Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:31

ZIМISТОN-UZ: "Бизнинг газ плитада сув 3 соатда қайнаяпти, сизникидачи?!"


Сўнгги кунларда Ўзбекистонда кузатилаёган қаҳратон совуқ боис Озодликка WhatsApp орқали йўлланаётган хат-хабарларда янада кескинлашган газ-свет муаммоси кўп тилга олинмоқда. Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятидан йўлланаётган бундай шикоятларда газ бутунлай узилгани, электр токи эса 1 - 3 соатдан берилаётгани айтилмоқда. ZIMISTON-UZ блогига ёзинг: Ozodskype, @ozodlik, ozodlikmail@gmail.com, WhatsApp + 420 608 549 460


"-27 даража совуқда домда газссиз қолдик!"

Хоразм вилоятининг Урганч туманидан Озодликка мактуб ёзган ва бир неча фотосуратлар йўллаган назсиз-светсиз блогер ҳазилнамо савол ташлади.

Блоггернинг Урганч тумани Қоровул қишлоғидаги кўп қаватли уйида газ питага қўйилган чойнак 3 соатда қайнамоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати -27 даража бўлган совуқ кунларда кўпқаватли уй яшовчилари газсиз ўтирибди.

Уй бир тарафдан бетон бўлгани учун, иккинчи тарафдан эса кўп қаватли бўлгани учун қўшимча иситиш воситаларининг нафи тегмаяпти. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларга печ қуриш ҳам қийин ва ҳам хавфли, электр токи эса муттасил узилгани учун яширинча электр плиталаридан фойдаланганлар ҳам исинолмаяпти.

Қуйида унинг мактубини ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"Assalomu Alaykum ozodlik!!! Alisher aka Men Xorazm viloyati Urganch tumani Korovul qishlog'idanman mana viloyatimizda qahraton qish judayam sovuq biz DOMDA yashaymiz GAZ yooq Sovuq qotyapmiz yanvar oyidan beri GAZ yoq TUMAN GAZ idorasiga telefon qilsak bizning xabarimiz yooq deydii buni qanaqa tushunish mumkin....

-27 darajada DOMDA bitonda GAZ siz qoldik

Bizning qishloqda Gaz yoq Domda yashamaydigan odmlar qayerdandir GAZ tortirib qoyibdi pul yig'ishib 200 250 ming somdan har bir uydan, Ammo bizning Domda GAZ yoq BETON bolganligi uchun uyimiz ancha sovuuq GAZ boshqarmasi atayin GAZ bermayapdi, o'tgan oy Militsiya tayanch punkti hamda Tianrun boshqarmasi boshqa liniyaga otishdi, shunda GAZ 1 soat yaxshi boldida keyin o'ldi, shunda bilib qoldik bular atayin GAZ ni ilib qoyishganini!

Berishayotgan gazga suv 3 soatda qaynaydi Agarda gaz plitaning kozini olib qoysangiz Pech yoqib kunimizni korayapmiz bitta pech bitta xonani arang qizdiradi, chunisiga ham shukur qilib otiribmiz

Dardimizni aytdib qayerga borishni ham bilmay qoldik UMIDIMIZ OZODLIKDAN"
.


"Электр энергияни сотишади, камомадни халқдан ундиришади"

Қашқадараё вилоятининг Чироқчи туманидан боғланган блоггерлардан бири у яшаб турган ҳудуддаги вазиятга оид кузатувини батафсил ёзди.

Унинг ёзишича, туман марказидан 50-60 километр узоқликда жойлашган қишлоқларда электр токининг кунига 2 соатдан берилиши сўнгги икки йил ичида одат тусига кирган. Чироқчи тумани марказига яқин қишлоқларда эса электр токи суткасига 5-6 соатдан берилмоқда.

Блоггернинг ёзишича, маҳаллий аҳоли мутасадди идораларга кўп марта шикоят қилган, аммо ҳар гал шикоятчи "ё шантажчига, ё аризабозга чиқариб ёмон отлик қилинади".

Қуйида ушбу блоггер юборган кузатувларни ўзгаришсиз ўқишингиз мумкин:


"Чироқчи туман маразидан деярли 50-60 км узоқликда жойлашган қўшни Самирқанд вилоятининг Нуробод тумани даштликлари билан чегарадош Айритом, Пахталисой, Гулистон, Наймансарой, Хўжаобод, Қарғаоёқ, Ҳаччали, Шўрқудуқ, Араббанди қишлоғларига суткасига 1 соат, нари борса 2 соатдан злектр знергияси берила бошлаганига 2-3 йилдан ошиб қолди. Бу қишлоқларда яшовчилар билан суҳбатлашсангиз "свет, газ эсимиздан чиққай деб қолди" дейди.

Марказ атрофидаги қишлоқларга суткасига 5-6 соатдан свет берилади ҳар ҳолда. Марказдан узоқ "ўгай" қишлоқларга берилганда 1 соат, бўмаса ўшаяш йўқ. Ба'зида ҳафта ўн кунлаб ҳам электр энергия берилмайди.

Олдин шикоят қилиб кўрдик. Фойдаси бўлмади. Давлат ҳам ҳокимият ҳам бизни унутган. Одамларнинг ҳам ишончи сўнган. Ҳеч ким юқорироққа шикоят қилайлик деган гапни айтмайди.

- Ҳокимиятда мажлис бўлаётган эди,- дейди Алишер исмли фермер, - Бирдан свет учиб зал қоп-қоронғу бўлиб қолди. Ғала-ғавур бошланди. Ҳоким қўл телефонидан кимгадир дўқ қилди. Лекин мажлис сўнгигачаям свет ёнмади. Минбарга 2 та шам ёқиб қўйишди. Ҳоким ёқа олмаган светни оддий одам қандай ёқади.

Ахир одамлар ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишдан бутунлай маҳрум. Агар ҳақ талаб қилсанг ё шантажчига, ё аризабозга чиқариб ёмон отлик қилишади. Тўхмат уюштириб қамаб юборишади. Шунинг учун ҳамма кўр, ҳамма сақов.

Адолатсизлик қурбони бўлганинг етмагандай емаган сомсага пул тўлаганинг ортиқча.

Юқоридаги қишлоқлар аҳолисини свет билан та'минлашга мас'ул Кўкдала электр тармоқлар идораси мавжуд ҳар бир хонадонга ойига 100 кв соатдан электр энергиядан қарздорлик ёзиб борганлиги сабабли оддий исте'молчилар энг ками 500 минг сўмдан, кўпи 1млн 500 гача қарздор бўлиб турибди.

Шуниси ачинарлики бундай карздорлик бюджетдан маош олиб ойма ой тўлаб борадиган ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва пенсионерлар гарданига ҳам осиб қўйилган.

- Ҳўлу-қуруқни баровар ёқишган,- дейди 138-мактаб ўқитувчиларидан бири,- Электросетдагилар энергияни сотишади. Пора эвазига. Кейин камомадни ҳаммага баробар тақсимлаб юборишади. Кўкдала электросет энегияни кимга, қандай баҳоларда сотади, уни харидори кимлар?"



Аҳолига газни фақат баллонларда сотиш режаланмоқда

“Ўзтрансгаз” идорасига қарашли “Шимолгазтаъминот”, “Жанубгазтаъминот” ва “Водийгазтаъминот” унитар корхоналарининг баъзи ҳудудий бўлинмалари мутасаддилари келгуси қишда аҳолига аталган газни маиший газ баллонларда етказиш тизимига тўлиқ ўтишга ҳозирлик кўрилаётганини айтди.

- 55 литрлик газ баллонни 10 минг сўмга заправка қилиб берамиз. Эконом қилиб ишлатса, 2 ойга ҳам етади. Бунда аҳолида ортиқча қарз йиғилмайди, - деди “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий бўлимларидан бирида ишлайдиган ва исмини ошкор қилмаётганимиз мутасадди.

“Жанубгазтаъмнот” унитар корхонасининг ҳудудий бўлимларидан бир нечасига боғланган Озодлик мухбири деярли айни мазмундаги жавобни олди.

Озодликка боғланган Самарқанд вилоятининг “Ургуттумангаз” идораси собиқ ходими газни қувурда етказгандан кўра, баллонларда етказиш аҳолининг ўзи учун ҳам қулай, деган хулосасини таъкидлади.

- Пули бўлса ёқади газни, тушунаяпсизми? Шунинг учун, баллонларда тарқатилса, бизга ҳам осон, аҳолига ҳам, - дейди “Ургуттумангаз” идорасининг исмини ошкор қилмаётганимиз собиқ ходими.

Қуйида бу ходим билан газ таъминоти аҳволи ҳақида қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00
Бевосита линк


Республика бўйича ҳозир жами 170 минг 813 дона маиший газ баллонлари “Ўзтрансгаз"нинг унитар корхоналари ҳудудий бўлинмалари томонидан шартнома асосида аҳолига 5 йиллик муддатга ижрага берилган.

“Ургуттумангаз” идораси собиқ ходимидан олинган маълумотга кўра, қувурдан етиб борган газнинг бир куб метри 140 сўм.

- Газ баллондаги газнинг бир куб метри 180 сўмга тушади. Сал қиммат, лекин удобний. Пулизга қараб ёқасиз, қарз бўлмайсиз, - дея таъкидлади газ таъминотига масъул идора ходими.

Шунингдек, мутасаддилар маиший газ баллонларидаги газни уй-жойни иситиш учун эмас, балки емак пишириш учун ишлатишга мўлжалланганини ҳам таъкидламоқда. Яна бир эътирозли жиҳат бундай баллонлардан кўп қаватли уйларда фойдаланишнинг тақиқланганидир.


Бувайда электросеть: Биз предоплатани тўхтата олмаймиз!

"Фарғона вилояти электр тармоқлари" унитар корхонасининг Бувайда туманидаги филиали маъмурияти аҳолидан электр учун аввалдан ҳақ йиғиб олинишини тўхтатиш ҳаққига эга эмаслигини тан олди.

Ташкилот раҳбари Раҳмонали Мамасолиевнинг мухбир билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, унинг ташкилоти фақат электр токини сотишга масъул.

"Бизда предоплатани (Электр учун аввалдан йиғиб олинадиган ҳақ - Таҳр.) тўхтатишга ваколат йўқ. Уни ўша ҳақдор ишчига қайси ташкилот ойлик ёки пенсия бераётган бўлса, ўша ташкилотнинг ўзи ҳал қилади. Биз фақат электр токини сотадиган ташиклотмиз", деди Раҳмонали Мамасолиев.

Бувайда туманининг Қўнғирот қишлоқ фуқаролар йиғинидаги кексалар номидан боғланган ва ўзини шартли равишда Холисбек, деб номлаган тингловчи ҳақдор фуқаролар электр токи учун олдидан ҳақ олишни тўхтатиш ҳаракатида эканини айтди.

- Ҳозир бизнинг электросетдаги пулимиз 700 минг сўмдан ошиб кетган. Шунга мен предоплатани вақтинча тўхтатиб туринглар, десам: "Биз фақат қарзи бор деган қоғоз берамиз, предопталани тўхтат, деган қоғоз бермаймиз, деб сарсон қилаяпти булар, - дея норози бўлди бувайдалик Холисбек бува.

Давлат бюджетидан ойлик маош ва пенсия оладиганлар ҳақидан ойлик равишда 200 киловат электр токи учун олинаётган ҳақ, расмий маълумотларга кўра, туман, вилоят ва шаҳар молия бошқармалари ҳисобига тушмоқда.

Кейинги суршитирувларимизда бу маблағ борадиган манзилини суриштиришга уриниб кўрамиз.


"Президентга раҳмат, кислороддан қийналиб қолган жойимиз йўқ!"

Свет-газ муаммоси ҳақида муштарийлардан келаётган мактубларга муносабат билдирган муштарийлардан бири кинояли шарҳ қолдирди.

"... Президентимизга минг раҳмат, кислороддан қийналиб қолган жойимиз йўқ. Бунинг устига бемалол ҳожатхонага бориб келишимиз мумкин. Қорни дамлаб, ел чиқариб қўйган одамларни ҳам жазолаётганлари йўқ-ку.

Қишда газ ва свет бўлмаса нима қилибди, бутун оила пингвинлардек бир биримизга тиқилиб исиниб яшасак, меҳр оқибат кучаяди.Свет берилса одамлар интернетни қўшиб, кераксиз вебсайтларга киришади.

Ҳозир Хитой, Россия ва Афғонга газ ва свет сотайлик, тушган пулига ҳаммаларингга хўрозқанд олиб беришади.

Мазза қилиб, Хитой бартер қилиб жўнатадиган чўзма лағмонни еб, десертига хўрозқанд шимиб юрамиз. Президентимизга раҳмат ишқилиб, нафас олиб турибмиз бемалол
..."


"Совуқдан нобуд бўлаётганлар бор"

Муштарийлар Янги йил кечаси Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида электр токи узилмаганидан қувониб ёзаётган бир кезда газ таъминотидан мутлақо узилган, ўтин танқис ва қиммат бўлган қишлоқларда одамлар совуқ қотаётгани ҳақида битиклар ҳам келмоқда.


Бир муштарий қўшнисининг ёш боласи байрам арафаси нобуд бўлганидан куюниб ёзди.

Қуйида ўша мактубни ўзгаришсиз чоп қилаяпмиз:

" свет газ бу жудаям огир ахволда колдик бугун кошними бир боласи оламдан отди совугда совкатип олди

бу келажакимиз порлок дейди канака келажак бу светсиз газсиз хаёт качонгача бу келажак бу ахволда яшайди качонгача бу халк саб килади ахир биз хам бир марта дунёга келамиз бирмарта уламиз нега чидап отиришимиз керак

йок светга пулни оляптию бунака болаверса пичок киннидан чикади оксоколар борсак болди ёнади бороврилар деп олдап сулдап жонатади ёш болани алдагандай биз бу келажак фарзандларини ойлаймиз биздан кейн булар нима килади а бу юрт бошниям жони темирдан бу отиришда нали кслоротга хам пул олади эй халким козини оч..."



"Ўзим АҚШдаман, кўнглим Чироқчидадир"

Озодликка АҚШдан боғланган тингловчи Чироқчида яшаётган кекса ота-онаси электр токи узилишидан қийналиб куч кечираётганидан хавотирда эканини ёзди.

У Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, агар бу муаммони ҳал қилишнинг йўлини топмаётган бўлса, имконни ёшларга берсин, деб хитоб қилди.


"Assalomu aliykum hurmatli Ozodlik radiosi ijodkorlari! Ismim Shuhrat. Hozirda USA da yashiyman. Ota- onam Chiroqchi tumanidalar! Aytishlaricha 1 kunga 1 soat elektr berilar ekan! Faraz qilyapsizlarmi?! Yosh farzandi bor oilalar qanday qilib yashaydi?

Qishning sovuq kunlarini esga oling azizlar !!! UZB barcha qishloqlarida elektr toki yuq! Qanaqa noinsoflik bu?? Nima un qushni davlatlar elektr eksport qilasanlar?? Nima un Xitoy bilan gaz eksportiga shartnoma qilyapsan? Qanaqa rivojlanishni kuzda tutyapsanlar?

Senlarga xalq uyinchoqmidi?? Mana bu kallang yetishmasa biz yoshlarga bergin davlat boshqaruvini?? Uzbekistonni eng sara yosh avlodlari mana shu 2 yil ichida qanaqa muammodan chiqib ketganini isbotlarim bilan qilib beraman !

Qanchadan qancha yosh istedodli kursdoshlarim , uzim ham boshqa yurtlarda yuribmiz!h "propusk " haqidagi qonuning orqali!! Qachom tuzalasan Uzbegim 😥😥😥😥😥!!!

Gaz bilan elektr va maoshini vaqtida ber xalqimni!!! Vatanimni haqiqiy farzandiman! Ammo yiglagim keladi!
"


Электросеть: Янги йилга аҳолига 24 соат ток бериш топширилган!

“Бу йил Янги йил байрами кечаси – 31 декабрь куни электр токи узилмайдими?” дейилган саволга жавобан Ўзбекистон Электр тармоқлари унитар корхонасининг баъзи ҳудудий бўлимларидан “Худо хоҳласа, узилмайди”, дейилган умумий жавоб олинди.

“31 числонинг ўзига берилсин, дейилган. Агар қурилмалар бузилмай ишлаб турса, байрамга полний свет оласизлар опа!” деди мижоз тариқасида боғланган мухбирга электр тармоқлари Данғара тумани бўлими ходими.

Фарғона вилоятидаги яна бир неча электросеть идорасидан олинган маълумотга кўра, электр токи билан узлуксиз таъминлансин, мазмунида маҳаллий ҳокимликлардан берилган топшириқда фақат Янги йил байрами куни – 31 декабрь назарда тутилмоқда.

“1 январни энди биз билмадик опа, агар ток у ёқдан келиб турса, бераверамизда биз. Бу бизнинг қўлимизда эмаску”, деди жумладан Данғара электр тармоқлари идораси ходими.

Тошкент вилояти ва шаҳридаги электросеть идорасидан олинган маълумотларга кўра, 31 декабрь ва 1 январь кунлари чироқ ўчмайди.

Шу тариқа, турли вилоятларда электр токи таъминотига масъул бўлган идоралар ўз мижозларини янги йил кечаси ток берамиз, деб ишонтиришга уриняпти.


"Газ келди, жуда баланд эмас, аммо яшаса бўлади!"

Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги Арабхона қишлоғига газ берила бошлади.

Арабхоналиклардан бирининг Озодликка хабар қилишича, қишлоқ оқсоқолларининг “Бухоротумангаз” идорасига мурожаати жавобсиз қолдирилгани ва улар прокуратурага арз қилишга ҳаракатланиб тургани ҳақида Озодликка чиқиш қилганидан бир кун ўтиб, газ берила бошлаган.

22 декабрь куни арабхоналик тингловчидан олинган маълумотга кўра, кексаларнинг Бухоро туман прокуратурасига боришига ҳозирча зарурат йўқ.

рзимиз Озодликда чиққанидан бирлан газ беришни бошлади, ҳамма ҳурсанд", деб хабар қилди арабхоналиклар номидан Озодликка боғланган тингловчи.

Унинг хабар қилишича, бу масала ахборот воситаси орқали ёритилгач, туман газ идораси вакиллари Арабхона қишлоғига борган ва уйда ўтирган аёлларни маҳалла фуқаролар йиғини идорасига жамлаб, йиғилиш ўтказган.

Унинг хабаридан яна бир парчани ўқинг:

Мана газ бердик, лекин янги йилдан кейин яна 2-3 кун газ бўлмаслиги мумкин. Дарров арз қилиб, бирор идорага югуриб борманглар! Сабр қилинглар, биз барибир сизларга газ берамиз, газсиз қўймаймиз, дейишипти. Лекин, газ линиясидан узилган хонадонларнинг бўйнига илинган қарз ҳақида индашмапти. Лекин унақа тўлангларчи тўланглар, деб уйма-уй юришниям тўхтатишган. Қарз масаласи очиқ турибди” деб хабар қилди арабхоналик тингловчи.

17 декабрь куни ушбу қишлоқ оқсоқоллари номидан Озодликка мурожаат бўлган эди. Унда арабхоналиклар газдан сунъий равишда қарздор қилиняпмиз, деб шикоят қилган эди.

Аммо, расман қарзи йўқлиги ҳақида «Бухоротумангаз» идорасидан олинган маълумотнома асосида уйини табиий газ келадиган линиядан уздириб ташлаган оилалар зиммасига юкланган сохта қарз масаласи арабхоналикларни ўйлантириб турибди.

«Агар яна тўлайсизлар, деб қисталанг қилишса, унда барибир прокуратурага борамиз, қаерга бориш керак бўлса, борамиз дейишаяпти чоллар» деди арабхоналик тингловчи.

Озодлик бу вазиятни кузатишда давом этади.


"Газ қувурни ёзда кесдирганмиз, лекин ҳалиям пулини тўлаяпмиз"

Бухоро туманидаги Арабхона қишлоғида газ қувуридан узилган хонадонларнинг яна қарздорга чиқарилаётгани ҳақидаги шикоят ортидан ўтказганимиз кичиккина суриштирув натижасини эълон қилганимиздан кейин Озодликка бу мавзуда мактублар кела бошлади.

Улардан бирида айни манзара Самарқанднинг Тойлоқ туманидаги Боғизоғон ва Талли ота қишлоғида кузатилаётгани айтилди.

Қуйида ўша мактубни ўзгаришсиз чоп қилаяпмиз:

"Salom, ozodlik radiosi xodimlari, men bugungi hokoya, Buxoro qishlogidagi, gaz quvurlarini uzib tashlangan hikoyasini o'qib , axir bu holat hamma joyga bir xilku deb, xayolimdan o'tkazdim,

xuddi shu holat, Samarqand shahri Tayloq tumani Bogizogon - Talli Ota qishloqlaridagi gaz quvurlarini yozda kesib tashlashgan edi, mana 6-7 oydan buyon bu qishloqlarda umuman gaz yo'q, lekin qariyalar pensiyasidan gazdan qarzingiz bor deb olib qolishayabdi.

Svet ham xuddi shu ahvol, kunduzi bir soat berishadi, kechasi bn svet yo'q, lekin har oy Svet narxini pensiyalardan yoki oyliklardan ushlab qolishadi,agar biror kishi ma'raka qilsa, Bogizogon qishlogidagi elektrosetga borib ozgina pora berib kelishadi, o'shanda 2-3 soat Svet beriladi.

Bu qishloqlardagi qariyalar juda qiynalib qolishgan, dardingizni kimga aytishi bilmaysiz ekan, hamma shu hayotga o'rganib qolgan, hozzir hamma ko'mir olib, ko'mirga moslashgan pechkalar sotib olishayabdi/

O'tgan yili, Bogizogon qishlogida bir oila ko'mir zahridan zaharlanib oilasidan bir kechaga 3- kishi o'lgan chunki ko'mirlarni ichidan allam balolar chiqayapti, toshlari juda ko'p, yaxshi yonmaydi, yonishdan oldin rosa tutaydi, bir moshin o'tinni narxi 2- Millionga chiqqan, dard juda og'ir, bu holatlar qadim zammoni eslatadi, dardimizni kimga aytaylik?

Salom bilan nomalum muxlisingiz, iltimos meni Email adresimni hech kimga bermaysiz degan umiddaman..."



Zimiston-uz суриштируви: "Бухоротумангаз"га мурожаат

Бухоро вилояти, Бухоро туманининг Арабхона қишлоғи аҳолиси номидан бир тингловчи Озодликка мурожаат қилди. Унинг айтишича, Бухоро туманида газ етказиб бераётган трубалардан узилган хонадонлар ҳам газдан қарздорга чиқарилмоқда.

- Газдан кесдириш учун қарзи йўқ, деган справкани топширасиз. Шуни топшириб, уздирганимиздан кейин яна бизга қарз келаяпти – 2 ярим миллион қарзингиз бор, деган. Бу қарз қаердан пайдо бўлди? – дея савол билан юзланди тингловчи.

Озодлик бу мурожаат ортидан Бухоро туманидаги мутсадди идорага боғланди.

“Бухоротумангаз” идораси раҳбари Муқим Ҳамроевга арабхоналиклар берган телефон рақами орқали боғланган Озодлик мухбири амалдордан саволларига жавоб ололмади.

Сўнгра Озодлик мухбири таҳририятга боғланган тингловчилардан бирнинг номидан – мижоз тариқасида “Бухоротумангаз” идорасига яна боғланди.

Идоранинг телефонини кўтарган ходима “мижоз”нинг саволларига хушмуомалалик билан жавоб берди.

“Мижоз”: Энди қаранг опа, шу ишни биз октябрь ойида қилган эдик. Қарзи йўқ, деган маълумотномани берган эдик, газдан узилган эдик. Лекин ҳозир яна қарз келаяпти – 2 миллиондан ошиқ қарз?

“Бухоротумангаз” ходими: Ҳай, унда идорага келинг, бир келингчи унда. Келинг идорага, ҳозир келинг документларингиз билан. Қани кўрамиз, келинг, - деди “Бухоротумангаз” идорасининг ўзини таништирмаган ходими.

“Мижоз” тариқасида Озодлик мухбирининг туман газ идорасидан олган бу жавоби арабхоналикларни қониқтирмади. Зеро, улар бу идоранинг эшигини кўп бора қоққан.

Шундан сўнг Озодлик Бухоро тумани прокуратурасига ҳам боғланди.

- Аризани қабул қилиб оламиз ва у қонунда белгиланган муддатда, албатта кўриб чиқилади. Арабхонаданми шикоят, мана келсин бизга кўриб чиқамиз, - деди Бухоро тумани прокуратураси ходими.

Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибга мувофиқ, 16 декабрь куни туман газ идорасидан арзи қабул қилинмай, чиқариб юборилган фуқаролар туман прокуратурасига ариза киритиши мумкин.

Ариза расман қабул қилинганидан кейин 10 иш куни – икки ҳафта ичида бу идорадан аризага нисбатан кўрилаётган чора ҳақида расмий маълумот берилиши лозим.

Қуйида эса ўзи ва қўшнилари зиммасига ёзилган 1 миллиондан 3 миллион сўмгача илинган қарздан қутулолмай сарсон бўлаётган тингловчи билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00
Бевосита линк


"Ҳоким кўпроқ кўмир ғамлашни тавсия қиляпти"

Самарқанд шаҳри марказида яшашини билдирган муштарий шаҳар ҳокимининг маҳаллий телевидениеда чиқиш қилиб, аҳолига кўпроқ кўмир ғамлашни тавсия қилаётганини хабар қилди.

Муштарийнинг ёзишича, шаҳарнинг халқ тилида "Президент дачаси", деб аталадиган қисмида ҳам газ-свет йўқ.

Қуйида унинг мактуби ўзгаришсиз олинган парчани ўқинг:

"Avvalambor Assalomu Aleykum! Men Samarkandan Akmal Bo'laman. Men Svet va Gaz masalasida yozmoqchi edim, zora yordam bersanglar.

Biz Samarkand Shahrininig qoq o`rtasida yashaymiz, aniqroq qilib aytganda Prezident dachasi deb ataladigan joy yaqinida ruschasiga ''ДОМ ПРИЕМОВ'' qurilayotgan joyda.

Ko'chamizning nomi ""MUKIMIY" Xo`ja Axror Valiy mahallasida. ""VOENNI KAFEDRA"" degan joyda mana 5-6 yilki qishda na Gaz bor na Svet toza jonga tegdi.

Svet o`chgani o`chgan - Gaz haqida Umuman gapirmasayam bo`ladi. 21 asrda shunaqa axvol.. Odamlar, Yosh Bolalar, Keksalar toza azob chekyapti. Shu xatimni chop etsalaring zora biron narsa o`zgarsa.

Nega Hokimni uyida Gaz, Svet Bo`lishi keraku oddiy aholiga na unisi na bunisi bor.

Bu faqat bizning ko`chamizda emas balki azim Samarqandning istalgan joyida bu muammo. Boshqa davlatlarda shunaqa muammo bo'lsa Hokim ishdan ketadi bizda esa hokim ZOIR MIRZAEV ''STV'' da chiqib Gaz bo`lmaydi ko`mir sotib olsin aholi deydi - bu 21 asrda e uyat e.

Shu Hokim uyida o`zi Ko'mir sotib olarmikin a????? Bizni elekt stansiyaga 50 yildan ko'p bo'lgan.. qishda portlagani portlagan-eskida quvvati etmaydi. Yana Sovet tuzumini yomonlaydi bular. Teskarisini ko`rsatchinchi.... Shu uchun men shu xatimni chop etish laringni so`ramoqchi edim.

ILTIMOS YORDAM BERINGLAR!!!!!!!!!"



"ГЭС қурилаяпти, лекин ток етмаяпти, барака топгурлар!"

Озодлик муштарийси Ўзбекистон президентини қувватлаб муносабат билдирди:

"... Инсоф учун ёзаман: аслида президент янги ГЭС блокларини қуришни, қувватини кучайтиришни аллақачон бошлаб юборган. Бир нечта ГЭСлар токи кўпайтирилди, янги блоклар қурилди, қуриляпти, ишлаяпти, аммо шуям етмаяпти. Хеч бўлмаса завод корхоналар ишлаб турсин, тирикчилик тўхтамасин, деб мажбур хонадонлардан узиб, шуларга беряпти.

Лекин сиз айтганингиздек, муаммонинг илдизи ўз нафсини хамма нарсадан устун қўйиб, беш бармоғини оғзига тиққан одамлар. Нега хамма рахбарлар хапуга? Чунки улар тепага узатмаса, ишлашга қўйилмайди. Бу факт. Бу мустахкам система. Бу система муаллифи ёки координатори шахсан Додани ўзлари. Буни армия ҳам буза олмайди, чунки армия генераллари ҳам доляда.

Мана Хитойда бир неча минг доллардан кўпроқ пора олганларга отув хукми берилади. Лекин порахўрлик кўпайса кўпайяптики камаймаяпти. Нега? Чунки инсон нафсини ўзи чеклашни хохламаса, уни хеч қандай қонун, кодекс чеклай олмайди.

Мана СССР хам инсон нафсини расман чекламоқчи бўлди, лекин инсонга нафсини ўз ихтиёри билан чеклаш учун стимул кўрсата олмади. Натижада СССР давлат рахбарларининг ўзи "етар шунча нафсни чеклаш, биз хам одамга ўхшаб яшайлик" деб империяни тугатиб қўя қолишди..."



"Норозилар талабидан сўнг сохта қарздорлик тугатилди"

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан ёзган муштарий қарздорга чиқарилган хонадонлар аслида ортиғи билан ҳақ тўлагани расман тан олинганини ёзди.

