Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

Ўзганда миллий низо олди олинган


Ўзган кўчалари кучайтирилган тартибда назорат қилинаётгани айтилди.
Ўзган кўчалари кучайтирилган тартибда назорат қилинаётгани айтилди.

Озодлик манбаси Ўзган шаҳри марказида 18 июлга ўтар кечаси милиция ходимлари калтаклангани ва юзга яқин ўзбек-қирғиз ёшлари ўртасида низо чиққани ҳақида маълумот берди. Бироқ милиция расмийлари муштлашув бўлмагани, низонинг олди олинганини билдирди.

Ўз овозини ёзиб олишимизни истамаган ўзганликлардан бири 18 июлга ўтар кечаси Ўзган шаҳрида ўзбек ва қирғиз ёшлари ўртасида низо чиққанини айтди.

Унга кўра, кеч соат 9 лар атрофида Давлат автомобил назорати ходимлари “Аванте-3” русумидаги автомашинани тўхтатган. Автомашинада ўтирган бир неча ўзбек миллатига мансуб одам ДАН ходимлари билан жанжаллашиб кетган. ДАН ходимлари уларнинг қўлини қайириб, милиция бўлимига олиб кетишга ҳаракат қилаётган пайтда маҳалла аҳли, асосан аёллар уларни ҳимоя қилмоқчи бўлган. Шу аснода воқеа жойига юздан ортиқроқ одам тўпланган.

Озодликка боғланган ўзганликнинг айтишича, орадан кўп ўтмай воқеа жойига юзга яқин қирғиз ёшлари тўпланган.

“Уларнинг ҳаммаси бир хил кийинган эди. Устларида шортик ва футболка бўлган ҳаммасининг. Улар спортчига ўхшаган одамлар эди. Қирғиз ёшлари маҳалладаги масжид олдига туриб олиб, ўтган-кетган одамларни калтаклашди, бир нечта машинага ҳам зиён етказишди”, деди овозини ёзиб олишимизни истамаган ўзганлик манба.

Ўзганда низо чиққани айтилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:35 0:00
Бевосита линк


Ўш вилоят милицияси матбуот котиби Жениш Аширбаев ўзганлик манба айтган хабарни қисман тасдиқлади:

-Ҳеч қандай низолашув бўлган эмас. ГАИ ходимлари “Хундай Аванте” русумидаги машинани бошқариб келаётган бир фуқарони тўхтатган. Унга нисбатан протокол тўлдирилаётган пайтда, маҳалладан ўтаётган одамлар ГАИ ходимларига тўсқинлик қилган ва протокол ёзмасликни талаб этган. Бу тортишувга масжиддан чиқаётган одамлар ҳам аралашиб кетган. Тўпланганлар милиционерларнинг хизмат машинасининг ойнасини пачоқлашган. ГАИга ёрдамга келган икки милиция ходимининг кўйлакларини йиртиб ташлашган, деди Жениш Аширбаев.

Милиция расмийсининг айтишича, жанжал чиқарганлардан икки нафари шундан сўнг милиция бўлимига олиб кетилган. Бундан норози бўлган юзга яқин ўзбеклар кеч соат 9-10 лар атрофида милиция бўлимига бориб, қўлга олинганларни озод қилинишини талаб қилган:

- Миш-миш тез тарқалади, биласизку. Бу воқеа “ўзбеклар туман милиция бўлимини вайрон қилишибди” қабилида тарқалиб кетган. Яқин атрофдаги икки-уч маҳаллада яшайдиган қирғизлар тўпланаётган пайтда милиция ходимлари ўша жойларга бориб, тушунтириш ишларини ўтказиб, оламонни тарқатиб юборди. Ҳеч қандай низолашув, муштлашув бўлган эмас, деди Жениш Аширбаев.

Унинг айтишича, воқеада айбланиб Комилжон Абдуллажонов ва Баҳромжон Файзуллаев исмли икки одам қўлга олинган. Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг “безорилик” ва “ҳукумат расмийсига зўравонлик кўрсатиш” моддаси билан жиноят иши қўзғалган.

Жениш Аширбаев 17 июл куни кечқурун Ўзганга қўшимча милиция кучлари киритилгани, вазиятни издан чиқмаслигини назорат қилиш мақсадида шаҳар кўчалари кучайтирилган тартибда назорат қилинаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG