Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:10

Ўзбекистон 1 апрелгача Қирғизистонга 25 миллион куб метр газ сотади


2014 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Қирғизистонга 25 миллион куб метр табиий газ етказиб беради. “Қирғизгаз” ширкатидан олинган маълумотларга қараганда, газнинг ҳар минг куб метри учун Қирғизистон Ўзбекистонга 290 доллардан тўлайди.

Айни пайтда, Озодликка етиб келган баъзи хатларга қараганда, ўзбекистонликлар табиий газ учун неча пул тўлашлари кераклиги тўғрисида етарли информацияга эга эмас.

Ўзбекистон аҳолиси газ учун қўшниларга нисбатан анча кам пул тўлайди, бироқ ҳар йили қишда газ босими пасайиб кетиши туфайли нархнинг арзонлиги билинавермаяпти.

“Қирғизгаз” ширкати раҳбари Қуралбек Наскеевга кўра, жорий йил биринчи чорагида Ўзбекистон Қирғизистонга 25 миллион куб метр табиий газ етказиб беради. Газнинг ҳар минг куб метри учун Қирғизистон Ўзбекистонга 290 доллардан тўлайди.

Ўзбекистондан олинадиган газдан, асосан, Қирғизистоннинг жанубидаги истеъмолчилар фойдаланади.

“Қирғизгаз” ширкати раҳбарига кўра, газга оид келишув Қирғизистон билан Қозоғистон ўртасида ҳам эришилган. Бишкек шимолий қўшнисидан 3 ойда 100 миллион куб метр газ сотиб олади. Ҳар минг куб метр газ учун Бишкек Остонага 224 доллардан тўлайди.

"Неча пул тўлашимиз керак ўзи?!"

Ўзбекистоннинг қўшни Қирғизистонга бу йил биринчи чорагида сотадиган гази ҳажми ва нархига оид бу янгилик ортидан Озодликка қўқонлик тингловчидан мана бу мактуб келди:

“Ассалому алайкум, Қўқонда ҳукумат билан халқ ўртасида жудаям чиройли келишув бор. Қўқон халқи бу келишувга иложсизликдан рози бўлган. Ташқарига сотиладиган газни нархини тўлашга рози бўлган бечора халқ, ўтин йўқ, кўмир йўқ, Хитойга сотиладиган нархдан ҳам кўп бўлса керак, ойига 150 минг сўмдан тўлашяпти, шуни ўрганинглар, илтимос”

Хатнинг мазмунига қараганда, қўқонлик тингловчи “150 минг сўмдан тўлашяпти”, деб ёзар экан, 1000 куб метр газнинг нархини назарда тутган.

"Водийгазтаъминот" корхонаси вакили газ нархларига оид саволимизга жавобан, “1000 куб метр газнинг нархи 151 700 сўм бўлади”, дер экан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2013 йил, 16 сентябрда тасдиқлаган ва

1 октябрдан амал қилаётган тарифларни ёдимизга солди.

Демак, шу кунда газ ҳисоблагичи ўрнатилган хонадон эгаси 10 куб метр газ учун 1 517,40 сўм (1000 куб метри учун 151 704 сўм);

Газ ҳисоблагич ўрнатилмаган хонадон эгаси 10 куб метр газ учун 2624,15 сўм (1000 куб метри учун 262 415 сўм) ҳақ тўлайди.

Келтирилган рақамлар - тарифларга оид асосий, база кўрсаткичлардир. Бошқа маълумотларни мана бу ердан топишингиз мумкин.

Агар Ўзбекистон ҳукумати ташқарига сотаётган газнинг нархи маҳаллий нархларга қиёсланса, қўқонлик тингловчининг хафа бўлиши ўринсиздай кўринади.

Арзону лекин...

Бироқ унинг хатидаги “ўтин йўқ, кўмир йўқ”, деган писанда ўша арзон нархларнинг ҳам қадрсиз қолаётганига ишорадир.

Ўзбекистонликлар йиллардан бери қишда газнинг йўқлиги ёки босимининг пастлигидан арз қилиб келади.

Масалан, Фарғона вилояти, Бағдод тумани газ корхонаси вакилининг айтишича, шу кунда босим “яхши”, лекин бундан бир неча кун аввал мана бундай эди:

- 31 декабрда камайиш бошланган. 1, 2, 3, 4 январда 2 кило, 2 ярим кило бўлди газ (газ тақсимловчи станциядаги атмосфера босими назарда тутилаяпти). 6 январдан ўзгариш бошланди. Шу кунда 8 кило газ бор, деди “Бағдодтумангаз” ходими.

Ўзбекистонликларнинг энергетик тақчилликка оид мурожаатлари, шикоятлари ва хабарлари Озодликнинг ZIMISTON-UZ блогига жамланмоқдаки, Бағдод туманидаги шу кундаги аҳвол мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги вазиятдан кескин фарқ қилади.

“Ўзбекнефтьгаз” Миллий холдинг компанияси маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда йилига 60 миллиард куб метрдан зиёд газ қазиб олинади.

Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ўзбек гази харидорларидир.

2012 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистондан Тожикистонга газ етказиб бериш тўхтатилган эди. Азия плюс нашрига кўра, ўтган бир йил давомида Душанбе Тошкент билан газ савдосини қайта тиклашга оид олиб борган музокаралар натижасиз тугаган.
XS
SM
MD
LG