Аввалига уйма-уй юрган махсус гуруҳ баъзи хонадонларни қарздор, деб электр токини узиб кетган. Аммо, норозилар маҳаллий Электр тармоқлари идорасига бориб ҳаққини талаб қилгач, идора қарздорлик сохта эканини тан олишга мажбур бўлган.

Қуйида унинг мактуби ўзгаришсиз олинган парчани ўқинг:

"...Ассалому алайкум Озодлик. Мен Сурхондарё вилояти Жаркургон тумани
Алишер Навои ж/хда истикомат киламан. Зимистон Узбекистон лойихаси
буйича хат йуллаяпман. Бизни кишлокда 1суткада 6 соатгина чирок
булади. Эрталаб 2 соат кечкурун 4 соат.

Буям етмагандай тунов куни электросетдан келиб кишлокдаги купгина уйларни электрдан карздорсизлар деб базиларни уйини электр токидан узиб кетди. Аммо кушнилар бн электросетга борганимизда аксинча ошиги бн туланганини гувохи булдик",
деб ёзди жарқўрғонлик манба.

Озодлик айни дамда Жарқўрғон тумани электр тармоқлари идорасидан сохта қарздорлик масаласи нима билан якун топганини аниқлашга уринмоқда. Тез орада натижадан сизни хабардор қилиш ниятидамиз.

Қуйида эса жарқўрғонлик тингловчи тилга олган "Яна бир муаммо" билан ҳам танишинг:

"... Бизни махалла когозда газлаштирилган. Лекин амалда махаллада 7 йилдан бери газ йук. Хатто газ балонни тулдириб келишниям йулга куймаган.

Махалла раиси А.А., собик туман хокими Н.Ш.лар уз уйигача газлаштириб оган. Коганлар газ нималигиниям унутиб юборган. Махалла раиси оч кузлигидан хатто махалла идораси жойлашган ерни хам пуллаб юборди. Илтимос агар мени хатимни сайтга жойлаштирсаларингиз исм фамилямни очикламанг."



"Уйида гази йўқ чустликлар ҳаммомга борсин!"

Озодлик радиосига Наманган вилоятининг Чуст шаҳридан мактуб ёзган муштарий маҳаллий мутасаддилари пора берганнинг газини узмаётганидан шикоят қилди.

Унинг ёзишича, ҳатто маҳаллий ҳаммомда газ бор, аммо аҳоли хонадонларида йўқ.

Қуйида унинг мактуби ўзгаришсиз чоп этилмоқда:

"... Ассалому аллайкум озодлик радиёси, хозирча исмим сир,мен наманган вилояти "чуст"шахриданман, 3 кун олдин хам сизларга купчилик номидан мактуб йуллагандим.

Яна сизларга мактуб йуллаябман, яна уша газ масаласи мен чуст шахар "сабзазор" м/х.янги ер кучасида яшайман, утган гал ёзганимда, газ запрафка, баня,чойхона, ресторн, ошхона нонвойхона, в.казоларда газ бор ахолида газ йук, дегандим.

Олдимизда богишамол баняси бор, призидентни карори буйича 1чи октябрдан 1чи апрелгача уларнинг гази узилсин факат ахолига берилсин деган фармони бор. Бизда уни акси райгаз ходимлари улар б-н келишиб факат газни уларга берияпди, баняни канализация суви кучага окиб сасиб ётибди.

Энди йук газга райгаз ходимлари уйма уй ойига 150 минг 3ойга 450 минг пул топиб берасан деб мажбурлаяпди. Агар хозир топиб бермасанг газингни умуман узуб ташаймиз дияпди.

Мен детсатда ишлайман,ойлигим пластик картамга тушади пул тушса емасамам ичмасагам, киймасагам уч ой киш, болаларим совукда касал булмаса булди десам, йук пластик утмиди накд пул топиб берасан диб кийнаяпти. Манда накд пул йук. Нима килайлик, угирлик килсак камаб куйишса, виждонимиз кабул килмайди.

Фукоролар йигинига борсак газ балон бермаяпти,уям хавли нечта жойда портлаб кетяпти,утган йил хаммани алдаб пулни йигиштириб олиб умумий кувватга уланинглар газ булади деб 3 кун озгина газ бериб яна герпемиздан газни бекитиб баня, чойхона, ошхоналарга берди.

Пластикка утин ё кумир ёки газ бермаса нима килишимиз керак! Пластикдан пул олса уни давлатга тулаши керак, накд пул булса уни киссага уради, кишда баня, ошхона, чойхона хеч кимга керак эмас. Газ булса уйда овкатланиб, баня килса, чойхонани овкатини уйда бола чака билан бахам курганга нима етсин:

газ булса хам ёритади хам иситади: бизда фукоролар йигиниям, бошкасиям порахур булиб кетган 1та спрафка ёзиб берсаям 1000 сум бер деб туради; охирги умидимиз силардан ёрдам беринглар
😪😪😪😪😥😥😥😰😰😰"


"Пластик счётчик токни кам ўтказяпти-ёв!.."

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан боғланган тингловчи яқинда уйига 230 минг сўмлик пластик электр ҳисоблагич ўрнатганини айтди.

Унинг гумон қилишича, янги счётчиклар уйга камроқ ток ўтказмоқда. Зимистонда яшашдан тамомила безган бу тингловчи ҳамқишлоқлари билан ҳар турли шубҳаю гумонларда яшашга маҳкум қолганидан нолиди.

Қуйида у киши билан қурилган суҳбатни тингланг.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:49 0:00
Бевосита линк



"Ўлимдан ва... электр тўловидан қочиб қутулиб бўлмайди"

Ўзбекистонда электр энергияси ишлатилишини назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этиляпти. Автоматлаштирилган тизим “Ҳисобли дўст айрилмас” қоидаси бўйича ишлайди. Яъни, электр энергияси учун олдиндан бўнак тўланади. Электр ҳақи аввалдан тўланмаса, шам нурига қаноат қилишга тўғри келади. Қоидаси шунақа.

Масалан, мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман. Хўжалик юритувчи субъект сифатида бир ойда сарф бўладиган электр энергиясининг 50 фоизи миқдорида аввалдан ҳақ тўлашим керак. Бўнак тўланмас экан, энергия корхонаси электр бермайди, демакки, цехдаги ишлаб чиқариш ҳам қоққан қозиқдек жойида тураверади.

Қизиқ, “Ўзбекэнерго” компанияси нуқул пул ундириш ҳақида ўйлайди. Қарзларни қайтариш деса, қамишдан бел боғлаб, ишга киришиб кетишади. Бу ишга ҳаммаёққа балогардон ўқитувчию тиббиётчилар ҳам жалб этилади. Қани энди электр энергияси тарқатишга масъул компания хизмат сифатини ошириш, узилишларни бартараф қилишга ҳам шундай ғайрат билан киришса! Вилоятларни айтмай – у ерларда электр энергияси нақ анқонинг уруғи бўлиб қолган. Шу кунларда Тошкентнинг ўзида ҳам – Чилонзор, Сергели, Олмазор, Бектемир туманларида электр энергиясини бир неча соатга узиб қўйиш одатга айланяпти.

Электр энергияси корхонаси мижозлар билан тузган шартномада электр энергиясини узлуксиз таъминлаш мажбуриятини олган. Ўз навбатида, мижозлар ўз вақтида хизмат ҳақини тўлаши зарур. Аммо электр узилишлари сурункали тусга кирган бир пайтда электр корхоналари қарзлар ҳақида бонг уради-ю, хизмат сифати ҳақида лом-мим демайди. Ҳадеб, қарзлардан гап очавермай, электр таъминотидаги ноқисликларни бартараф қилиш ҳақида ҳам ўйлашсин, ахир!

