Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:33

Ўзбекистонда 16 ёшли бола "олтин талвасаси"нинг навбатдаги қурбони бўлди


Пахтачи туманидаги ғайриқонуний тилла қазувчиларнинг олтин ювиш қўлбола ускуналаридан бири
Пахтачи туманидаги ғайриқонуний тилла қазувчиларнинг олтин ювиш қўлбола ускуналаридан бири
Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги Қорақўтан олтин конига ғайриқонуний олтин қазишга кетаётган икки бола олтин талвасасининг навбатдаги қурбони бўлди. 9 декабрь куни улар минган мотоциклнинг Нексия автомобили билан тўқнашиб кетиши оқибатида, йигитлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди, иккинчиси туман касалхонасининг реанимация бўлимига ётқизилди.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги Керв қишлоғидан ўтадиган автомобил йўлида 9 декабрь куни содир бўлган автоҳалокатда 16 ёшли Сарвар Шомуродов ҳалок бўлди.

Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг Пахтачи туманидаги манбасига кўра, икки ўртоқ Қорақўтан олтин конига ғайриқонуний олтин қазиш учун кетаётган бўлган:

“9 декабрь куни эрталаб Пахтачи туманининг Керв қишлоғида вояга етмаган икки бола магистрал йўлда мотоциклда кетаётган пайтда қарама-қарши йўлга чиқиб кетган. Оқибатда катта тезликда келаётган Нексия автомашинаси уларни уриб кетган. Натижада 1997 йилда туғилган Сарвар воқеа жойида ҳалок бўлди. Иккинчисининг тақдири номаълум, у болницага олиб кетилган. Одамларнинг айтишларича, улар тилла қазиб олиш учун олтин конига кетаётган экан”, дейилади мактубда.

Пахтачи туманининг ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлаётган Озодлик манбаси ҳам шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, сўнгги пайтларда ғайриқонуний олтин қазиш ишлари билан шуғулланаётганларнинг автомобиллари ва мотоцикллари олиб қўйилаётгани айтди:

- Тўғри, бундай ишлар билан шуғулланадиганлар бор. Уларнинг кўпчилиги эски “УАЗ”, “Москвич” машиналарида тоққа боради. Аксарияти таниб қолмасин деб, номерсиз юради.Уларнинг бир қанчасини ушлаб машина ва мотоциклларини қамаб қўйганмиз. Лекин барибир олтин талвасаси кучлилик қиляпти шекилли, яна ва яна шундай воқеалар содир бўляпти, деди Озодлик манбаси.

Озодликнинг Пахтачи туманидаги бошқа бир манбасига кўра, кейинги пайтларда маҳаллий халқ орасида “тиллочилар”, деб ном чиқарган ғайриқонуний тарзда олтин қазиб олиш билан шуғулланадиган гуруҳлар кўпайиб қолган.

“Улар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳам кўпаймоқда. Октябрь ойида Султонобод қишлоғи марказидан ўтадиган 37-магистрал йўлида тиллочилар машинасини катта юк машина мажақлаб кетди. Оқибатда машинадаги 4 киши воқеа жойида ҳалок бўлди”, дейди Пахтачи туманилик манбамиз.

Бундан икки ҳафта бурун Пахтачи туманида Қорақўтан конига ноқонуний тарзда олтин қазигани кетаётган 8 киши ўтирган “Москвич” автомашинасини поезд уриб кетган, оқибатда 5 киши воқеа жойида ҳалок бўлган эди.

Озодлик радиоси Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Қорақўтан конида ғайриқонуний гуруҳлар олтин қазиётгани ҳақида аввал хабар қилган эди. Озодлик манбаларининг иддаосига кўра, "бу гуруҳларга маҳаллий расмийлар, милиция ва прокуратура раҳбарлари ҳомийлик қилади".
XS
SM
MD
LG