Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

ЎшТВ антенасига ўқ узилгани иддао қилинмоқда


ЎшТВ телеканали раҳбарияти телеканал антенаси номаълум одамлар томонидан отилган ўқ туфайли ишдан чиққанини иддао қилмоқда. Бунга қадар Ўш мэрлигига сайлана олмагач мухолифатга ўтиб кетган Мелис Мирзақматовга мансублиги айтиладиган телеканалга қарши жиноят иши очилган эди.

Шу йилнинг 2 март куни соат 12дан ўтганда ЎшТВнинг эфири кутилмаганда узилиб колган. ЎшТВ директори Эрнис Қиязовга кўра, бунга Ўш шаҳридаги “Таатан” савдо маркази ёнидаги телеминорага ўрнатилган антенага ўқ узилгани сабаб бўлган.

- Антена бузилгунига қадар бир қанча одамлар келиб, “эфир бер”, деб талаб қилишган. “Биз якшанба куни ишламаймиз, транслятор ходимларигина ўтиришибди”, деган жавобни эшитгач, кетишган экан. Кейин, орадан 20 дақиқа ўтиб-ўтмай эфир ўчди. Мутахасисларимиз барча апаратураларни текширганда, барчаси ишлаётганини аниқланган. Телеминора текширилганида , антенна пачоқлангани ва унга ўқ теккани аниқланган,- деди Эрнис Қиязов.

ЎшТВ раҳбарияти мазкур воқеа юзасидан куч тизимларига мурожат қилмаган. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиков бу масалада арз бўлмаганини айтади:

-ЎшТВ телеканалининг сигнал берувчи техникаларига номаълум одамлар томонидан ўқ узди деган маълумотни оммавий ахборот воситаларидан эшитдик. Бу борада бизга ҳеч ким мурожат қилмади. ЎшТВ раҳбариятидан ҳам ёки бошқа журналистлардан ҳам бизга расмий хабар келмади. Шундай бўлсада, биз ўзимизнинг тегишли бўлимларга мурожат қилдик. Милицияга ҳеч қандай арз тушмабди. Воқеа қандай бўлгани, нима бўлганини биз энди текширамиз, - деди Замир Сидиков.

Телеканал антенасига ростдан ҳам ўқ узилганми йўқми ҳозирча номаълум, Воқеа содир бўлган куни ЎшТВ гувоҳлардан бу иш қандай бўлганини сўрашга улгирган. Ўзини Алмаз деп таништирган йигит ўқ овозини эшитганини ҳам айтган.

29 январь куни Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш шаҳридаги хусусий ЎшТВ телеканалига нисбатан “субтитрларда мамлакат аҳолисини ҳудудий жиҳатдан ажратувчи СМС-хабарлар кўрсатилган”ликда айблаб жиноят иши очган ва 31 январь куни ширкат биносида тинтув ўтказган эди.

Бугунги кунда минтақалараро низо қўзғаганликда гумон қилинаётган телеканалнинг асосчиси ва бугунги кунда собиқ эгаси Халилжон Худойбердиев 5 февраль куни Озодлик радиосига ЎшТВ устидан қўзғатилган жиноят иши ортидаги сабаблар тўғрисида фикр билдирган эди.

- Бу ишда бир томондан телекомпанияда ҳозир ишлаётган одамларнинг хатолари бўлиши мумкин, иккинчи томондан, ишнинг сиёсий “астари” ҳам йўқ эмас. Кейинги йилларда, ҳар ҳолда, ЎшТВ кўрсатувларини кўрган эмасману, лекин кўрсатувлари бир томонлама бўлган бўлса керак. Чунки Эрнис Киязов “Сизни телеканалга ким бошлиқ қилиб қўйди?” деган саволга “Мирзақматов қўйди”, деб жавоб берган эди. Бу гап Азаттиқ радиосида чиққан,- деган эди Худойбердиев.

Ўш ТВга нисбатан жиноят иши 15 январь куни Ўш шаҳар ҳокимлигига бўлган сайловда Мелис Мирзақматов мэрликка сайлана олмаганидан сўнг амалга оширилган. Телеканалнинг собиқ хўжайини Халилжон Худойбердиев ЎшТВни 2010 йилги воқеалардан сўнг ундан ўша пайтда Ўш мэри лавозимида ишлаган Мелис Мирзақматов тортиб олганини билдирган эди.

Аммо эндиликда собиқ мэрга айланган Мирзақматов ўша пайтда бу иддаоларни рад этган.

Шунга қарамай, жамоатчилик орасида июнь воқеаларидан кейин ўзбек тилида мутлақо кўрсатув тайёрланмай қўйган ЎшТВнинг ҳақиқий эгаси Мэлис Мирзақматов экани айтиб келинади.
XS
SM
MD
LG