Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:15

“Қирғизгаз” “Газпром”га 1 долларга сотилди


"Газпром" раҳбари Алексей Миллер (чапда) ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.
"Газпром" раҳбари Алексей Миллер (чапда) ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Бишкекда 10 апрель куни “Қирғизгаз”ни Россиянинг “Газпром” ширкатига 1 долларга сотилиши тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шартномага “Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан яккама-якка учрашуви якунланганидан сўнг қўл қўйилган.

Шартнома имзоланишан олдин “Газпром” раҳбари Алексей Миллерни қабул қилган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бу кун тарихда қолишини алоҳида таъкидлади ва мухолифатни “Қирғизгаз"нинг сотилишини нотўғри талқин қилаётганликда айблади:

-Президент Атамбаев, ҳукумат “Қирғизгаз”ни 1 долларга сотаяпти, деб шов-шув кўтарилди. Шартномага асосан “Газпром” Қирғизистонда газ соҳасини ривожлантириш учун 600 миллион доллар сармоя ётқизади, “Қирғизгаз”нинг 40 миллион доллар қарзини тўлайди. Бундан буён қишда мамлакатимизда газ ўчиб қолмайди. “Биз Россиядан газга қарам бўлиб қолдик”, деб билдираётган мухолифларга айтар сўзим шуки, биз газ таъминоти бўйича мустақилликка эришдик, - деди Атамбаев.

“Газпром” раҳбари Алексей Миллер ҳозирча Қирғизистон учун газ нархи қанча бўлиши аниқланмаганини, лекин бу баҳо қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистондан олинаётган газ нархидан арзонроқ бўлиши эҳтимоли мавжудлигини айтди.

Шунингдек, Миллер Қирғизистонда газ конларини қидириб топиш ишлари амалга оширилишини билдирди:

-Бугунги кунда Қирғизистонда 30 миллион куб метр газ қазиб олинади. Биз яқин кунларда Қирғизистон ўзини ўзи газ билан таъминлай олиши учун конларни қидириш ишларини бошлаймиз. Бугунги кунда Қирғизистоннинг 25 фоизигина газ билан таъминланган. Газлаштиришни кўпайтириш режамиз бор, -деди Алексей Миллер.

Шу кунгача Қирғизистон газни асосан Ўзбекистондан олар эди. Бироқ қирғиз томони газ пулини ўз вақтида тўлай олмагани сабабли Ўзбекистон газ таъминотини ўзиб қўйган ҳолатлар кўп кузатилган. Масалан, 2011 йилда Қирғизистон Ўзбекистондан газ учун қарийиб 5 миллион доллар миқдорида қарз бўлиб қолгани туфайли таъминотда узилишлар юзага келган ва бу Қирғизистоннинг катта шаҳарларида энергетик инқирозга сабаб бўлган эди.

Қирғизистон томони Ўзбекистон газни жаҳон баҳосида сотишидан ҳам норозилик билдириб келади. Ўзбекистондан олинаётган табиий газнинг ҳар минг куб метри учун Қирғизистон 260 доллар атрофида ҳақ тўлайди.
XS
SM
MD
LG