Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:24

Талаба-2014: Сессия пайтида порахўрлик кульминацияга етади



Бухоро Давлат университети талабаларидан бири айни кунларда “порахўрликни жиловлаш” иддаоси билан талабаларга сўровнома тарқатилгани ва унда энг порахўр домлалар номини аноним тарзда ëзиб бериш сўралганини хабар қилди. Гарчи университет маъмурияти бу хабарни тасдиқламаган бўлса-да¸ Озодлик суҳбатлашган талабаларга кўра¸ бундай сўровномалар Ўзбекистоннинг бошқа ўқув юртларида ўтказиб турилади. Аммо талабалар фикрича¸ на бу сўровлар хулосаси¸ ва на порахўр домлаларнинг талабалар олдида намойишкорона қамоққа олиниши олий таълим тизимида чуқур илдиз отган коррупцияни камайтиришга хизмат қилмаяпти.


“Университет талабалари ўртасида сўровнома ўтказилмоқда (олий ўқув юртидаги порахўрлик тўғрисида). Сўров аноним. Қайси домлага пора берган бўлсангиз¸ исмини ëзинглар дейилган”. Озодлик ихтиëрига келиб тушган хабарда шундай ëзилган.

Бухоро Давлат университети талабасидан олинган бу хабар ортидан Озодлик мухбири университет маъмурияти билан боғланди.

Бухоро Давлат университетининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори¸ олийгоҳда ҳали сессия бошланмагани ва талабаларга бу жараëнда порахўрликка дуч келса¸ нима қилиш доим тушунтирилишини таъкидлай туриб¸ талабаларга сўровнома тарқатилганини инкор қилди :

- Ҳеч қанақа у нарса бўлган эмас. Ҳали сессиянинг ўзи бошланмади. Бу бўлмаган гап. Талабаларга ҳаммаси айтилган¸ тушунтирилган. Бу билан ўқув бўлими шуғулланади¸ деди БухДУ маънавият ва маърифати учун масъул расмий.

Университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори талабалар ўртасида порахўрлик тўғрисида аноним сўров ўтказилаëтганига оид талаба хабарига муносабат билдира туриб¸ мавзуни қандай ўрганиш бўйича Озодлик мухбирига қатъий кўрсатма берди:

- Агар хатга жавоб бериш керак бўлса¸ ўрнатилган тартибда кўриб чиқинг¸ унга жавоб беринг. Мен бунақа сўровномани эшитганим йўқ. Бу хатни бизга йўналтиринг¸ кўриб чиқайлик. Сиз кимсиз? Мендан бунақа савол сўрашга нима ҳаққингиз бор? Журналист бўлсангиз нима қилай?Мен бунақа хабарни тасдиқламайман¸ деди ўзини таништирган Озодлик мухбирига олийгоҳнинг айнан ўқув жараëни учун масъули.

Бухоро давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори сессия пайтидаги порахўрлик мавзуи кўтарилганидан жаҳли чиққани¸ бу мавзуни журналист билан муҳокама қилишни истамаганини яшириб ҳам ўтирмади. Бу эса¸ Озодлик суҳбатлашган талабаларга кўра¸ бежиз эмас. Нафақат БухДУ¸ балки бутун Ўзбекистон институт ва университетларда яқин кунларда бошланадиган имтиҳон сессиялари порахўрлик авжига чиқадиган мавсумдир.

Озодлик билан порахўрлик мавзуида очиқ¸ аммо ўз шахсияти сир қолиши шарти билан гаплашган талабаларнинг барчаси суҳбат давомида шу гапни қайта-қайта такрорладилар.

- Сессия пайтида сўраладиган савол – ким неччига ëпмоқчи? Кимнинг билими қандай¸ деб сўралганини эшитмадим. 11 йил мактабда аъло баҳоларга ўқидим¸ институтга контракт асосида кирдим. Лекин грантга кирганлардан кўра билимим 200 фоиз кўпроқ¸ десам адашмайман. Буни тушунган айрим домлалар¸ имтиҳонда баҳоимни қўйиб берди. Аммо кўпчилиги пул сўради. Пул бермасам¸ гуруҳ сардори орқали чақиртириб¸ “Нега ҳамма қатори пул бермадинг?”¸ деб сўроқ қилди. Мен ўқиган институтда учнинг нархи 50 минг¸ тўртники 70-80 минг эди. Талаба чўнтагига қараб¸ пулини тўлайди ва номига имтиҳонга кириб¸ чиқади. Деканатда яхши таниши борлар камида 100 долларни беради ва умуман сессияга келмайди. “Танка” зачëткага баҳоларни ўзи қўйдиради¸ дейди Самарқанддаги олийгоҳлардан бири талабаси.

Бу суҳбатдош¸ домлаларга пора бермагани учун¸ гарчи бирор соат дарс қолдирмагани ҳолда¸ дарсни кўп қолдирди¸ деган асосда имтиҳонларга қўйилмагани ва оқибатда¸ академик таътил олишга мажбур қолганини қўшимча қилади.

“Мен ўқиган институтда ҳам домлаларнинг порахўрлиги тўғрисида сўров ўтказилган¸ лекин бу билан ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган”¸ дейди бу талаба-суҳбатдош.

Озодлик билан “талабаларни куйдираëтган порахўрлик” мавзуида суҳбатлашишга рози бўлган талаба қиз ҳам¸ўзи айтмоқчи “аълочи”лардан.

- Биринчи курса роса ўқиганман. Кейин ўқиган ҳам¸ ўқимаган ҳам бир хил пул тўлаб баҳо олаëтганини кўриб¸ ўқимай қўйдим. Қайси имтиҳоннинг нархи қанчалигини¸ староста айтади. Агар бу нарх бизга маъқул келмаса¸ домланинг олдига кириб¸ очиқ савдолашамиз. Бунча бераман¸ менга бу баҳо керак¸ деб.

Бозордаги савдолашишга ўхшаган бунақа келишишдан ҳеч ким уялиб ўтирмайди¸ дейди айни кунларда иккинчи олийгоҳнинг 3-курсида ўқиëтган бу суҳбатдошимиз.

Ҳар иккала талаба¸ ўзлари ўқиëтган олийгоҳда айнан порахўрлик айби билан декан ва домлаларнинг қамалиб кетганига гувоҳ бўлишганини айтади. Аммо бу бундай қама-қамадан кейин¸ порахўрлик вазиятида бирор ўзгариш бўлмагани¸ янги келганлар ҳам айни шаклда¸ ҳеч тап тортмай сессия пайтида баҳоларни пуллашда давом этаëтганини таъкидлашди.

Дунë мамлакатларидаги коррупция кўламини муттасил тадқиқ қилиб келаëтган маркази Берлинда жойлашган Trasparency International Ўзбекистонни йиллардан бери коррупция чуқур илдиз отган давлат сифатидатаърифлаб келади. Бу мустақил гуруҳ таъкидича¸ Ўзбекистонда коррупция энг кенг тарқалган соҳалардан бири айнан олий таълим тизимидир.
XS
SM
MD
LG