, хабар тарқатди.

RTS агентлиги журналисти Ив Штайнер бунга оид мақоласида "Гулнора Каримова бундан буён Швейцарияда дипломатик дахлсизликка эга эмас", дея ёзди.

Матбуотнинг Гулнора Каримова дипломатик дахлсизлиги мавзусига эътибор қаратаётганига Швейцария ва Швецияда тергов қилинаётган пул ювиш ва порахўрликка оид жиноят ишларида гумонланувчи сифатида ўтаётганлар унга яқин шахслар экани сабаб бўлмоқда.

Швециялик ва швейцариялик журналистлар бу ишларга Гулнора Каримованинг алоқаси борлигини иддао қилиб келади.

Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги 15 июл куни, Озодлик сўровига жавобан юборган расмий хатида, Гулнора Каримованинг дипломатик лавозимдан кетганига оид хабарларни изоҳламаслигини билдирди.

Лекин "Каримова хоним Швейцарияда фақатгина Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги халқаро ташкилотлардаги вакили сифатида амалга оширган ҳаракатлари учунгина дахлсизликка эгадир", дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хатида.

Швейцария прокуратураси ўтган йил июл ойидан бери тергов қилаётган пул ювишга доир жиноят ишида гумонланувчи сифатида ўтаётган тўрт ўзбекистонлик Гаянэ Авакян, Алишер Эргашев, Шохруҳ Собиров ва Беҳзод Аҳмедов Гулнора Каримовага яқин шахслар сифатида кўрилмоқда.

Ўтган ойда Франция полицияси Швейцария прокуратураси сўровига биноан Францияда рейд ўтказган уйлар ҳам Гулнора Каримовага тегишли бўлгани ўтган ҳафта тасдиқланди.

Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни Озодликка юборган жавоб хатидан англашилича, Ўзбекистон президентининг қизи Женевадаги халқаро ташкилотларда расмий вакил мақомидаги ҳаракатлари учун Швейцария ҳудудида ҳимоялангандир.

Яъни бошқа мақомда, хусусан, Швейцарияда тергов қилинаётган иш марказида турган Takilant Ltd. фирмаси, унинг хўжайини Гаянэ Авакян ва бошқа гумонланувчилар билан эҳтимолий муносабатлари ва биргаликдаги ҳаракатлари учун потенциал жавобгарликдан дипломатик дахлсизлиги уни ҳимоя қилмайди.

Айни пайтда, душанба куни Гулнора Каримованинг ўзи дипломатик мақомни тарк этгани унинг учун аҳамиятсиз эканини билдирди.

BBC журналисти Наталя Антелава саволларига Twitter орқали жавоб берган Гулнора Каримова элчилик лавозимини тарк этиш қарорини бундан анча аввал қабул қилганини ёзди.




Twitter орқали ёзишмаларида ҳафтанинг 7 куни давомида 24 соатлаб Ўзбекистондаги миллий лойиҳалар билан бандлигини айтган Гулнора Каримова мамлакатдан ташқарида ҳам бир неча муҳим мажбуриятларни бажариш қийин кечаётганини ёзди.

Шу боис, Женевадаги лавозимни эгаллаб ўтириш истаги билан ёнмаётганини айтган Каримова бу лавозимдан кетиши ҳақида анча олдин билдирганига ҳам ишорат қилди.

Шу йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида элчилар рўйхатидан мамлакатнинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги доимий вакили сифатида қайд этилган Гулнора Каримованинг номи олиб ташланган эди.

Бир кун ўтиб эса бу рўйхатнинг ўзи ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтидан тамомила олиб ташланган эди. Бу саҳифа ҳануз бўш қолмоқда.

Гулнора Каримова Ўзбекистондаги 24/7 соатлик фаолиятида асосий эътиборини қаратган миллий лойиҳаларнинг кенг кўламли "ижтимоий ва ёшлар" ҳаётига оид лойиҳалари эканини айтмоқда.

Гулнора Каримованинг ўзи дипломатик мақомни бир неча ой аввал тарк этганини айтаётганига қарамасдан бунга оид хабар Франция полициясининг унинг уйларига рейдлари билан бир вақтда пайдо бўлаётгани эътиборлидир.

Озодлик радиоси ва Швециянинг ТТ агентлиги 9 июл куни тарқатган хабарга кўра, Фарнция полицияси айнан Гулнора Каримовага қарашли Париждаги квартира, Сен Тропе курорт шаҳридаги вилла ҳамда Версаль шаҳарчасидаги қасрда тинтув ўтказган.

"Ўзбек иши" доирасида Швейцариянинг бир нечта банкида жами 640 миллион АҚШ долларига тенг активлар, жумладан депозит қутичаларда катта миқдорда нақд валюта ва бриллиантлар ҳибсга олинган.

Айни дамда Швеция прокурорлари терговида ҳам Беҳзод Аҳмедов, Алишер Эргашев ва Гаяне Авакянлар гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Ўтган ой бошида эса Швециянинг TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистонга кириш учун Гулнора Каримовага яқин шахсларга жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид жиноий ишда тўртинчи гумонланувчи пайдо бўлди.

Озодлик ва Швеция жамоатчилик телевидениеси ўтказган журналистик суриштирув ортидан прокуратура Стокҳолм судига киритган аризадаги тўртинчи гумонланувчи Гулнора Каримова эканини англаш мумкин.

Журналист Ив Штейнер ўз манбаларига таяниб, айни дамда Францияда ҳам прокурор Серж Турне бошчилигида "ўзбеклар иши" билан боғлиқ жиноят иши очилганини айтмоқда.

Ҳозирча бу прокурор идорасидан бу борада қўшимча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG