Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:46

Дўстобод шаҳри марказида юзлаб уй бузилаяпти


Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани Дўстобод шаҳри марказидаги 228 та уй бузилиб, ўрнига икки қаватли замонавий уйларни қуриш режалаштирилаяпти. Лойиҳага кўра, айрим уйларнинг фақат бир ёки икки хонаси бузилади. Лекин шаҳар марказидаги иккита кўчада жойлашган барча уйларнинг олд кўриниши икки қаватли бўлиши шартлиги айтилаяпти.

Дўстободликларга янги йил “совғаси”

Жорий ҳафта бошида Дўстобод шаҳридаги Муҳаммадқулов ва Бегимқулов кўчасида яшовчи аҳоли уйлари бузилишидан огоҳлантирилди.

“Мажлис ўтказишди. Мажлисда айтишди уйларимизни бузишаркан. Бизга янги йилга “совға” бўлди. Ҳамманинг кайфияти йўқ”, дея Озодликка хабар қилди дўстободлик муштарий.

Шаҳарнинг Муҳаммадқулов кўчасида яшовчи исмининг ошкор қилинишини истамаган муштарийга кўра, кимнидир уйининг фақат битта хонаси, кимнидир икки ёки учта хонаси бузиларкан.

“Йўлнинг четидан 7 -10 метр ичкарига қараб бузилади дейишди. Бизнинг уйимиз беш хонали, шунинг икки хонаси бузилишга тушаркан. Ўзимизга учта хона қолаяпти. Ҳар кимда хар хил. Лекин ҳамманинг уйининг қанчадир қисми бузилади, дейишди”, деди Муҳаммадқулов кўчасида яшовчи фуқаро.

“Номига бўлса ҳам икки қаватли уй бўлиши керак”

Дўстободликларга кўра, бузилган уйлар ўрнида икки қаватли замонавий уйлар қурилиши режалаштирилган.

Ҳокимлик вакиллари ҳар бир бузилган уйнинг ҳеч бўлмаса, кўчага қараган қисми икки қаватли кўринишда бўлиши шартлигини айтишган.

“Икки қаватли уйнинг биринчи қаватида яшаш мумкин эмас дейишди. Биринчи қаватлар фақат дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бўларкан. Иккинчи қаватлар эса турар-жойга мўлжаллаб қурилади, деб айтишди мажлисда”, деди Бегимқулов кўчасида яшовчи фуқаро.

“Жами 228 та уйни бузамиз!”
Қуйичирчиқ туман ҳокимлигининг қурилиш бўлимининг исмини очиқламаётганимиз мутахасисига кўра, янги йилнинг январ ойи охиридан бошлаб Муҳаммадқулов кўчасидан 144 та, Бегимқулов кўчасидан эса 84 та уй бузилади.

Ҳокимлик мутахасисига кўра, ҳақиқатдан ҳар бир уйнинг кўчага қараган қисми икки қаватли қилинади.

- Йўлнинг ўқи борку, шу ўқидан йўл 15 метр ичкарига кираяпти. 30 метр кенгликда йўл бўлаяпти. Йўл четига тушган уйлар ҳаммаси бузилишга тушадида. Кимники тўлиқ, кимники частичний бузилади, таги дўкон, тепаси уй-жой бўлади. Уйнинг бузиладиган қисмининг озгина қолдирилган жойи борку, раз бузгандан кейин бу ëғини ҳам бузиб ташлаш, ҳовли қилиб чиройли қилиш керакку. Дўкон тепасини олади, масалан тагига дўкон тушган бўлса, дўконни ололмаса, тепасидаги этажли уйда яшаши мумкин. Иккинчи қаватни ҳовлига қаратиб қуради, деди суҳбатдош.

Қуйичирчиқ туман ҳокимлигининг мутахасисига кўра, уйларининг маълум қисми бузилган хонадонларга пул таклиф қилинади, бутунлай бузилган уйларнинг эгаларига эса бошқа ҳудуддан турар-жой ўрни берилади. Шунингдек, уйлари бузилган аҳолига 12 фоизлик кредит таклиф қилинаяпти.

Ўтган йили янги йил байрами олди Фарғона шаҳридаги Аэропорт кўчасида яшовчи аҳоли ҳам худди дўстободликлар сингари янги йил “совғаси” олишган эди.

Ҳозирда ҳокимлик талаби билан Аэропорт кўчасидаги уйларнинг барчасининг кўчага қараган қисми икки қаватли қилиб тикланган.

"Бузасан, қурасан ёки бўшатасан"

Сўнгги икки-уч йилдан бери Ўзбекистон шаҳарлари ва туман марказларининг марказий кўчаларини ободонлаштиришнинг ажабтовур усули қўлланилмоқда: уйингни бузасан, икки-уч қават қилиб қайта қурасан, кучинг етмаса бўшатиб қўясан.

Бундай сиёсат оқибати ўлароқ уйсиз қолган ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун товон пули жуда кам тўланаётгани ёки умуман берилмаётганидан шикоят қиладилар.

Мана шу ҳақда Озодликка бу йил етиб келган хабарларнинг иккитасигина:
Февралда урганчликлар шаҳар марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузилгани, уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганидан шикоят қилган эди.

Апрелда Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчаси аҳолиси вакиллари уйлар ва тадбиркорлик объектлари бузилаётгани, товон пули ва ер участкалари берилмаётганидан шикоят қилган эди.

Жиззахда эса уйи бузилган фуқароларнинг давомли норозиликлари ортидан шаҳар ҳокимияти уйлари бузилган ҳар бир оилага ваъда қилинган товон пули шу йилнинг охиригача тўланишини ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG