Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:02

Чиноз ҳокими ўқитувчиларни магистрал йўлни қордан тозалашга мажбурлади


Намангандаги "Навбаҳор" стадионини қордан тозалашга ҳам асосан ўқитувчилар жалб этилган эди.
Намангандаги "Навбаҳор" стадионини қордан тозалашга ҳам асосан ўқитувчилар жалб этилган эди.
Тошкент вилояти Чиноз туманидаги коллеж ва мактаб ўқитувчилари 13 февраль куни оммавий қор курашга сафарбар этилди. Ўқитувчиларнинг Озодликка айтишларича, бундай мажбурий ҳашар вилоят ҳокими келиши кутилган Тошкент-Самарқанд автомагистралида уюштирилган.

Озодликка WhatsApp орқали келган хабарлардан бирида тошкентлик ўқитувчилар навбатдаги жамоат топшириғини бажариш учун сафарбар этилгани айтилади:

“Мана ҳозир Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги мактаб ва коллеж ўқитувчиларини ноинсоф ҳоким Маҳмуд Эшонов Тошкент-Самарқанд йўналишидаги М-19 автомагистралини (бетонка) қордан тозалаш учун мажбурлаб чиқарди. Мақсад вилоят ҳокими Аҳмад Усмоновга яхши кўриниш ва лаганбардорлик қилиш. Чунки Аҳмад Усмонов Чинозга келар экан. Бечора ўқитувчилар -10 даража совуқда ўлиб қор курашаяпти”, деб ёзди Озодлик муштарийларидан бири.

Озодлик Чиноз туманидаги мактаблардан бири директори билан боғланиб, ўқитувчиларнинг қор курашга чиқарилгани билан қизиқди. Исми сир қолиш шарти билан гапирган мактаб директори 13 февраль куни ўқитувчиларнинг қор курашга чиқарилганини эътироф этди:

- Энди гапнинг очиғи, ҳокимнинг буйруғи бу. Ҳамма мактабларга, коллежларга шунақа кўрсатма бўлган. Мен ҳам ўн нафар ўқитувчини ва беш нафар техник ишчимизни юбордим. Гапнинг тўғриси, ўқитувчининг бир қилмаган иши қор кураш қолган эди. Мана катта автомобил йўлини анча тозалаб бердик. Ҳашар дейишди, ҳашар ўзи ўқитувчи учун ўйлаб топилган шекилли, деб аччиқ кулди мактаб директори.

Ўзини Чиноз тумани Халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Раҳим деб таништирган мулозим ҳам бундай топшириқ ҳоким томонидан берилганини тасдиқлади:

- Бу ҳашар бўлди. Ҳоким топшириқ берди, шунга ўқитувчи ва техник ходимларни қор кураш ҳашарига чиқардик, деди мудир ўринбосари.

Чиноз тумани ҳокимлигидан бу масала юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Сўнгги йилларда ўзбекистонлик ўқитувчилар маҳаллий ҳокимиятлар мардикорига айланиб қолмоқда.

Озодликка мурожаат қилаëтган аксар ўқитувчилар ўз асосий касблари қолиб¸ пахтакорлик, ҳаммоллик, ҳашарчилик¸ пул йиғиш каби ишларига сафарбар этилаётганидан, металлолом ёки макулатура йиғиш ишлари ҳам ўқитувчи ва ўқиувчилар зиммасига юклаб қўйилганидан шикоят қиладилар.
XS
SM
MD
LG