Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:48

Ўзбекистонда контрабанда билан боғлиқ 22 мингта ҳолат аниқланди


Абу Сахий бозорида сотиладиган маиший хизмат техникалари ҳам божхона тўловидан озод қилингани айтилади
Абу Сахий бозорида сотиладиган маиший хизмат техникалари ҳам божхона тўловидан озод қилингани айтилади

Ўзбекистон божхоначилари жорий йил мобайнида мамлакатга контрабанда юклари билан боғлиқ 22 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланганини айтмоқда. Божхоначиларга кўра, контрабандачилар Ўзбекистон ичкарисига озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак олиб киришга ва мамлакатдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ёнилғи олиб чиқишга ҳаракат қилади. Бироқ, кузатувчиларнинг айтишларича, контрабанда товарларининг асосий қисми юқори мансабни эгаллаб турган амалдорлар ҳомийлигида мамлакатга киритилади.



Ўзбекистон божхоначилари жорий йилнинг 11 ойи давомида чегарадан у ёки бу томонга ўтказилмоқчи бўлган, умумий қиймати қарийб 145 миллиард сўмлик товарни ушлаб қолган.

Бу ҳақда хабар қилган Podrobno.uz агентлигига кўра, республика божхона қўмитаси ходимлари ўтказган амалиёт натижасида чегарадан Чилонзор тумани томон ҳаракатланаётган юк автомашинаси тўхтатилиб текширилганда ундан хорижда тайёрланган ва ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган беш тоннага яқин товуқ оёқлари топилган.

Тошкентнинг Ўрикзор улгуржи бозорида тадбиркорлик қиладиган Баҳодир Божхона қўмитаси келтирган бу рақамларга шубҳа билдирар экан, божхоначилар ўз ҳисоботида контрабанда товарларининг ўндан бирини қайд қилган, дейди:

- Ҳозир бозорга четдан асосан “молоко”, “ролтон”, консерва банкалар, шоколад, печенье, “окорочка” сингари озиқ-овқатлар киради. Контрабанда асосан Тошкент вилоятининг Қозоғистон чегарасидаги постларидан ўтади. Чегарадан ўтказишда улардан чегарачилар ва божхоначилар доля олади, бозорга тушираётганда эса милициялар доля олади. Бу ҳолатни ҳар куни кўриб турибмиз. Ўндан бири ушланади, қолгани пулини бериб кетаверади,- дейди Баҳодир.

Тадбиркорнинг айтишича, бозорда контрабанда товарнинг ҳужжатига оид муаммолар солиқчилар билан келишилган ҳолда бартараф қилинади.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси контрабандага оид 22 мингта қонунбузарлик аниқланганини айтиб турган бир пайтда, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова мамлакатдаги энг катта "Абу Сахий" улгуржи бозорини онаси ва синглиси назорат қилишини ва унга олиб кириладиган юклар божхона назоратидан ва давлат солиғидан четда қолишини ўз твитларида таъкидлади:

Гулнора ўз твитларида иддао қилишича, синглиси Лоланинг эри, "Абу Сахий бозорининг эгаси Темур Тиллаев МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев билан яқин дўст".

Гулнора Каримова орадан бир неча кун ўтиб бу мавзуга қайтар экан, инстаграмдаги саҳифасида бундай ёзув қолдирди:

“Онам ва генерал Иноятовнинг ишлари роса юришди. Бир томонда Абу Сахий бозори, иккинчи томонда ФНПЗ (Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи) ва бошқалар. Мақсадлари мени йўқ қилиш бўлди ва токи биров учун қуришни хоҳлайдиган кимса қолмасин”, дея ёзди Каримова.

Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида синглисининг эри назорат қиладиган "Абу Сахий" бозори давлат солиғидан четда эканлигини яна бир бор таъкидлади:

“МХХ томонидан тўла назорат қилинаётган МХХнинг юқори қўмондонлари сафига кирадиган ака-ука Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг бизнес ҳамкорлари UzReport сайти эгаси Равшан Жўраев ва шунингдек, менинг синглимнинг учинчи эри Тимур Тиллаевларнинг умумий бизнес манфаати бор: ҳар ой товарайланмаси 20 миллион долларни ташкил этадиган Абу Сахий бозорининг фаолиятидан давлат солиғи олинмайди”, деган эди Гулнора Каримова.

Шунингдек, чегара ҳудудларида яшаётган ўзбекистонликларнинг айтишларича, айни пайтда чегара ҳудудларида чегарачилар ва божхоначилар билан келишиб ишлайдиган, “54чилар” деб аталадиган махсус одамлар фаолият олиб боради.

Контрабандачилар “54чилар” деган иборани Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг контрабанда молларига қарши курашишга қаратилган 154-қарори билан боғлашади.
XS
SM
MD
LG