Қаердадир ўқигандим, америкаликларда “Ўлимдан ва солиқлардан қочиб қутулиб бўлмайди” деган мазмунда гап бор экан. Қўйиб берсангиз, бургани ҳам тақалайдиган океанортиликлар бекорга бундай демаган. Бу нақлга озроқ таҳрир киритиб, қочиб қутулиб бўлмайдиган таъқибчилар орасига электр энергияси тўловини ҳам қўшиб қўйсак, олижаноб ва ҳозиржавоб америкаликлар ёқамиздан олмаса керак.

“Ўзбекэнерго” компанияси мижози

"Электросетга эътироз йўқ, эътироз Райгазга"

Озодликка Тошкент вилоятининг Пискент туманидан мактуб ёзган ва ўзини Дилшод Деҳқонов, деб таништирган муштарий у яшаб турган ҳудудда чироқ кунига 1-2 соатгагина узилишини айтди.

Ваҳоланки, бугун Озодликка келаётган мактуб ва хабарларнинг аксариятида чироқ атига 1-2 соат, узоғи билан 4-6 соат берилиши ҳақида шикоят кузатилади.

Аммо, Дилшоднинг ёзишича, улар яшаётган ҳудудда газ йўқ.

Қуйида унинг мактуби ўзгаришсиз чоп этилмоқда:

"... Assalomu Aleykum! Men Dehqonov Dilshod Toshkent viloyati, Piskent tumanidanman. Bizda kun sovudi, deguncha, gaz bosimi keskin tushib ketadi. Har yili 3-4 atmosfera bosimida keladigan gaz bu yil, ayni paytda 0,6-0,9 atmosferaga tushib ketgan. Qonunga muvofiq qishki mavsum paytida tumanga 12 atmosfera bosimida gaz berilishi kerak. (raygaz boshlig'i ma'lumoti bo'yicha)", деб ёзди Дилшод.

Унинг ёзишича, аслида ёз ойларида Пискентда номига бўлса-да, газ берилган. Октябрь ойининг биринчи ярмидан сўнг тамомила узилган.

"... Oktyabr oyining birinchi yarmida o'chgan gaz, hali-hanuz yo'q. Yanayam baxtimizga svet bor uylarga tok pechkalar o'rnatib olganmiz. Elektrosetdagilarga ming rahmat! Tok bo'yicha uzilish deyarli bo'lmaydi, ochsa ham - kunduzi 1-2 soatga, o'shanda ham 3-4 kunda bir marta o'chadi. Ularga hech qanday e'tirozimiz yo'q, sog' bo'lishsin!", деб ёзди Дилшод.

Унинг ёзишича, у яшаётган маҳаллада кеч куздан то ёзга қадар газ берилмайди.

"... O'zi 10 yilda raygazda o'nta boshliq almashgan bo'lsa, o'ntasiyam 10 yildan beri bir xil vadani berib keladi. Mahallamizdagi hamma xonadon egalari gaz liniyasini ariza bilan uzdirib tashlagan. Bo'lmasa, gaz hisoblagichi bo'lishiga qaramay quvvat bo'yicha qarz qo'yib yuborarkan. (Qiziq xolat, hisoblagich bo'la turib, quvvat bo'yicha qarz qo'ysa, unda gaz hisoblagichi nega o'rnatilgan?!)" дея савол ташлади муштарий.

Шундай бўлса-да, аксар маҳалладошларининг газдан қарзи бор экан.

"... Yana "o'lganni ustiga tepgan" deganday, tumandagi har bir xonadon "yelkasi" ga yo'q qarzlani ilib qo'ygan. Har bir xonadonni 300 mingdan 3 milliongacha "qarzi" bor. Raygazga borib qarz qayerdan kelganini surishtirsak, tayinli javob topib berolmaydi. "Yillik to'lovingiz kam", deydi. Oktyabrdan to mart oyi oxirigacha gaz bo'lmagandan keyin, qanaqasiga yillik to'lov ko'p bo'lishi kerak?! Yozda faqat choy qaynatishu, ovqat pishirish uchun gaz yoqilsa?!" дея яна савол ташлади Дилшод.

Бу саволларга муштарийнинг ўзи ҳам жавоб топишга уриниб кўрган.

"... Keyinchalik raygazda masul ishda ishlaydigan ayrim tanishlarimizning bildirishicha, tumandagi g'isht zavodlarining o'g'rincha (hisoblagichdan tashqari) ishlatgan gazi tufayli yuzaga kelgan qarzdorlikni yopish tufayli qarzni xonadonlarga sochib yuborilgan ekan! Har xolda raygaz uchun egasiz qarzdorlikdan egali qarzdorlik ma'qulda. Hozir bu egasiz qarzdorlikning sababini tumanimizdagi yoshdan tortib qari odamgacha biladi. Bu borada obl.gazga murojaat qilganimizda, ular raygazni tarafini olishdi. (Qarg'a qarg'ani ko'zini cho'qimiydida") Ayrimlar qo'rqib, yoki omiligidan yo'q qarzlarini to'lashmoqda. Sizlardan ko'pchilik nomidan iltimos qilamiz, shu masalani xal qilib bersangiz..." деб ёзди пискентлик муштарий.

Озодлик тез орада бу саволларга Пискент тумани аҳолисини газ билан таъминлашга масъул идоралар ва экспертлардан жавоб олишга ҳаракат қилади.


"Депутат ўрни учун номига бўлсин рақобат бор, фойдаланинг!"

Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячиси Комилжон Ашуров Ўзбекистон аҳолисини свет ва газ билан таъминлашни талаб қилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари номига очиқ хат йўллади.

Сўнгги бир неча йилдан бери мамлакат президенти, бош вазири ва ҳокимларига мактуб ёзиб чарчаган самарқандликлар бу йил ҳуқуқ фаоли етакчилигида депутатларга юзланди.


Шунингдек, улар бу гал очиқ хат билан мурожаат қилишга қарор қилдилар ва депутатларга йўлланган хатнинг бир нусхасини интернет ахборот воситалари, жумладан, Uznews сайти орқали жамоачтиликка ҳам эълон қилдилар.

Ҳадемай (2014 йил, декабрь ойида - Таҳр.) Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлишини эслатган фаол буни халқнинг ўзи сайлаб қўйган ва келгусида сайлаши мумкин бўлган депутатларга юзланишнинг бир имкони, деб баҳоламоқда.

Гарчи халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистондаги сайловлар йиллар давомида очиқ ва холис эмас, деб танқид қилиб келинаётган бўлса-да, туман, шаҳар ва вилоят кенгашларига сайланаётган депутатлар орасида озми-кўпми рақобат кузатилади.

Комилжон Ашуров, жилла қурса, шу жиҳатдан светсиз-газсиз зулматда ўтирган сайловчилар ўз депутатларига шарт қўйиш имконидан фойдаланар, деган фикрда.

Ўз мурожаатида бу фаол Ўзбекистон президентига 2014 йилни "Республика аҳолисини табиий газ (иссиқлик) ва электр қуввати билан таъминлаш йили", деб аташни ҳам таклиф қилиб ўтган.

Дарвоқе, айни мазмундаги таклиф шу кунларда ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларнинг аксарияти, айниқса Twitter тармоғида фаол муҳокама қилинмоқда.

Қуйида фаол билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:07 0:00
Бевосита линк


"Оз бўлсада газ бўлсин, ёритадиям-иситадиям"

Сирдарёнинг Мирзаобод туманидан ёзган муштарий электр токи узилса, уйида газ ёна бошлаши ҳақида ёзди.

Унинг айтишича, маҳалласида аксар хонадонлар трубадан газни тортиб олувчи қурилмаларни ўрнатиб олган. Бу қурилмалар свет ўчиши билан ўчади ва натижада ҳаммага оз-оздан бўлса-да, табиий газ боради.

Қуйида унинг мактубини ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"... Men Mullajonov Mirjalol Sirdaryo Viloyati Mirzaobod tumani Oq-Oltin Q.F.Y ga qarashli 1-mayda (hozirgi nomi ''Oydin'' mahallasi) da yashayman. Ozodliknin Özbekiston böyicha gaz svet muamollarini yoritib boretkaniga menham bugun yozishga qaror qildim.

Bizda svet unchali yomonmas lekin baribir tez tez öchadi. A gazga kelsak odamlar svet öchishini kutadi chunki svet öchsa odamlar ulagan gaz tortaydgan matorlar ishlamidi a qolgan uylarga ozgina bölsada gaz keladi.

Bizda gazchilarni puli borlar og'zini moylab qöygan matorlarni bemalol yoqovradi. Lekin foydasi yöq chunki gaz bölmasa baribir yonmidi. Mahallamiz erkaklari 1xaftacha xashar qilib gaz turbalarini tozaladik baribir gaz yöq.

Yana mahhalamiz faollari samarqandagi ayollar chiqiwini ewitib wunde chiqiwga xarakat qiliwyaptikan agar gaz svet muammosi hal bölmasa..."


Озодлик Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари 5 ноябрь куни газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсгани ҳақида хабар қилганди.


"Каттақўрғонда 5 суткадан буён свет йўқ"

ZIMISTON-UZ блогига ёзган самарқандлик муштарий Каттақўрғон шаҳридаги маҳаллалардан бирида баллонга қуйилган газ портлаб, уч киши куйгани, бири вафот этгани ҳақида ёзди.

Бу муштарий Каттақўрғон шаҳрида беш суткадан буён электр токи берилмаяпти, деб нолиди.

Қуйида мактубни ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"Ушбу хатимни Москвадан йзяпман. Исмим Феруза.Самарканд вилояти катта-кургон шахриданман. Уйга беш кундан бери телефон килолмадим. Сабаби телефонни заряди йук, беш суткадан бери Электр йук. Газнику аллакачонлар унутганмиз.

Электросетьга боришса сизларга карашли электрик участкага чикиб кетган, катталар мажлисда деб жавоб беришибди.уйда кари кайнонам ва икки кизим бор.Газ йуклигидан балон газ йокишади. Униям тулдириш бир машоккат.

Балон газ хавфли. маххалламизда уч киши балондан куйиб бир келинчак дунйодан утди. Уларни куриб куркиб газбалон хам ишлатмаяпмиз дедилар.

Сизлардан илтимос катта-кургон шахар Ок-олтин махалласи билан хам кизиксангизлар. Газни светни пулини хар ой пенсиядан хисоблаб олишяптику . Хеч булмаса йош болали ва кариялари бор хонадонларга озрок йордам беришса. Олдиндан сизларга катта рахмат"



Бугунги авлод трубадан иссиқ сув келишини эслолмайдиган бўлди

Ўзини самарқандлик Ражаббой Тожиев, деб таништирган яна бир муштарий у яшаб турган ҳудуддаги аҳоли трубадан иссиқ сув келишини унутганидан гап очди.


Қуйида унинг мактубини ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"асалом алайкум озодлик радиоси ман Самаркандлик Ражаббой Тоджиев буламан бир нарса мани кийнади эшитган булсангиз керак Самаркандда БАМ деган жой бор, супер кургон ман уша ерданман

мана неча йилдирки на свет на газ бор иссик сувди гапирмасаям булади бизлар зурга эслаймиз биздан кейинги авлод эсламайдиям иссик сув трубада келишиниям

хеч бумаганда шу газ билан светни ёнип туришига ёрдамлашингизар илтимос сизлардан ахир хозир 21 чи асирда яшаяпмизку олдиндан рахмат!!!!!"



Норозилик билдирилгач, Элликқалъада ҳам чироқ ўчиши камайди

ZIMISTON-UZ блогида Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидан йўлланган мактуб чоп этилган эди.

Унда туманда бир суткада 2 соатгина электр токи берилаётгани, газ эса умуман узилгани айтилган эди. Мактубни хориждан йўллаган блоггер 7 ойлик боласи хасталаниб, шифохонага борганида, у ерда ҳам свет йўқлигига гувоҳ бўлганини билдирган эди.

Ўша мактуб чоп этилганидан бироз ўтиб, ушбу блоггердан яна бир мактуб келди ва унда туманда чироқ узилиши камайгани, кунига 5-6 соатдан ток берилаётгани айтилди.

Қуйида мактубни ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"... Man suradim oqsoqolni chaqirgan agar yana shunaqa jaloba tushsa sani teritoriyangdan qamalip ketasan diyilgan.svet oldingidan yaxshi diyishdi. sutkasiga 5, 6 soat yonarkan xozir.oldin 2 soat boganakan.

gazni xidiyam yo'q.bizagacha kemidi.gaz torttiradigan aparat qoyvolishgan bizadan oldingilar.xamma torttiradi gazni Yaxwilanibdi.raxmat foydela katta tegdi.qancha odamdan savob oldingla.katta raxmat..."



"Косонсойдаги товуқхона, иссиқхоналарда свет-газ бор..."

Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги тингловчидан келган мактубда аҳоли светсиз-газсиз қийналаётган бир пайтда маҳаллий тадбиркорлар электр токи ёруғи ва иссиғидан фойдаланиб, иссиқхоналарни юргизаётганидан норозилик акс этди.

Қуйида мактубни ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"... Bizni qishloqda bir sutkada yoqilgan elektr to'kini xisoblasang arang 1soatga yetadi...jiyanlarim kechalari shamda dars tayyorlaydi..

mana tegirmonga bug'doy olib borganimga 10 kun bo'lyabti xali tayyor emas. makazindan un olay desang qimmat qolaversa pul yoq.

Kunlar sovudi deguncha Gaz xam pasayib deyarli yonmay qolmoqda. Lekin Gaz zapirafkalarda Bor u yerda svet xam gaz xam uchmaydi qayerdan oladi bular gaz va svetni xayronman.

Sug'orish ishlari tugab Kanalda suvlar quridi yaxshiyam maxallamiz markazida Xovuz bor xamma shu yerdan suv oladi ko'karib achib ketsa xam na iloj...

Telfon kompaniyalari xam butkul ishlamay qoyaversa bolaveradi..bunday ishlagandan ko'ra....Bozorlarda narx navolar qimmat Ishlay desang ish yoq.. yaxshiyam rossiyada ishlab qishga yeguliklar zaxira qivoganimiz. xullas

Bizda sharoit kundan kunga yomonlashib bormoqda...Iloxim Yurtboshimiz omon bo'lsinlar....Biz sabr qilamiz va yashashda davom etamiz



Kosonsoyda issiqxona...gaz zaprafka..va tovuqxonalarda svet va gaz bor u yerlarga gaz va svet osmondan kemagandur axir..lekin axolida Gaz deyarli yoq xisobi...svet esa bir sutkada xisoblasang 1-2 soat yonadi..."


