Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

Х.Худойбердиев: ЎшТВ ишининг сиёсий “астари” ҳам йўқ эмас


Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, ЎшТВнинг “Бағит” ва “Кунчабит” кўрсатувлари давомида қонун бузилган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, ЎшТВнинг “Бағит” ва “Кунчабит” кўрсатувлари давомида қонун бузилган.
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш шаҳридаги хусусий ЎшТВ телеканали устидан мамлакат Жиноят Кодексининг 299-моддаси бўйича 29 январь куни жиноят иши очгани тўғрисида ўз вақтида хабар берган эдик.

Минтақалараро низо қўзғаганликда гумон қилинаётган телеканалнинг асосчиси ва бугунги кунда собиқ эгаси Халилжон Худойбердиев мухбиримиз саволларига жавоб берар экан, ЎшТВ атрофидаги воқеаларга ўз муносабатини билдирди.


2010 йил, Июнь воқеаларидан сўнг Қирғизистонни бутун оиласи билан ташлаб чиқиб, ҳозирда АҚШ ҳукумати берган сиёсий бошпанада яшаётган Халилжон Худойбердиевнинг сўзларидан унинг Ўшда қолган мулки – ЎшТВ канали билан боғлиқ ҳар бир хабарни диққат билан кузатиб келаётгани маълум бўлди.

ЎшТВ устидан куни кеча қўзғатилган жиноят иши ортидаги сабаблар тўғрисидаги саволга жавобан Худойбердиев бундай деди:

- Бу ишда бир томондан телекомпанияда ҳозир ишлаётган одамларнинг хатолари бўлиши мумкин, иккинчи томондан, ишнинг сиёсий “астари” ҳам йўқ эмас.

Худойбердиев, албатта, ЎшТВ кўрсатувларини томоша қилиш имконига эга эмас, лекин шунга қарамай, унинг айтишича, “хатолар” ва “сиёсий астар” ҳақида гапирар экан, бунинг учун асоси бор.

- Кейинги йилларда, ҳар ҳолда, ЎшТВ кўрсатувларини кўрган эмасману лекин кўрсатувлари бир томонлама бўлган бўлса керак. Чунки Эрнис Киязов (ЎшТВнинг ҳозирги бошқарувчиси – таҳр.) “Сизни телеканалга ким бошлиқ қилиб қўйди?” деган саволга “Мирзақматов қўйди”, деб жавоб берган эди. Бу гап Азаттиқ радиосида чиққан, деди Худойбердиев.

ЎшТВ асосчисининг фикрича, судгача етиб борган тақдирда ҳам иш телеканал фойдасига ҳал бўлиши мумкин.

- 2011 йили Қирғизистонда оммавий ахборот воситаларидан туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарлик олиб ташланган. ЎшТВ гумон қилинаётган “минтақалараро низо қўзғаш” моддаси бўйича ҳам, агар яхши ҳуқуқшунос бўлса, сўз эркинлиги нуқтаи назаридан судда ютиб чиқиши мумкин, деди Худойбердиев.

ЎшТВнинг ҳозирги раҳбарияти устидан судловнинг перспективасига некбин қараётган Худойбердиевнинг ўзи 2010 йил, Июнь воқеаларидан сўнг на номини айбловдан қутқара олди, на мулкини сақлаб қола билди. ЎшТВ орқали “миллатлараро низо қўзғашга чақирганлик”да айбланган Халилжон Худойбердиев Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлди.

3 йил муқаддам Озодликка берган суҳбатида Худойбердиев ЎшТВ телекомпаниясини ўша пайтдаги шаҳар мэри Мэлис Мирзақматов куч билан тортиб олганини айтганди.

Аммо эндиликда собиқ мэрга айланган Мирзақматов ўша пайтда бу иддаоларни рад этган.

Шунга қарамай, жамоатчилик орасида июнь воқеаларидан кейин ўзбек тилида мутлақо кўрсатув тайёрланмай қўйган ЎшТВнинг ҳақиқий эгаси Мэлис Мирзақматов экани айтиб келинади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган матбуот варақчасида айтилишича, 2014 йилнинг 8 январидан 15 январигача ЎшТВ телеканали орқали “Бағит” ва “Кунчабит” кўрсатувларини эфирга узатиш чоғида субтитрларда мамлакат аҳолисини ҳудудий жиҳатдан ажратувчи СМС-хабарлар кўрсатилган”. Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, телеканалга қарши жиноят иши 29 январь куни қўзғатилган.



2011 йилнинг 28 октябрида Жалолобод шаҳар суди ўзбек лидерлари деб аталган беш нафар шахс устидан ўз ҳукмини ўқиган, сиртдан судланганлар орасида Халилжон Худойбердиев ҳам бўлиб, у 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган, мол-мулки мусодара қилиниши ҳам ўша ҳукмда қайд этилган эди.

Ўз кучида қолаётган суд ҳукми ЎшТВ ни қайтариб олиши йўлида Халилжон Худойбердиев учун катта тўсиқдир. Лекин шунга қарамай у ўз мулкини қайтариб олишга уринишларини давом эттираётганини, бу йўналишда БМТга ёзган хатига жавоб кутаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG