Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Женевада "ўзбеклар иши" доирасида рейдлар ўтказилди


Швейцария терговчилари пул ювишда гумон қилаётганлардан бири Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакяндир (ўнгда).
Швейцария терговчилари пул ювишда гумон қилаётганлардан бири Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакяндир (ўнгда).

Швейцария прокуратураси Женевада пул ювишда айбланаётган Ўзбекистон фуқароларига оид жиноят иши доирасида ўтган ой охирларида бир нечта рейд ўтказилганини тасдиқлади. Айни пайтда бу ишни кузатаётган журналистнинг айтишича, тинтувлар жорий ҳафтада ҳам давом этган.


Рейдлар жорий ҳафтада ҳам ўтказилган

Август ойининг охирларида Женевадаги бир нечта манзил бўйича жойлашган уйларда ўтказилган тинтув пул ювишда айбланаётган Ўзбекистон фуқаролари ишига алоқадор эканини Швейцария бош прокуратураси Озодликка тасдиқлади.

Озодликка юборилган ёзма баёнотга кўра, рейдлар Женева кантони полицияси билан биргаликда, ўтган йили очилган пул ювишга доир жиноят иши доирасда уюштирилган.

Прокуратура бу жиноят иши, исмларини келтирмаган ҳолда, тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросига қарши очилганини ҳам эслатади.

Швейцарияда тергов қилинаётган пул ювишга доир жиноят ишида гумонланувчи сифатида ўтаётганлар Алишер Эргашев, Шохрух Собиров, Гаянэ Авакян ва Беҳзод Аҳмедов экани маълум, ҳамда уларнинг тўрталови ҳам Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага алоқадор шахслар сифатида кўрилаётгани айтилади.

Айни пайтда, Швейцария прокуратураси баёнотида тинтув ўтказилган кўчмас мулк айнан кимга тегишли ва уйлар эгалари қайси давлат фуқаролари эканини доир саволлар изоҳсиз қолдирган.

Пул ювишда гумонланаётганларнинг тўрталови ҳам Гулнора Каримовага алоқадор шахслар сифатида кўрилаётгани айтилади.
Пул ювишда гумонланаётганларнинг тўрталови ҳам Гулнора Каримовага алоқадор шахслар сифатида кўрилаётгани айтилади.
Лекин БиБиСи ўзбек хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда, тинтув ўтказилган уйлардан бири Ўзбекистон президентининг тўғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган Женевадаги вилладир, дея ёзмоқда.

Бу иддаони бошқа мустақил манбадан тасдиқлашнинг иложи бўлмади. Лекин, "ўзбеклар ишини" яқиндан кузатаётган Швейцария жамоатчилик телевидениеси журналисти Ив Штайнер буни эҳтимолдан соқит қилмаслигини айтади.

- Қонунга кўра, Швейцария конфедерацияси Гулнора Каримованинг дипломатик дахлсизлиги бекор қилинганидан хабардор қилинганидан кейин прокуратура терговчилари учун унинг Женева ёки бошқа жойлардаги уйларида тинтув ўтказишига ҳеч қандай тўсиқ қолмади. Расмийлар унинг дипломатик дахлсизлиги бекор қилиндими, йўқми буни изоҳламаётган бўлса-да, менинг билишчимча, Швейцария адлия тимизи олдида Гулнора Каримованинг ҳеч қандай дахлсизлиги қолмагани аниқ, дейди швейцариялик журналист.

Тергов географияси кенгаймоқда

Ив Штайнернинг ўз манбаларига таяниб, яна айтишича, “ўзбеклар иши” бўйича жорий ҳафтада ҳам Женевадаги уйларда тинтув давом этган.

- Ҳа, менинг билишимча, тинтувлар ўтган ҳафта ва кеча, сешанба куни ҳам бўлиб ўтган, дейди журналист.

Шу йилнинг июн ойида бу иш доирасида Швейцария ва Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Гулнора Каримованинг Франциядаги уйларида тинтув ўтказиб, уларни муҳрлаб қўйган эди.

Франция полицияси Парижнинг 1 Avenue du Marechat Manoury манзили бўйича жойлашган Гулнора Каримва тегишли уйда тинтув ўтказиб, уни муҳрлаб қўйган.
Франция полицияси Парижнинг 1 Avenue du Marechat Manoury манзили бўйича жойлашган Гулнора Каримва тегишли уйда тинтув ўтказиб, уни муҳрлаб қўйган.
Маълум бўлишича, француз полицияси Гулнора Каримованинг Париждаги ҳашаматли квартираси, Сен Тропе курорт шаҳридаги вилласи ҳамда Версаль шаҳарчасидаги қасрини босган.

Швейцария прокуратураси ўтган йилнинг июл ойидан бери Ўзбекистоннинг тўрт фуқаросини катта миқдорда пул ювганликда айблаб, тергов олиб бормоқда.

Бу иш Швеция прокуратураси TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистонга кириш учун Гулнора Каримовага яқин шахсларга жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид жиноий иш ҳам Швейцарияда тергов қилинаётган жиноят ишига бевосита боғлиқдир. Швециядаги терговда ҳам Алишер Эргашев, Гаянэ Авакян ва Беҳзод Аҳмедов гумонланувчи сифтаида ўтаётгани маълум.

Июн ойи бошида Швециядаги ишда тўртинчи гумонланувчи пайдо бўлди.

Озодлик ва Швеция жамоатчилик телевидениеси ўтказган журналистик суриштирув ортидан Швеция прокуратураси Стокҳолм судига киритган аризадан тўртинчи гумонланувчи Гулнора Каримова бўлиши мумкинлиги эҳтимоли борлигини англаш мумкин.

Бундан ташқари, Франция ва Латвия расмийлари ҳам “ўзбеклар ишига” алоқадор текширувларни бошлагани маълум.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, Гулнора Каримованинг Париж ва Франция жанубидаги машҳур Сен Тропе курорт шаҳрида бир нечта кўчмас мулки бор. Шунингдек, бу ҳужжатларга кўра, Гулнора Каримованинг жазмани, баъзи манбаларга кўра, эри экани айтиладиган собиқ поп-қўшиқчи Рустам Мадумаров номига Париж яқинидаги Версаль шаҳарчасида қаср расмийлаштирилган.

Швейцария ва Францияда кўп миллион долларлик кўчмас мулки бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон президенти қизининг қарийб бир йилдан бери бу мамлакатларга қадам босмагани айтилади.

Журналист Ив Штайнернинг айтишича, ҳозирда Гулнора Каримова учун Швейцарияга келиш таҳликали бўлиши мумкин.

- Дипломатик дахлсизлик билан бу ерга келишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин ҳозирда бу ерга келиш Гулнора Каримова учун хавфлидир, чунки у энди терговда гумонланувчига айланиши мумкин,- дейди Швейцария жамоатчилик телевидениеси журналисти Ив Штайнер.
XS
SM
MD
LG