Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:56

Самарқанд газ қуйгичларида мижозлар хавфсизлиги таъминланмаяпти


Қизил, яшил, кўк, қора, кейин яна яшил газ баллонлар.

Баллонлар ёнида уларнинг эгалари...

Бу - 23 октябрь куни эрталаб Самарқанд шаҳридаги Шоҳи зинда ёдгорлик мажмуи олдидаги суюлтирилган газ қуйиш шоҳобчасида олинган ва ўқий бошлаганингиз лавҳага илова қилинган сурат мазмуни.

Сурат муаллифи вазиятни тасвирлар экан “Газни бундай заправка қилиш хавфли эмасми?”, деб сўраган.


Биз, албатта, саволнинг жавобини “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг “Самарқандшаҳаргаз” филиали мутасаддиларидан олдик ва уни бироздан сўнг эшиттирамиз.

Баллонга газ қуйишнинг самарқандча усули

Ҳозир эса, Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани аҳолисининг бўшаган газ баллонини тўлиғига алмаштириш жараёни билан танишинг. Бу ҳақда ўша ерлик Сайфиддиндан сўраб-суриштирдик.

Озодлик: Сизнинг уйингизда ҳам баллонли газми?

- Ҳа.

Озодлик: Баллондаги газингиз тугагандан кейин қандай қилиб, қаерда алмаштирасиз?

- Туман марказида бор битта заправка. Шунга борамиз.

Озодлик: Алмаштириш жараëни қандай кечади? Айтайлик, баллонингизни машинангизга солиб олиб бордингиз...

- Машинадан туширамиз. Заправшик борку, шунинг олдига қўямиз. Газ заправка қилиб беринг, деймиз. Кейин улар махсус улагичлари бор, ўшалар билан улайди. “Неча литр урайлик?” дейди. Баъзи билганлар “Совет давридан қолган бўлса (баллон назарда тутилаяпти - Озодлик), кўп солманг. Сроги ўтиб қолган” дейди. Шунинг учун 15 литрдан кўп солмаймиз. Кейин 15 литр уриб берилади. Қараб турамиз счëтчигига. Кейин мосламаларини ечиб олади. Кейин яна қайтариб машинага юклаймизда келаверамиз.

Озодлик: Газ баллонингизга қуйилаяпти. Ўша вақтда сиз қеарда бўласиз? Газ қуйиладиган заправкадан ташқарида бўласизми ëки баллонингизнинг ëнида бўласизми?

- Бунга айтарли эътибор қилишмайди. Тўғри савол қўяяпсиз. Шахсан мен 10-15 метр узоқликка қочиб тураман.

Озодлик: Агар 10-15 метр нарига қочмасдан ëнида турсангиз ҳам сизга “Боринг, нариëқда туринг” демайдими?

- Йўқ, демайди. Ҳатто кўп жойларда ўша машинада тўртта одам ўтирибдими, иккитами, учтами эътибор ҳам қилмайдида заправка қилиб юбораверади заправшиклар

Сайфиддиннинг айтганларидан баллонга газ қуйиш қоидаларини биладиган мутахассис Қўшработдаги газ заправкасида хавфсизлик техникаси нақадар қўпол бузилаётганини тушуниб турибди.

Озодликка етиб келган сурат Шоҳи зинда ёдгорлик мажмуи олдидаги газ қуйиш шаҳобчасидаги газ қуйиш жараёни ҳам Қўшработдагидан фарқ қилмаслигини кўрсатиб турибди.

Нима учун аҳолига суюлтирилган газ сотишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаяпти?

Бу саволни “Самарқандшаҳаргаз”нинг айнан шу масала бўйича мутасаддисига бердик.

Исми сир қолишини сўраган вакил “бу соҳада айрим камчиликлар бор” эканлигини, лекин у “газ заправкаларни ўз вақтида огоҳлантирганини” айтиб ўтди.

Унинг айтишича, “шаҳарнинг суюлтирилган газ ишлатадиган маҳаллаларига машиналарда газ етказиб бериш йўлга қўйилган, лекин айни пайтда йўл-йўлакай заправка қилиш ҳам бор”.

“Самарқандшаҳаргаз”да газ баллон ташийдиган махсус машиналар йўқ

“Самарқандшаҳаргаз” вакилига кўра, хавфли юк ҳисобланадиган газ баллонлар шу кунда усти очиқ юк машиналарида ташилмоқда. “Баллон ташишга мослаштирилган махсус автомашиналарни кейинги 10-15 йилдан бери кўрган эмасман”, деди корхона вакили.

Газ баллон сақланадиган махсус жойлар бўлар эди

Газ баллонлари хавфсизлигини таъминлаш учун бир вақтлар бошқа усуллардан ҳам фойдаланилар эди.

Улардан бирини қўшработлик Сайфиддин эслаб, бундай деди:

- Олдинлари совет даврида газ баллонлари бир точкадан, маҳалланинг олдидами, дўконнинг олдидами йиғиб олиб кетиб, қайтариб тарқатарди. Ҳозир бу нарсалар 10-15 йил тўхтаб қолди.

"Суюқ газ сўнгги уч ойда 500 сўмга қимматлади"

Сайфиддиннинг айтишича, баллонли (суюлтирилган) газнинг нархи кейинги икки-уч ой ичида кўтарилиб кетди, бундан ташқари газ қуйиб берувчилар алоҳида хизмат ҳақи ҳам олмоқда.

- Хизмат ҳақи 500 сўм бўлади, дейди. Бир литри 1400 сўм бугунги кунда. Қандайдир кўтарилиб кетди. 3 ойлар олдин 900 сўмгача тушган эди.

Мамлакат газнинг суюғига ўтмоқда

Кейинги вақтларда Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси хонадонлари табиий газдан узилмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилоятида 88 минг хонадон табиий газдан узилгани тўғрисидаги соҳа мутасаддиларидан олинган маълумотга таяниб хабар қилган эдик.

“Самарқандшаҳаргаз” вакилининг айтишича, бу шаҳарда 30 га яқин маҳалла суюлтирилган газга ўтказилган. Оддий ўзбекистонликлар фикрича, расмийларнинг “суюлтирилган газга ўтказилган”, деган иборасини “табиий газдан узилган”, деб қабул қилиш керак, чунки суюлтирилган газ билан уй иситиб бўлмайди – ўта қимматга тушади.
XS
SM
MD
LG