Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Тошкентда “Қатортол”¸ Наманганда “Туркистон” ëнди


 Намангандаги “Туркистон” мажмуаси.
Намангандаги “Туркистон” мажмуаси.
29 август куни Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуаси ва Намангандаги “Туркистон” мажмуасига ўт кетди. Ўт ўчирувчиларга кўра, иккала ёнғин натижасида одамларга шикаст етмаган, фақат моддий зарар кўрилган.

Мақсудийдан қолган "Қатортол" ёнди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Чилонзор озиқ-овқатлар улгуржи бозори ҳудудидаги “Қатортол” савдо мажмуасида 30 августга ўтар кечаси ёнғин содир бўлди.

Бу ҳақда Озодликка WhatsApp орқали маълум қилган манбага кўра, ёнғин ярим тунда содир бўлган.

Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуаси.
Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуаси.
“Қатортолдаги савдо мажмуаси кечадан бугунга ўтар кечаси ёниб кетган. Ёнғин 2-қаватда содир бўлган”, дея маълум қилди манба.

Озодликнинг Тошкентдаги бошқа манбасига кўра, ёнғин тўрт қаватли бинода чиққан ва оқибатда бинонинг биринчи ва иккинчи қавати шикастланган.

“Биринчи этажда озиқ-овқатлар билан савдо қилинади. Иккинчи этажда эса кийим-кечак дўконлари жойлашган. Шу икки этаждаги дўконлар ёнган”, дея хабар қилди Тошкентдаги манбамиз.

Чилонзор туман Ёнғин хавфсизлиги бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда ёнғин сабаблари ўрганилаяпти.

“Ёнғин ҳақида хабар етиб келиши билан ўт ўчириш машиналари зудлик билан воқеа жойига бориб, ёнғинни зудлик билан бартараф қилишди. Одамлар орасида жароҳат олганлар йўқ. Ҳозир етган зарар ва ўт кетиш сабабларини текшираяпмиз”, деди ўт ўчирувчи.

Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуаси ёнғиндан сўнг.
Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуаси ёнғиндан сўнг.
“Қатортол” мажмуасидаги ёнғин сабабларини ўрганган Рodrobno.uz сайти иккита тахминни келтиради:

“Биринчиси –бино ертўласидаги электр симларининг носозлиги боис ёнғин содир бўлган. Иккинчиси эса¸ қарзи бўлган дўкон эгаларидан бири бинога қасддан ўт қўйган”, дея ёзади сайт ўз манбаларига таянган ҳолда.

Оддий халқ орасида "Оптовка" номи билан машҳур бўлган "Қатортол" мажмуаси ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Гулнора Каримованинг собиқ эри, америкалик ўзбек Мансур Мақсудий оиласи томонидан ташкил этилган эди.

Мақсудийларга қарашли бўлган "Roz Trading" ширкати орқали хориждан келтирилган товарлар улгуржи равишда шу ерда сотувга қўйилган.

Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашгач, Мақсудийлар оиласи Ўзбекистондан “бадарға” қилиниб, уларга тегишли барча савдо шоҳобчалари, жумладан, мазкур мажмуа ҳам “тортиб” олинди.

"Ёнғин пайти тўйхонада одам бўлмаган"

Наманган марказидаги тўй ва маросимлар ўтказиладиган “Туркистон” мажмуасига ўт кетгани ҳақидаги хабар ҳам Озодликка WhatsApp орқали етиб келди.

WhatsAppдаги манбага кўра, ёнғин 29 август куни соат 17:30лар атрофида чиққан.

Наманган шаҳридаги Туркистон тўйхонасида ëнғин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00


Наманган вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, шаҳарнинг Дўстлик шоҳкўчасида жойлашган Туркистон мажмуасидаги ёнғин электр қисқа туташуви натижасида келиб чиққан ва ёнғин чиққан пайтида тўйхона ичкарисида одам бўлмаган:

- Ёнғин электр симларидан келиб чиққан.

Озодлик: Бу тўй бўлаëтган пайтида чиққанми ëнғин?

- Йўқ, тўй бўлмаëтган бўлган. Эшик берк бўлган. Ичкарида ҳеч ким бўлмаган.

Озодлик: Қанча зарар етган?

- Зарарни энди булар ўзи беради. Нимагаки хусусийку улар. Хусусий бўлганлиги учун фақат ўзлари беришади комиссия қилиб, аниқлаб. Катта ëнғин бўлмаган. Просто том қисми ёнган. Бино полний бетон ҳамма томони. Тепасида қора қоғоз ташланган. Қора қоғоз ëниши ҳисобига қора тутун кўп чиқариб юборган. Ўшанга шов-шув бўлиб кетди у. Лекин зарар унақа жуда катта эмас, пожар ҳам катта эмас. Ëнган жойи айтаяпманку, шу қора қоғоз бўлган. Қолган ҳаммаси бетон.

Озодлик: Одамларга ҳеч қанақа шикаст етмадими?

- Ҳеч кимга ҳеч нарса бўлмаган, Худога шукур, деди Наманган вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Жорий ёз ойида Ўзбекистондаги савдо масканларида бир қанча ёнғин содир бўлди.

Жумладан, 29 июл куни Тошкентдаги Эски Жўва, халқ орасида эса Чорсу деб аталадиган бозорнинг миллий кийим-кечаклар сотиладиган қисмида чиққан ёнғин натижасида тўртта дўкон ёниб, кул бўлди.

4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси Марғилон шаҳрининг Ипакчилар мавзесидаги собиқ Ипак комбинати ўрнида жойлашган "Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуасининг озиқ-овқат қисмида катта ёнғин содир бўлди.

Июл ойида эса Тошкентнинг Кичик халқа йули олдида масжид, Андижондаги мадраса ва Фарғона шаҳри марказида жойлашган "Александрия" номли савдо мажмуасида ёнғин содир бўлди.
XS
SM
MD
LG