Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:11

Ўзбекистон аҳолисига газни фақат баллонларда сотиш режаланмоқда


Ўзбекистонда 2014-2015 йилги қишки мавсумда аҳолига газ деярли тўлиғича маиший баллонларда етказилиши айтилмоқда. “Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкатининг ҳудудий бўлинмаларидан олинган маълумотга кўра, ҳозир Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидаги аксар туманларда газ таъминотининг бу усули яхши натижа бермоқда. Аммо, аҳолига баллонларда сотилаётган газ фақатгина емак пишириш учун мўлжалланган, исиниш учун эмас.


“Ўзтрансгаз” идорасига қарашли “Шимолгазтаъминот”, “Жанубгазтаъминот” ва “Водийгазтаъминот” унитар корхоналарининг баъзи ҳудудий бўлинмалари мутасаддилари келгуси қишда аҳолига аталган газни маиший газ баллонларда етказиш тизимига тўлиқ ўтишга ҳозирлик кўрилаётганини айтди.

Жумладан, “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг ҳудудий бўлимларидан бирида ишлайдиган ва исмини ошкор қилмаётганимиз мутасадди у яшаб турган туманда йўлга қўйилган бу тизим яхшигина натижа бераётганини айтди.

- Ҳозир бизнинг ўзимизда махсус 5-6 та машиналаримиз бор. Улар Фарғона, Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводларига бориб, газ баллонларни заправка қилиб беради. Буни ўзимиз назорат қиламиз. Кўп қишлоқларда газ қувурлар беркитилган, қувурларда газ йўқ ҳозир, - деди “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий бўлимларидан бирида ишлайдиган ва исмини ошкор қилмаётганимиз мутасадди.

Ундан олинган маълумотга кўра, ҳозир вилоятнинг аксар туманларида аҳоли газни маиший газ баллонларда харид қилмоқда.

- 55 литрлик газ баллонни 10 минг сўмга заправка қилиб берамиз. Эконом қилиб ишлатса, 2 ойга ҳам етади. Бунда аҳолида ортиқча қарз йиғилмайди, - дейди мутасадди.

“Жанубгазтаъмнот” унитар корхонасининг ҳудудий бўлимларидан бир нечасига боғланган Озодлик мухбири деярли айни мазмундаги жавобни олди.

Хусусан, Озодликка боғланган Самарқанд вилоятининг “Ургуттумангаз” идораси собиқ ходими газни қувурда етказгандан кўра, баллонларда етказиш аҳолининг ўзи учун ҳам қулай, деган хулосасини таъкидлади.

- Пули бўлса ёқади газни, тушунаяпсизми? Қувурдан оқиб борса, ҳамма ёппасига ёқадими, кейин пули йўқнинг қарзи йиғиладими?! Натижада, пул тўлаган ҳам, тўлмаган ҳам газдан узилади. Шунинг учун, баллонларда тарқатилса, бизга ҳам осон, аҳолига ҳам, - дейди “Ургуттумангаз” идорасининг исмини ошкор қилмаётганимиз собиқ ходими.

Қуйида бу ходим билан газ таъминоти аҳволи ҳақида қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00
Бевосита линк


Расмий маълумотларга кўра, ҳозир “Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкати қошидаги 6 та унитар корхона – “Шимолгазтаъминот”, “Жанубгазтаъминот”, “Ғарбгазтаъминот”, “Марказгазтаъминот”, “Водийгазтаъминот”, “Тошкентгазтаъминот” ва “Автогазтаъминот” унитар корхоналари аҳолига маиший газ баллонларида газ етказиш тизимини кенгайтириш устида ишламоқда.

2013-2014 йилги қишки мавсумда газ баллонлари, асосан қувур ётқизилмаган ёки аҳоли сўрови билан қувурлари узиб ташланган ҳудудларга газ баллонларини етказиш тизими йўлга қўйилган.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкати тарқатган маълумотга кўра, жорий қишки мавсумда республика бўйича газ баллонларини сотадиган 26 та марказни қуриш режаланган ва булардан 14 таси қуриб битказилган. Республика бўйича ҳозир жами 170 минг 813 дона маиший газ баллонлари аҳоли истеъмолига берилган.

Баллонлар “Ўзтрансгаз"нинг унитар корхоналари ҳудудий бўлинмалари томонидан шартнома асосида аҳолига 5 йиллик муддатга ижрага берилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги бозорларда хориж давлатларида ишлаб чиқарилган газ баллонлари 200-300 минг сўмга сотилаётгани ҳам кузатилмоқда.

Аслида расмий манбаларда, ҳозир расман қайд этилган эҳтиёж кўламини қоплаш учун жами 509 минг дона маиший газ баллони кераклиги айтилади. Лекин аҳолининг асл эҳтиёжи бундан бир неча ўн баробар ортиқ эканини тахмин қилиш мумкин.

Айни пайтда, “Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкати аҳолига баллонларда етказиб бераётган газ қувурдаги газдан сезиларли даражада қимматлиги ва муҳими, исниш учун мўлжалланамагани аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.

“Ургуттумангаз” идораси собиқ ходимидан олинган маълумотга кўра, қувурдан етиб борган газнинг бир куб метри 140 сўм.

- Газ баллондаги газнинг бир куб метри 180 сўмга тушади. Сал қиммат, лекин удобний. Пулизга қараб ёқасиз, қарз бўлмайсиз, - дея таъкидлади газ таъминотига масъул идора ходими.

Шунингдек, мутасаддилар маиший газ баллонларидаги газни уй-жойни иситиш учун эмас, балки емак пишириш учун ишлатишга мўлжалланганини ҳам таъкидламоқда.

Яна бир эътирозли жиҳат бундай баллонлардан кўп қаватли уйларда фойдаланишнинг тақиқланганидир.

- - - - - - - - - - - - - - -

Озодлик бу йил янада кучайган энергетик тақчилликка оид мурожаатлар, шикоятлар ва хабарларни ZIMISTON-UZ блогига жамлашга киришди.

Бизга боғланинг, хабарларингизни йўлланг! Биргаликда муаммо кўламини аниқлаш ва ечимини топишга уриниб кўрамиз!

Ozodskype, @ozodlik, ozodlikmail@gmail.com, WhatsApp + 420 608 549 460
XS
SM
MD
LG