Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:04

Тошкентда Coca Cola нархи 3 долларга чиқди


Сурат Podrobno.uz сайтидан олинди.
Сурат Podrobno.uz сайтидан олинди.

Тошкент шаҳридаги дўконларда кейинги икки кун ичида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компанияси ишлаб чиқарган маҳсулотлар нархи икки баробарга қимматлаб, 1,5 литрлик Coca-Cola ичимлиги тўққиз минг сўмга яқинлашиб қолди.

Ўтган ҳафтанинг охиридан бошлаб Тошкентдаги барча дўконларда Coca-Cola ичимлигининг танқислашиб қолгани кузатилмоқда.

Coca-Colaнинг 1,5 литрининг нархи кейинги 2-3 кун ичида 3800 сўмдан 8700 сўмгача кўтарилди.

Озодлик мухбири Тошкентдаги йирик озиқ-овқат дўконлари билан боғланди.

“Korzinka.uz”, “Continent”, “Makro” тармоқ дўконларининг барчасида Coca-Cola ичимлигининг 1,5 литрлигини фақат ёнига 1 ёки 0,5 литрлик “Fuse Tea” - совуқ чойи қўшилган ҳолда харид қилиш мумкин.

- Кола 1,5 литрлиги бор. Чой билан сотаяпмиз. Алоҳида сотмаяпмиз. Бизда алоҳида йўқ,- дея жавоб берди боғланганимиз барча дўкон ходимлари.

“Continent” дўконида ҳозирда 1,5 литрлик колани қарийб тўққиз мингга харид қилиш мумкин.

- 8706 сўм. Чой билан бирга. 1,5 литр кола, 1 литр чой, деди “Continent” дўкони ходимаси.

“Korzinka.uz” дўконларида эса нисбатан арзонроқ - 7000 минг сўм (Кола билан чой)га олса бўлади.

Суҳбатдошларимиз акция экани айтилган ушбу тадбир янги йилгача давом этишини айтишди.

Яна концентрат етишмаяпти

Озодлик манбасига кўра, Coca-Cola компаниясининг Марказий Осиёдаги энг йирик заводи ҳисобланган Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган "Мега" заводида шу кунларда Coca-Cola ичимлиги жуда оз миқдорда ишлаб чиқарилаяпти.

"Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" корхонасининг ўзини таништирмаган мутахасиси Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатдан ишлаб чиқариш камайганини тасдиқлади.

Мутахасисга кўра, ишлаб чиқаришда ишлатиладиган концентратнинг етишмаётгани боис юзага келган танқислик маҳсулотлар нархининг кўтарилишига сабаб бўлган.

- Ҳозир сотилаётган нарх коланинг ўзининг нархи эмас. Чунки ҳозир складларда йўқлиги учун. Энди концентрат келаяпти. Ҳозир қуйилса, кейинчалик нормальний бўлиб кетади,- деди мутахасис.

Суҳбатдошга кўра, компания яқинда янги турдаги совуқ чой -Fuse Tea ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва ушбу маҳсулотни реклама қилиш мақсадида уни Coca-Colaга қўшиб сотилаяпти.

- Бу ўзи янги маҳсулот. Шу бизнинг маҳсулот эканлигини билдириш учун коланинг ёнига қўшиб бераяпмиз. Кейинчалик одамлар унинг Coca-Cola маҳсулоти эканини билишлари учун, деди "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг ўзини таништирмаган мутахасиси.

Жорий йилнинг февраль ва март ойларида ҳам концентратларнинг етишмаслиги сабаб "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг Тошкент ва Намангандаги иккита заводи маълум муддатга тўхтатилган эди.

“Coca-Cola” ва президентнинг қизи: Тарих

Ўзбекистонда “Coca-Cola” компаниясининг пайдо бўлиши президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг собиқ эри Мансур Мақсудий шахси билан боғланади.

Гулнора Каримова 1991 йилда америкалик ўзбеклардан бўлган Мақсудийлар оиласига келин бўлиб тушгач, қуда томон 1994 йилнинг мартида Тошкентнинг “Беш-ёғоч” даҳасида “Coca-Cola” заводини ишга туширган.

Ўша пайтда мазкур компания Гулнора Каримованинг собиқ эри Мансур Мақсудийга тегишли бўлган.

2001 йилнинг августида Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашгач, "Coca-Cola" компаниясида тафтиш бошланиб, Мақсудийларнинг бир қанча қариндоши қамоққа ташланган.

Кейинчалик Гулнора Каримова "Coca-Cola" компанияси устидан тўла шахсий назоратини ўрнатгани айтилади.

“Coca-Cola” ва президентнинг қизи: Бугунги кун

Ўтган йилнинг июл ойида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг икки ходими Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевлар Женевада ҳибсга олинган эди.

Швейцария прокуратураси бу икки шахс пул ювишга доир жиноят иши доирасида қўлга олинганини Озодликка маълум қилган эди.

Бу ишларга бевосита Гулнора Каримова ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилди.

2012 йилнинг 16 октябр куни Швейцария Бош прокуратураси Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевни гаров эвазига қўйиб юборди. Бироқ тергов иши давом этиши ҳақида маълум қилди.

Алишер Эргашев Швеция бош прокуратураси тергов қилаётган мамлакатнинг энг йирик телеком ширкати TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид жиноий ишда ҳам асосий фигурантлардан биридир.

Кейинги кунларда Гулнора Каримовага қарашли бўлган деярли барча бизнес объектлари ёпилиб, тафтиш ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда Coca-Cola компаниясининг ҳам бу юзадан тафтишга тортилган ёки тортилмагани матбуотга маълум эмас.

Coca-Cola Ўзбекистонга $ 50 миллион сармоя ётқизмоқчи

Америкадаги энг йирик ширкатларидан бири Coca-Cola 2014 йилда Ўзбекистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишни режаламоқда.

Бу ҳақда жорий йил сентябрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес форумида ширкатининг минтақавий менежери Олег Пилецкий маълум қилди.

Унга кўра, бу сармоя янги турдаги шарбат ва чой ичимликлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадларига сарфланади.

Ҳозирда "Coca-Cola Icihmligi Uzbekistаn, LTD" компаниясида олти хил турдаги (Coca-Cola, Coca-Cola Zero, Fanta, Sprite, BonAqua ва Fuse Tea) салқин ичимликларни ҳар хил қадоқларда ишлаб чиқарилмоқда.
XS
SM
MD
LG