Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Россия божхонаси “ўзбек сноуденларига” жавоб бермаяпти


3 кундирдки ўзбекистонлик қочқин-аёл 4 нафар вояга етмаган фарзанди билан Россиянинг Домодедово аэропортининг транзит зонасидаги қамоқхонада қолмоқда. “Фуқаровий кўмак” ташкилоти Россия Федерациясининг омбудсмани Владимир Лукинни юзага келган вазият ҳақида хабардор қилиб, аёл ва болаларини қамоқдан чиқаришда ёрдам беришини сўради.


Москванинг энг йирик аэропорти Домодедовода Бишкекдан ўз болалари билан келган қочқин аёл – Зулҳумор Алижонова ортга депортация қилиниш хавфи остида қолмоқда.

Уни ўз ҳимоясига олган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси Россия Федерал миграция хизмати бу аёл ва унинг фарзандларини расман қочқин сифатида тан олганига қарамасдан, аэропорт божхона ходимлари қочқинларни Бишкекка қайтариб юборишга ҳаракат қилаётганидан таассуф билдирди.

Ёш маҳбусларга маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар аллақачон “ўзбек сноуденлари” деб ном беришди. Болаларни қамоқда сақлаш ақлга сиғмайди, улар дарҳол қўйиб юборилиши керак, дейди Берлиндан туриб вазиятни кузатаётган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина Озодлик билан телефон суҳбатида.

- Вазият Сноуденники билан бир хил: фақат болалар панжара ортида сақланаяпти, меҳмонхонада эмас. Умуман тушуниб бўлмаяпти – ахир бу болалар-ку! Улар аллақачон қочқинликка ариза ёзишган: биз Миграция хизматидан ходимни юборишни сўрадик. Раҳмат уларга, вакиласи келиб, сўроқ қилди ва болалар Россияга қонунан кириб келаётганини Божхона хизматига маълум қилди. Аммо негадир ҳеч қим уларни Россияга киритиш борасида қарор қабул қила олмаяпти, дея ҳаяжонланади Светлана Ганнушкина.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:10 0:00
Бевосита линк


Ҳуқуқ ҳимоячиси сўзларига кўра, Домодедово божхоначилари ФМС тасдиғини инобатга олмасдан, 3 кундан буён болаларни, жумладан 3 яшар қизчани совуқ ҳибсхонада ушлаб турибди.

- Мен бугун вазиятга Лукин (Россия Федерациясининг омбудсмани Владимир Лукин- таҳр.) аралашади ва болалар озод этилади, деган умиддаман. Бу масала паспорт бўлимига босим ўтказилмаса, ҳал этилмаслиги аниқ. Ота-онасига кириш мумкин бўлса, қандай қилиб уларнинг болаларига мумкин эмас? Сноуден вояга етмаган бўлмаган – у ўз ҳатти-ҳаракатлари учун жавоб беради. Бу болалар учун эса ота-онаси жавобгар. Ҳужжатлари ҳаммаси жойида бўлса – муаммо нимада? Тушуниб бўлмаяпти. Ахир улар келган ҳам Қирғизистон, ҳам Ўзбекистон билан визасиз режим амал қилади,- дейди чегарачилар бу вазиятда халқаро қоидаларни қўпол бузаётганини таъкидлаган Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина.

Айни пайтда, Озодлик аэропортнинг транзит зонасидаги ҳибсхонадаги ўзбек қочқинлари билан телефон орқали уланишга муваффақ бўлди.

Телефонни кўтарган болаларнинг тўнғичи - 15 ёшли Абдулқуддус вазиятни Озодликка шундай тасвирлаб берди:

- Аэропортдамиз, полициядамиз, овқатларини еб бўлмайди. Совуқ, қамоққа ўхшайди – ойнакларига решётка тўсилган. Ҳар хил давлатдан одамлар ўтирибди биз билан. Бугун чой берди – бугундан яхши қарашни бошлади,- дейди телефонни онасига узатган йигит.

Озодлик билан суҳбатда Зулҳумор Алижонова ҳибсхона ходимлари болаларга иссиқ овқат олиб келишини ҳисобга олмаганда, вазият ҳозирча ўзгаришсиз қолаётганини айтди.

- Ҳеч ким келгани йўқ олдимизга. Булар депорт қилворамиз, деяпти. “Багажимизни беринглар – уст-бошимиз йўқ, мана қаранг: кичкинам майкада ўтирибди”, десам, “Сен келган самолётингда қайтиб кетишинг керак эди. Энди депорт қиворамиз”, деяпти. Қамоқхонадек гап экан бу ер: 10 соат таққилатиб, илтимос қилганингиздан кейин очишар экан. Ҳозир битта хотин келиб буларга нима керак, деб энди сўради. “Уч кундан бери иссиқроқ нарса ичгани йўқ ”, десам ярим литрли баклашкада сув бериб кетди. “Бизни ишимиз нима бўлди?”, деб сўрасам , “Бу сенга суд эмас, Ўзбекистонинигга бориб, ҳақ талаб қиласан”, деяпти,- дейди Россияда сиёсий бошпана сўраган ва болаларини депортация қилинишидан олиб қолган Зулҳумор.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:59 0:00
Бевосита линк


Маълум бўлишича, Россияда сиёсий қочқинликда юрган фарзандларнинг отаси ҳам бир неча кундан бери фарзандлари тақдиридан ҳавотир қолмоқда.

Озодлик вазиятни кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG