Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Янги йил арафасида пойтахтда яна гўшт қимматлади


Янги йил байрами арафасида Тошкентнинг “Чорсу” бозорида гўшт нархи бир оз қимматлади. Айни пайтда, бир бутилка Coca-Cola саккиз минг сўм атрофида сотилмоқда. Бироқ Фарғонада гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўзгаришсиз қолмоқда.

Янги йил байрами арафасида Тошкент бозорларида яна гўшт ва гўшт маҳсулотлари қимматлади. Айни пайтда, бир бутилка Coca-Cola саккиз минг сўмлигича қолмоқда.

Тошкентнинг “Чорсу” бозорида гўшт сотадиган Рустам қассоб Озодлик билан суҳбатда шу кунларда мол гўштининг нархи кўтарилганини айтди.

Жумладан, мол гўшти нархи пойтахт бозорларида 23 минг сўмдан 27 минг сўмгача қимматлаган.

- Нархлар кўтариляпти. Ҳозир бир кило лаҳм мол гўшти 22 минг-23 минг сўм бўляпти. Сон 19 ярим минг бўляпти. Энди ҳар-хилда мол гўшти, ўзига қараб, - деди Рустам қассоб.

У бозорда мол гўшти нархининг кўтарила бошлаганини Самарқанд, Қарши ва бошқа вилоятлардан пойтахтга мол олиб келиш камайгани ва одатдагидек, янги йил арафасида гўшт ва гўшт маҳсулотларига талаб ортгани билан изоҳлади.

“Чорсу” бозоридаги дўконлардан бирининг ходими Адҳамжон Озодликка мол гўштидан ташқари, асосан Тошкентда истеъмол қилинадиган от гўштининг нархи ҳам кўтарилганини айтди.

- Мен яқинда норинбоп от гўштини сотиб олдим. Бир кило лаҳм от гўштини 27 минг сўмдан беришди. Ўзи суякли от гўштини 22 минг -23 минг сўмдан сотишаётган эди. Лаҳми 23-24 минг атрофида эди. Янги йил олди сал кўтарилибди, - дейди Адҳамжон.

Унинг айтишича, байрам арафасида “Чорсу” бозорида битта қази нархи, оғирлигига қараб, 40 минг сўмгача кўтарилган.

Адҳамжон “Чорсу” бозоридаги бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар нархи кўтарилмагани, аммо “қора бозор”да доллар қарийб минг сўмга ошиб, ҳозирда бир АҚШ доллари 2840 сўмдан алмаштирилаётганини қўшимча қилди.

23 декабрь куни Uzmetronom.com мустақил Интернет газетаси Тошкентдаги дўконларда бир ярим литрлик бир бутилка Coca-Cola ичимлиги нархи ҳеч бир сабабсиз 6 ярим минг сўмдан 8 минг сўмгача бўлган нархда сотилаётганини ёзди.

Фарғонада гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошмаган

Фарғоналик Абдусалом Эргашев Озодлик билан суҳбатда Янги йил арафасида Фарғона ва Марғилон бозорларида озиқ-овқат нархлари кўтарилмагани, бироқ бозорда харидорлар ҳар йилгидан кўп эканини айтди.

- Гапни рости бизда нархлар ўзгаргани йўқ. Ширинлик, ичимликларнинг нархи ўша-ўша. Лекин камайиб боряпти. Бу ҳар йилги Янги йил арафасида бўладиган ҳолат. Ўзбекистонликларнинг энг катта байрамларидан бири шу Янги йил. Фарғонада бир ярим литрли Coca-Colaнинг нархи тўрт ярим минг сўм, - деди Абдусалом Эргашев.

У Фарғонада Coca-Cola нархининг ошмаганини Наманганда ушбу салқин ичимликни ишлаб чиқарадиган йирик завод борлиги билан изоҳлади.

- Бизда Наманганда Coca-Colaнинг филиали бор. Эҳтимол Тошкентдаги завод етказиб бера олмаётгандир. Шунинг учун ҳам нархда фарқи бўлса керак, деди Абдусалом Эргашев.

Coca-Cola компаниясининг Марказий Осиёдаги энг йирик заводи ҳисобланган Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган "Мега" заводида шу кунларда Coca-Cola ичимлиги жуда оз миқдорда ишлаб чиқарилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ маълум қилган эди.

Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD корхонасининг ўзини таништирмаган мутахасиси Озодлик билан суҳбатда ишлаб чиқаришда ишлатиладиган концентратнинг етишмаётгани боис юзага келган танқислик маҳсулотлар нархининг кўтарилишига сабаб бўлганини айтган.
XS
SM
MD
LG