Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:21

Қирғиз Олий суди Асқаров қийноқларга солинганига ишонмайди


Қирғизистон Олий суди Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамалган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров тергов давомида қийноқларга солингани юзасидан аризани кўриб чиқишдан бош тортди.

Азимжон Асқаровнинг адвокати Валериан Вахитов ўз ҳимоясидаги одам 2010 йилнинг 15 июнида Бозорқўрғон милицияси ҳибсхонасида қийноқларга солингани ва калтаклангани тўғрисида Олий судга ариза киритган эди. 16 октябрда Қирғизистон Олий суди аризани кўриб чиқишдан бош тортган.

-Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 15-16 июнида қамоққа олинган эди.
Терговчиларнинг ўша кунлардаги ноқонуний ҳаракатлари ҳақида ариза ёзганмиз. Бироқ Олий суд Асқаров қийноққа солинмаган, у ноқонуний тарзда қўлга олинмаган, терговчилар ноқонуний ҳаракат қилмаган, деган хулоса билан аризани кўриб чиқишдан бош тортди,
-деди Валериан Вахитов.

Қирғизистон Бош прокуратураси Олий суд қарори тўғри бўлгани ва адвокат Асқаровнинг қийноқларга солингани юзасидан бирорта жўяли далил-исбот келтира олмаганини билдирди.

-Олий суд Асқаровни қийноқларга солиш, калтаклаш ҳолатлари бўлмаган деган қарорга келди. Аввалроқ Жалолобод вилоят суди ҳам мана шундай қарор чиқарган эди. Шунинг учун Олий суд Вахитов иддао қилган қийноқ фактлари ёлғон деган хулосага келди, -деди Бош прокуратура расмийси Асанали Иманбеков.

Бироқ Асқаровнинг яқинлари ва халқаро ташкилотлар қийноқ қўллаш фактлари бўлганига ишонадилар. Асқаровнинг рафиқаси Хадича Асқарова қийноқлар қўлланилгани туфайли эрининг саломатлиги кескин ёмонлашгани, шу кунгача ҳам унинг саломатлиги қайта тикланмаётганини айтиб берди:

-Аҳволи яхши эмас... Тишлари тўкилиб кетибди. Кундан кунга саломатлиги ёмонлашаяпти. Қамоқда ётган одамнинг саломатлиги яхши бўлармиди...

Халқаро ташкилотлар ва Қирғизистондаги маҳаллий нодавлат ташкилотлари Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида фаолият юритган Азимжон Асқаров милициядаги қийноқлар, зўравонликлар ва коррупция ҳолатларинит ошкор этгани, ўнлаб милиция ходимларининг ишдан бўшатилишига ҳамда жиноятчи экани иддао қилинган кўплаб одамларнинг оқланишига эришгани учун ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан уюштирилган ўч олиш амалиёти жабрдийдаси бўлганига ишонади.

Азимжон Асқаров масаласи 2012 йилда президент Атамбаевнинг Германияга қилган сафари доирасида Германия канцлери Ангела Меркел ҳамда 2013 йилнинг сентябрида Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан ўтган учрашувлари чоғида ҳам кўтарилган.

Атамбаев Бишкекда 20 сентябрда берган матубот анжуманида ЕИ расмийларининг бу борадаги саволларига Азимжон Асқаровни оқлаш учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмаслигини таъкидлаганини айтган эди:

-Азимжон Асқаров ҳақида, албатта, гап бўлди. Мен уларга Азимжон Асқаровнинг суди бўлган, деб жавоб бердим. Мен бирон жойга бориб, “Мана бу одамга нотўғри ҳукм чиқарилибди”, деб айта олмайман. Бу ишни суд ҳал қилиши керак. Иккинчидан, ишни янгидан тергов қилиш учун етарли асослар бўлиши керак. Бироқ бундай далилилар ҳам йўқ.

Ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йилда Бозорқўрғон туманидаги тартибсизликларни уюштирганликда ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У ўзига билдирилган айбловларни тан олган эмас.

XS
SM
MD
LG