Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Пахтазордаги ишқий можаро тўйга айланди


Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги пахта далаларидан бирида фермернинг ўғли ҳашарчи қизни зўрлаб қўйгани ва пахтазордаги бу можаро икки ёшнинг унашуви билан якун топгани ҳақидаги қизиқ бир ҳикоя Озодликка маълум бўлди. Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага кўра, аввалига зўрланганини иддао қилган теримчи қиз катталарнинг аралашуви билан аризасини қайтиб олган.


Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманига бориб, онасининг ўрнига пахта тераётган ёшгина ҳашарчи қизни шу тумандаги фермерлардан бирининг ўғли зўрлаб қўйди.

22 сентябр куни содир бўлган бу ҳодиса ҳақида Озодликка исми сир қолиши шарти билан хабар берган фарғоналик блоггерга кўра, зўрланган қиз фермернинг ўғли устидан милицияга шикоят қилган.

"Онасининг ўрнига пахтага келган ёш қизни зўрлаган ва у қиз милицияга арз қилганидан кейин фермернинг ўғлини ушлаб олиб кетишган. У қиз ҳам ҳар куни мелисахонага қатнаяпти", деб ёзди фарғоналик блоггер.

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишловчи манба бу хабарни тасдиқлади.

У берган маълумотга кўра, айни шундай ҳолат бўйича бир шикоят келиб тушган, аммо жиноят иши очилмаган.

Сўнгра Фарғонадаги Озодлик манбаси бу ҳодисани махсус ўрганиб, зўрланганини иддао қилган ҳашарчи қиз бир кундан сўнг аризасини қайтиб олганини аниқлади.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳридан Ёзёвон туманига пахта теримига борган ва тумандаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг биносига ётоққа жойлашган 25 яшар Г. исмли қиз (Теримчи қизнинг исми сир сақланмоқда. - Таҳр.) маҳаллий йигитлардан бири билан танишиб қолган.

30 яшар Ж. исмли бу йигит (Йигитнинг исми сир сақланмоқда. - Таҳр.) тумандаги М.номли фермер хўжалиги (Хўжалик номи сир сақланмоқда. - Таҳр.) раисининг ўғлидир.

"Бу қиз, ўғил бир-бирига СМС кидат қиларканми, телефон қилиб турарканда энди бир-бирига. Энди далада бошланган, 4-5 кун ичида. Кейин қиз айтганки, “Пахтани соат 5да териб бўлдик. Бизни машинада ташлаб қўйинг” деб. Автобусга сиғмаганларни фермерлар ўз машинасида ташлаб қўяяптию ҳозир. Кейин ўша боғчадан коллективний келганларнинг 6-7тасини машинага солиб, олиб келиб ташлаб “Биз морожнийга бориб келамиз” дейишган. Қиз ҳам ўзи рози бўлган. Ҳеч қанақа қаршилик билдирмаганда. 25 га кирган қизда энди", деди Озодликнинг Фарғона вилоятидаги манбаси микрофонсиз суҳбатда.

Манбанинг айтишича, Г. ўша куни М. билан бирга музқаймоқ егани кетган ва шундан сўнг ўша ҳодиса содир бўлган.

"Шу морожнийга боришган. Кейин нимаси қизиқ бўлаяпти, морожний еб, ўша иш бўлиб туриб, бу ëқда яна маданият уйидан концертлар қилиб, у қиз келиб ўйинга тушиб, эртасига яна пахта тераяпти. Кейин уйига кетиб, экстреннийга боришиб, ўша ариза ëзишмоқчи бўлиб, тушунтириш хатлари олиниб, там шуда энди. Эртасига кейин ярашув, дейдими, шунақа бўлдида", деди Озодлик манбаси.

Яъни, ўша куни кечаси қиз Фарғона шаҳрига уйига кетган ва эртаси куни эрталаб қизнинг оиласи шаҳар шифохонасининг Тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган.

Шифокорлар эса бу ҳодисадан туман ИИБнинг масъул ходимларини хабардор қилган ва бу ходимлар биринчи бўлиб, анъанага мувофиқ томонларни муросага чақирган.

"У уйланадиган бўлди. Булар эртага совчиликка боришади. Розичилик бўлиб, эртага (25 сентябр куни - Таҳр.), Худо хоҳласа, қуда-тоғалар боришади. Кеча қудалар гаплашишди бир-бири билан. Қизам рози бўлди энди. Экспертиза-мэкспертиза қилмайдиган бўлди. Энди бу қиз ҳам эрли бўлиб қолсин, дегандай қилишиб, энди совчиликка эртага боришадиган булар", деди Озодликнинг Фарғонадаги манбаси.

Шу тариқа, катталарнинг аралашуви билан туманда номи чиққан пулдор фермер ўғли ва шаҳарлик теримчи қиз оиласи муросага келтирилди.

Озодликнинг Фарғонадаги манбаси бунақа ҳолатлар пахта терими мавсумида учраб туришини ҳам қўшимча қилди.

Айниқса, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларининг раҳбариятлари ҳар пахта терими олдидан бу каби "ишқий можаролар" олдини олиш учун тегишли чораларни кўриш ҳақида юқори турувчи органлардан огоҳлантирув оладилар.

Ётоқ жойлари ва пахта далаларида ёш, жўшқин йигит-қизларнинг ҳис-ҳаяжонларини жиловлаб туриш учун эса махсус назоратчилар тайин этилиши кузатилади.

Совет замонларидан буён қўлланиб келадиган бу тажриба шу кунларда Ўзбекистондаги пахта далаларида ҳам фаол қўлланмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига пахта теримига олиб борилган тошкентлик талаба йигит-қизлар, ҳатто, пахта далаларида ҳам бир-биридан ажратилаётгани, ўзаро мулоқотларга ҳам имкон берилмаётганини сўзлаб берди.

Пахта терими авжига чиқаётган шу кунларда пахта далаларидаги воқеа-ҳодисалар, саргузаштлар ва юқорида ўқиганингиз каби ҳикояларни Озодликка йўлланг!

Манзилларимиз:

WhatsApp + 420 608 549 460
E-mail:
ozodlikmail@gmail.com
Skype: Ozodskype
XS
SM
MD
LG