"Яккабоғда суткасига 20 минут ток беришаяпти"

Озодликка Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан боғланган тингловчи у яшаб турган "Шарқ юлдузи" номли қишлоқ фуқаролар йиғинида бир кунда 20 дақиқа, узоғи билан 1 соат электр токи берилаётганини хабар қилди.


- Қишлоғимизда 500 га яқин хонадон бор. Чироқ эса узоғи билан 1 соат берилаяпти. Лекин, тўловни олдиндан ундириб олишади. Биз ток берса бўлди, деб олдиндан 4-5 минг сўм тўлаб қўяяпмиз. Лекин, ток йўқ, - деди яккабоғлик тингловчи.

Қуйида исмини сир сақлаган тингловчи билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:54 0:00
Бевосита линк


"Ҳеч бўлмаса, газни беришса эди..."

Фарғоналик блоггер у яшаб турган Олтиариқ шаҳарчасида суткасига 4 соат электр токи берилаётгани, газ эса умуман узилгани ҳақида ёзди.

Қуйида мактубни ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"Ozodlik sizga shuni aytmoqchimanki, biz Farg'ona viloyati Oltiariq shaxarchasida yaxshaymiz. O'tgan yilidan beri bizda faqat bitta muammo, Elektr to'ki.

O'tgan yili qish ichi svet 24 soat ichida 4 soat bo'ldi holos. Mana bu yili shu oydan boshlandiki, svet yonsa 3 soat yonyabdi holos.

Elektrosetga borsak "Bizga aytishganida o'chiryabmiz, biz hech nima qila olmaymiz" deyishyabdi holos. qayerga borsak? Kimga murojaat qilsak?

Odamlarning ichida shu gap yuribdiki, "Hozir shunday, qishda svet ummuman bo'lmas emish" hech bo'lmasa Gaz yaxshi yonib tursa qish ichi bir amallaymiz.

Gaz ham yo'q. hamma mahallalar 8,10 million sarf qilib gazga trubuna tortib kelishmoqda, lekin u ham yonadimi yo'qmi hech kim bilmaydi. Ozbekistonda na Gaz na Svet bor..."



"Тўпалончи Сартепада свет бор, бизда йўқ"

Озодлик Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари 5 ноябрь куни газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсгани ҳақида хабар қилганди.

Манбаларнинг маълум қилишича, аёлларнинг норозилигидан сўнг Сартепада газ ҳам, чироқ ҳам ўчмаяпти.

Аммо, Озодликка келган мактубда бу маҳаллага қўшни маҳаллаларда чироқ ҳам, газ ҳам ўчган.

Қуйида мактубни ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"Salom aleikum! Biz ko'hna Samarqand shahridan, Sarteppoga yaqin joyda turamiz. Biz ham romantika qilib sham yorugida utiribmiz. Kunni bilan svet yoq, ertalab uchgani haliyam yoqishmadi.

Gaz haqida gapirmasak ham buladi, uzje 10 yildan buyon shunday, ozgina sovuq tushdiki, gazdan umid uzsayam buladi. Gaz umuman yoq, xullas..."



"Шаҳрисабзлик чоллар норозилигидан сўнг чироқ узилмай қолди"

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида электр токи бир кун давомида берилмаганидан норози бўлган "Ипак йўли" маҳалласи кексалари "Электр тармоқлари" ҳудудий унитар корхонаси биносини қамал қилган.

Озодликка боғланган тингловчига кўра, натижада маҳаллага кунига 20-21 соатдан электр токи бериладиган бўлган.

Бу ҳақда Озодликка 20 ноябрь куни хабар берган тингловчининг айтишича, маҳалла оқсоқоллари бошчилигидаги 15 чоғли киши электросеть биносини ўраб олган.

- Бир кун ўчириб қўйдида светни. Куни билан свет бўлмагани учун 15 киши эди, оқсоқоллар ҳам бирга, бориб электросеть биносининг олдида жандал қилди. Кечин улар чиқиб: "Ярим соатдан кейин ёқамиз, бораверинглар!" деса ҳам ҳеч ким кетмади. Олдин чироқни ёқинглар, деб. Мана шундан бери чироқ яхши, бир кунда узоғи билан 3-4 соат ўчираяпти, холос, - деди Озодлик тингловчиси.

Қуйида у билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00
Бевосита линк


Муборак электросеть: Лимитдан ошсак, бизга гап тегади!

ZIMISTON-UZ блогига келаётган ўнлаб шикоятлардан бири ортидан маҳаллий расмийларга боғланишга уриндик.

Озодликка йўлланган мактубда Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Гулистон қишлоғида электр токи ва газ йўқлигидан аҳолининг йиллар давомида азият чекаётгани айтилди.

Маълум бўлишича, шу кунларда Муборак туманининг Сардоба фуқаролар йиғинида жойлашган Гулистон қишлоғига кунига 6-8 соатдан электр токи берилмоқда. Аммо, 20 кунча муқаддам атига 2 соатдан берилган.

- Оқсоқоллар шикоят ёзавериб-ёзавериб, кейин чироқ беришни кўпайтирганда. Олдин 2 соатгина берарди. Лекин қишлоғимиздан 15 километр нарида Муборак газ заводи, Муборак пахта заводи бор. Лекин уларда свет бор, газ бор, бизни қишлоқда эса газам, светам йўқ, – деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда мубораклик тингловчи.

Кўринадики, Гулистон қишлоғи оқсоқоллари "ёзув-чизув" қилаверганидан сўнг қишлоққа бериладиган электр токи ҳажми оширилган.

250-300 атрофида хонадон бўлган Гулистон қишлоғига ўта чекланган миқдорда электр токи узатилаётганини айтган электросеть ходими: "Муборак туманига суткасига 130 минг киловатт ток берилади. Шу лимитдан ошсак, бизга гап тегади", деди.

Электросеть навбатчиларидан яна бири аслида аҳоли пунктларига кундалик равишда узатилаётган электр токи ҳажмини ошириш имкони бор, аммо бунга рухсат йўқлигини айтди.

“Кунлик лимитни халққа бергандан кейин унинг пулини ҳам олишимиз керак. Бизда ҳар юзта уйдан 5 таси вақтида тўлайди, қолганлари бермайдида. Шунинг учун лимит бор”, деб тушунтиришга уринди электросеть ходими.


Озодликка боғланинг!

Марҳамат, агар сиз яшаб турган маҳалла, қишлоқ, туман, шаҳарда ҳам газ ва электр токи таъминотида узилишлар бўлаётган бўлса, бизга боғланинг!

Илтимос, газ ёки электр токи узилиши қачон ва қанча муддатга, конкрет қайси манзилда содир бўлаётганини аниқ билдиринг!

Имкони бўлса, сиз яшаб турган манзил бўйича энергетик таъминотга мутасадди ташкилотларга ҳам Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда мурожаат қилиб, уларнинг жавобларини ҳам бизга йўллашга ҳаракат қилинг!

Озодлик бу йилги қиш мавсумида ушбу муаммо кўламини сиз билан бирга аниқлаш ва йилдан-йилга ўзбекистонликларнинг ҳаётини тим қоронғу зимистонга айлантираётган энергетик тақчилликдан чиқиш йўлини сиз билан бирга излашга уринади!

Озодликка боғланиш имконлари:

тел: +420 221 123 437
факс: +420 2 2112 6604
email: uzbekweb@rferl.org, ozodlikmail@gmail.com
twitter:
Skype: issakovab
WhatsApp: +420 608 549 460

ЭСЛАТМА: Ўқиганларингиз, Озодликка тингловчилардан келган мурожаатлар жамланган БЛОГдир! Бу блогдаги маълумотлар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG