Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:07

МТС-Ўзбекистон мулки давлат тасарруфига ўтказилгани айтилмоқда


Уч марта кимошди савдосига қўйилиб, харидор топилмаган МТС-Ўзбекистон (Ўздунробита)нинг мулки давлат тассаруфига ўтказилди. Жами 510 миллион АҚШ долларига баҳоланган мулкидан айрилган МТСнинг Москвадаги расмийлари вазиятни изоҳлаганича йўқ.

“Ўздунробита” мулки давлат тасарруфига ўтказилгани ҳақида дастлабки хабар 15 август куни РИА Новости томонидан тарқатилди.

Агентлик хабарида айтилишича, "Ўздунробита" ва унинг 14та вилоят филиалларининг жами 1,07 триллион сўм (тахминан 510 миллион АҚШ доллари)лик мол-мулкини давлат тасарруфига ўтказиш ҳақидаги қарор 12 август куни қабул қилинган.

"Кредиторлар ликвидация бошқарувчисининг оператор мулкини сотиб олиш тўғрисидаги таклифини рад этишди. Компания активларини маҳаллий органлар ҳисобига ўтказиш тўғрисидаги қарор 12 август куни кредиторлар қўмитаси томонидан қабул қилинди", дея маълум қилган агентлик манбаси.

МТС ширкатининг Москвадаги бош офиси расмийси (исми сир қолиши шарти билан гапирган) Озодлик мухбирига бу маълумотни инкор қилмади, лекин изоҳламади ҳам.

"Бизда бу борада етарли маълумот йўқ. Сиз бизнинг имайл почтамизга саволларингизни ёзма равишда жўнатинг. Ўрганиб кўриб, кейин батафсил жавоб берамиз", деди МТС расмийси.

“Ўздунробита”нинг мулки уч марта кимошди савдосига қўйилиб, харидорсиз қолгач, компания мол-мулки кредиторларга бўлиб берилиши ҳақида хабар қилинган.

МТС ширкатининг Россиядаги расмийлари мазкур қарорга норозилик билдириб, Ўзбекистондаги ўз мулки учун курашишини маълум қилган эди.

Жорий ҳафтанинг душанба куни кредиторлар қўмитаси мулкни бўлиб олишни рад қилгач, “Ўздунробита” мол-мулки маҳаллий бошқарув идоралари ҳисобига ўтказилган.

Жорий йил бошроғида банкрот деб тан олинган "Ўздунробита" бир йил ичида тўла тугатилиши кераклиги айтилган.

Жорий йилнинг июн ойи бошларида "Ўздунробита”нинг кредиторлар қўмитаси корхона мулкини кимошди савдосига чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Ўтган йилнинг июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”нинг 10 миллионга яқин мижози бўлган.

Ўзбекистон расмийлари 2012 йилнинг июлида “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион доллардан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган эди.

МТС ширкати ўзбек расмийларининг бу эътирозлари асоссизлигини айтиб келади.

Россия ширкатига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қонунга хилоф тарзда “Ўздунробита”нинг лицензияси ва мулкини тортиб олиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйган ҳамда жарима санкцияларини қўллаган. МТС бу борада халқаро арбитражга шикоят қилган.

Ўзбекистон расмийлари 2012 йилнинг июн ойида мамлакатни тарк этган МТС-Ўзбекистон бош ижрочи директори Беҳзод Аҳмедовни халқаро қидирувга берган.

Беҳзод Аҳмедов ҳозирда Швеция ва Швейцарияда тергов қилинаётган пул ювишга доир жиноят ишида ҳам асосий фигурантлардан бири сифатида кўрилмоқда.
XS
SM
MD
LG