Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:03

Шаҳрисабзда уйлар бузилиб¸ одамлар кўчага ҳайдалмоқда


Уйлари бузилган ўзбекистонликлар товон пули жуда кам берилаётганидан шикоят қилади.
Уйлари бузилган ўзбекистонликлар товон пули жуда кам берилаётганидан шикоят қилади.
Айни қаҳратонда Шаҳрисабз ҳокимлиги шаҳарни ободонлаштириш мақсадида кўчаларни кенгайтиришни бошлаб юборди. Йўл четидаги аҳоли яшайдиган уйлар ва тадбиркорлик объектларига ҳаво ҳарорати кечалари 0 дан паст бўлиб турган шу кунларда бульдозер солинмоқда. Бошпанасиз қолган одамларга қариндошлариникида яшаб туриш тавсия қилинмоқда.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг ободонлаштириш дастурини амалга оширишга мамлакатда аномал совуқ ҳукм сураëтган кунларда киришди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган шаҳрисабзлик манбанинг айтишича, шаҳарда 765 та ҳовли бузилишга тушган ва шу кунгача ўнлаб уй ва дўконлар бузилган:

- Мен ўзим гувоҳи бўлдим. Қалъа атрофидаги уйларга мелисалар билан келишиб, тезда уйдан чиқасан¸ бўлмаса ўзинг билан қўшиб бузиб ташлаймиз, деб бузиб кетаяпти. Ичим куйиб кетди, ёш болали хотин кишининг қўлидан судраб кўчага олиб чиқиб ташлашди. Йиғлаб боласи билан кўчада қолди, шу аёл. Ўзи совуқ даҳшат, уйни иситиш бир азоб, лекин одамлар кўчага қувилаяпти. Бунга чидаб бўлмайди, дейди шаҳрисабзлик манба.

Суҳбатдош 12 та ҳовлининг суриб ташланганига гувоҳ бўлганини айтар экан, уйлари бузилган одамлар тақдир ҳукмига ташлаб қўйилганини таъкидлайди:

- Баъзи оилаларни ҳеч қандай шароити йўқ, газ ва светдан маҳрум боғчаларга жойлаштиришаяпти. Қолганларга эса икки-уч кун бирор жойга бориб яшаб тур, кейин ҳисобини қиламиз, дейишаяпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозир “қиш ўчоғи тор” бир шароитда бола-чақа билан бировникига бориб бўладими? дейди Озодлик манбаси.

Шаҳрисабз шаҳридаги Ипак йўли кўчасида истиқомат қилувчи уй бекаси Саломатхон аҳоли норози бўлиб ҳокимиятга боргани, лекин уларнинг дардига ҳеч ким қулоқ солмаганини айтади:

- Бизда почта бор, шунинг рўпарасидаги хонадонларга қишни куни чиқинглар депти. Лекин қаерга чиқади? Шундан кейин бульдозер олиб келиб сурдириб ташлабди. Аҳоли айни қиш чилласида ҳокимиятнинг бу ишидан қаттиқ норози бўлaяпти. Аҳоли тўполон қилиб ҳокимиятга борди. Лекин ҳеч ким эшитмади. Аҳолига товон пулини жуда кам ваъда қилишаётган экан, деди шаҳрисабзлик Саломат.

Шаҳрисабз шаҳar Собир Раҳимов кўчасида истиқомат қиувчи пенсионер Аҳмад Абдуллаев ҳам 7 хонали уйининг бузилиш рўйхатига кирганини айтади:

- Ҳокимият қоғоз бериб кетган. Энди эса бузинглар, бузинглар деб ҳол- жонимизга қўймаяпти. Мен уларга айтдим, “эй хумкаллалар, биз бир қуш бўлсак эканки, бошқа жойга пирр этиб учиб кетсак. Биз одаммиз бола-чақамиз, рўзғоримиз бор, сал ўйлаб иш қилсаларинг бўлмайдими”, деб. Уларнинг топган гапи битта, бизга юқоридан кўрсатма бор, дейишади. Ҳали на участкадан ва на товон пулидан дарак бор, дейди Аҳмад Абдуллаев.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги расмийси Абдували Очилов ободонлаштириш дастури доирасида бузилишлар бўлаётганини тасдиқлар экан, бузилишга тушган уйларнинг 20 миллион сўмдан 170 миллион сўмгача баҳоланаётганини билдирди:

- Мен баҳоланаётган уйларнинг пулини тўлаб бериш билан шуғулланаяпман. Ҳозиргача йўл фондидан 2 миллиард, шаҳар маҳаллий бюджетидан бир ярим миллиард сўм пул тўлаб берилди. Ҳозир асосан йўл четидаги магазинлар ва бошқа дўконлар бузилаяпти, дейди мулозим.

Ҳокимият расмийси уйлари бузилган одамларнинг қаерга жойлаштирилаётганидан бехабар эканлиги ва бу иш билан ҳоким биринчи ўринбосари шуғулланаётганини айтди. Бироқ Озодлик ҳоким ўринбосари билан боғланишга муваффақ бўла олмади.

Ҳокимлик мулозимининг айтишича, 1 мартдан бошлаб рўйхатга тушган уйларнинг оммавий бузилиши бошланади.

Икки-уч йилдан бери Ўзбекистон шаҳарлари ва туман марказларининг марказий кўчаларини ободонлаштиришнинг ажабтовур усули қўлланилмоқда: уйингни бузасан, икки-уч қават қилиб қайта қурасан, кучинг етмаса бўшатиб қўясан.

Бундай сиёсат оқибати ўлароқ уйсиз қолган ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун товон пули жуда кам тўланаётгани ёки умуман берилмаётганидан шикоят қиладилар.

Андижон тумани Камолот кўчасида истиқомат қиладиган 77 ёшли Маҳамаджон Маматқулов уйи ободонлаштириш дастури доирасида 2011 йилда бузиб ташланган эди. Орадан уч йил ўтган бўлса ҳам пенсионер уйига бульдозер солган ҳокимият товон пули ҳам, қурилиш материаллари ҳам бергани йўқ.

Ўтган йилнинг февралида урганчликлар шаҳар марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузилгани, уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганидан шикоят қилган эди.

Апрелда Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчаси аҳолиси вакиллари уйлар ва тадбиркорлик объектлари бузилаётгани, товон пули ва ер участкалари берилмаётганидан шикоят қилган эди.

Жиззахда эса уйи бузилган фуқароларнинг давомли норозиликлари ортидан шаҳар ҳокимияти уйлари бузилган ҳар бир оилага ваъда қилинган товон пули ўтган йилнинг охиригача тўланишини ваъда қилган эди.
XS
SM
MD
LG