Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:05

Россияда "квотасиз" касблар рўйхати эълон қилинди


Меҳнат муҳожирларига Россияда савдо ва маданият соҳасидаги қатор мутахассисликлар бўйича квоталардан ташқари фаолият юритишга рухсат берилди. Россия Меҳнат вазирлиги чоп этган буйруқда хорижликларга хўжалик ва маданият соҳасидаги 62 йўналиш бўйича меҳнат қилиш ҳуқуқи берилди. Мутахассислар эса бу янгиликнинг жорий этилиши Россияда меҳнат муҳожирлиги вазиятига жиддий ўзгариш киритмаслигини гапирмоқда.

Муҳожир-артистларга Россияда квота керак эмас

Жорий йилдан бошлаб хориж фуқароларига Россияда журналист, дастур бошловчиси, балет устаси, мусиқачи ва ҳатто савдо дўкони раҳбари бўлиб ишлашга рухсат берилди.

Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг 2013 йилнинг 20 декабрида тасдиқланган 768-сонли “Юқори малакали мутахассис саналган хориж фуқароларига Россия Федерациясида квотадан ташқари меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсат берувчи касблар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 62 касб эгалари квотадан ташқари меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Меҳнат вазирлигида Озодлик сўровига бу янгиликлар асосан юқори малакали ва маданият соҳасида фаолият юритаётган хорижлик мутахассисларга тегишли эканини тушунтиришди. Маълум бўлишича, бундай рўйхат ҳар йили турли вазирлик ва идоралар талаблари асосида тузилади.

Меҳнат вазирлиги маълумоти бўйича, йилдан-йилга Россияда кўпайиб бораётган муҳожирлар қаторида, юқори малакали мутахассислар сони ҳам ошмоқда. Агарда 2012 йилда Россияга 44 минг малакали хориж фуқароси кириб келган бўлса, 2013 йилда Федерал миграция хизмати улар сони уч баробарга ошганини қайд этди.

Таъкидлаб ўтиш зарурки, “юқори малакали мутахассис”лар Россия Меҳнат вазирлигининг махсус буйруғи асосида белгиланади ва квоталаш қоидаларига бўйсинмайди. Яъни, россиялик иш берувчи истаганича “малакали мутахассислар”ни олиб кириб, ишлатиши мумкин.

2014 йилда бу рўйхатга “журналист” касби ҳам киритилди. Унинг квотасизлар қаторига қўшилишига мамлакатнинг Алоқа вазирлиги ва яқиндагина ташкил этилган Кремлнинг пропаганда лоийҳаси - Russia Today компанияси талаби билан амалга оширилгани хабар қилинмоқда.

Келтирилган рўйхатда артистлар, корхона раҳбарлари, турли соҳа инженерлари, муассаса ва лойиҳа бошлиқлари, корреспондентлар, режиссёрлар ва техникларни кўриш мумкин.

Барча юқорида кўрсатилган мутахассисларга янги тартибда муайян талаблар ҳам қўйилди: юқори малакали хорижлик касб йўналиши бўйича олий маълумотли, камида 5 йиллик иш стажига эга бўлиши шарт.

Илгари “юқори малакали мутахассис” мақомига эга бўлиш учун йилига Россияда камида 2 миллион рубл миқдорида даромад олиш имкониятини кўрсатишнинг ўзи кифоя эди.

“Россияда миграция қонунлари кескинлашади”

Янги қоидаларда савдо соҳасида 12 йўналиш бўйича раҳбарлик лавозимларини эгаллашга рухсат берилди. ФМС Россияга кириб келган олий тоифали мутахассисларнинг 20 фоизи савдода меҳнат қилаётганини эълон қилди.

“Ягона Миграция Хизмати” юристи Баҳром Исмоилов Озодлик Радиоси билан суҳбатда Меҳнат вазирлигининг бу қарори оддий меҳнат муҳожирлари ҳолатига деярли ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини айтди:

- Бу режа асосида киритилган тузатиш, холос. Сўнгги 2 йил давомида Меҳнат вазирлиги хорижлик мигрантлар фаолиятини фақат чекловчи қонунларни қабул қилиб келмоқда. Қонунда хориж фуқароларига меҳнат қилиш рухсати берилган касблар аниқ белгиланган. Билишимча, вазирликнинг янги рўйхатида келтирилган 62 касб ҳуқуқий макондан ташқарида қолган ва тегишли муассаса-идоралар талаби билан тикланган. Эътибор беринг, улар асосан маданият ва дарҳақиқат малака талаб қилувчи раҳбарлик лавозимларидир,- дея тушунтириш берди юрист Баҳром Исмоилов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00
Бевосита линк

Мутахассиснинг фикрича, 2014 йилда Россияда мигрантларнинг аҳволи янада оғирлашиши кутилмоқда.

“Россияда қабул қилинган ва 2014 йилнинг 1 январидан кучга кирган қатор қонуний ҳужжатлар миграция соҳасида жуда кескин тартибларни жорий қилди: энг асосийси - кирди-чиқди тартиби”, дейди Баҳром Исмоилов.

- Хориж фуқаролари айнан савдода меҳнат қилиши таъқиқланди, уларнинг тиббий муассасаларда фаолият юритиши кескин чекланди. Муҳожирлар учун енгилликлар яратилаяпти, деб Россия ҳукумати савдода ишлашга рухсат берганида ёки коммунал хизмат, қурилишда меҳнат квоталари миқдорини оширганида гапиришимиз мумкин. Бу йил квоталар бутун Россияга 1 млн. 600 минг қилиб белгиланди. Жуда булмаганда шу квотларани оширишганида эди... Журналистика ва маданий соҳалар эса оммавий эмас, шу сабабли улар умумий вазиятни ўзгартиришига кўзим етмайди,- дея фикр билдирди “Ягона Миграция Хизмати” юристи Баҳром Исмоилов Озодликка.

Юрист янги йилда жорий этилган “90/180” қоидасига кўра, эндиликда меҳнат муҳожирларининг Россияда яшаган умумий кунлар миқдори ҳисоблаб борилади ва бу кўрсаткич 90 кундан ошмаслиги керак.

2014 йилдан бошлаб Россияда меҳнат муҳожирларига аптекада ишлаш, бозор ва кўча савдоси ёки умуман савдо дўконларидан ташқарида савдо-сотиқ қилиш таъқиқланади.

Ҳукумат Россиядаги алкогол ишлаб чиқарувчи корхоналарга 15 фоиз хорижликни ишлаб чиқаришга жалб қилиши мумкинлигини белгилаб берди. Спорт муассасалари ва командалари эса 25 фоиз мигрантни ўз таркибига киритиши мумкин.
XS
SM
MD
LG