Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Хоразмлик журналист Сергей Наумов 15 суткага қамалди


 Хоразмлик мустақил журналист Сергей Наумов.
Хоразмлик мустақил журналист Сергей Наумов.
Урганч шаҳрида милиция ходимлари томонидан 21 сентябр куни олиб кетилган хоразмлик мустақил журналист Сергей Наумов 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси берган маълумотга кўра, журналист безориликда айбланмоқда.


Уч кундан буён тақдири номаълум қолаётган Сергей Наумов, ҳуқуқ фаолларидан олинган маълумотга кўра, урганчлик бир аёлнинг кўрсатмаси билан ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева маълум қилди.

- Биз ўз манбаларимиз орқали аниқладик. Сергей Наумов бегона бир аёлнинг кўрсатмасига асосан ушланган. Бу аёл бўйнидаги занжирни Сергей узиб олганини айтган. Лекин бизга маълум бўлишича, Сергей милиция бўлимида бу аёлни биринчи бор кўриб турганини айтган. Бу одатдаги провакациялардан бири. Ҳозир Сергейга 15 сутка беришган, дейди Надежда Атаева.

21 сентябр куни чамаси кечки соат 6 да Сергей Наумов тошкентлик журналист Василий Марковга уни милиция ходимлари ушлаб кетаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Озодликнинг Урганчдаги манбаларига кўра, Сергейни олиб кетишга Баҳодир исмли участка нозири яна 2-3 милиция ходими билан биргаликда келган.

Ҳозир Сергей Хоразмнинг қайси милиция бўлимида экани номаълум. Озодлик мухбири Урганч шаҳар ИИБ ва Хоразм вилоят ИИБсига қўнғироқ қилиб, иккала идорадан ҳам "Сергей Наумов бизда эмас", деган жавоб олди.

Надежда Атаевага кўра, Сергей Наумов ҳимояси учун Тошкентдан адвокат жўнатилган.

- Бизда ҳозир Сергей борасида жуда маълумот кам. Эртага адвокат Урганчга етиб бориб, Сергей билан учрашиши керак. Кейин аслида нима бўлгани ҳақида билишимиз мумкин бўлади, дейди Надежда Атаева.

50 ёшли Сергей Наумов Ўзбекистонда истиқомат қилаётган оз сонли мустақил журналистлардан биридир.

У Ўзбекистондаги илк мустақил Панорама (Манзара) газетасининг (1990 йил) таъсисчиси бўлган.

1994 йилдан 1999 йилгача Наумов Хоразмдаги илк мустақил ALC телевидениесида ишлаган. Шунингдек, хоразмлик журналист ўтмишда қатор хорижий нашрлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб келган.

Унинг Тошкентдаги ҳамкасблари ижтимоий тармоқларда Сергей Наумов пахта даласидан тутиб кетилган бўлиши мумкинлигига оид тахминларини ёзмоқдалар.

Аммо хоразмлик мустақил журналист пахта даласига борганми-йўқми, борган бўлса, қайси хатти-ҳаракати туфайли тартиб посбонларининг назарига тушган – бу ҳақда ҳозирча аниқ бир маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG