Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:11

Россияда ўзбек қочқинларига босим кучайди


7 май куни ўғирланган Жонқулов Акмал.
7 май куни ўғирланган Жонқулов Акмал.

Страсбург суди 2012 йилдан буён Россия ҳибсхонасида экстрадиция қилиниши хавфи қолаётган тўрт нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини Ўзбекистонга бериб юбормаслик тўғрисида қарор чиқарди. 7 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро суд расмий сайтида эълон қилинган ҳужжатда “Хизб-ут Таҳрир” ташкилотига алоқадорликда гумонланаётган наманганлик йигитларнинг Ўзбекистонга экстрадицияси Инсон ҳақлари Конвенциясининг 3-моддасига зид экани таъкидланди. Айни пайтда, Россияда ўғирлаб кетилаётган ўзбекистонликлар сони кўпаймоқда.

Страсбург ўзбеклар депортациясини тўхтатди


7 май куни Инсон ҳақлари бўйича Страсбург суди Россиядан экстрадиция қилиниши кутилаётган Низомов Авазбек, Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, Жалолбоев Олим, Жалолбоев Ҳакимжонлар шикоятини қондирганини эълон қилди.

Қарийб 2 йилдан буён “ҳизбчилик”да гумонланиб, Москва ҳибсхоналарида ётган ўзбек муҳожирлари 2013 йилнинг 28 мартида Москванинг Бабушкино туман суди уларни “миграция қонунчилигини бузганликда” айблаб, Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарори устидан шикоят қилган эди.

“Гап шундаки, - дейди Озодликка тафсилотларни гапирган адвокат Роза Магомедова, - бундан аввал Россия Бош прокуратураси уларга нисбатан экстрадиция текширувини ўтказиб, уларни Ўзбекистонга бериб юбориш Россия қонунчилигига зид экани тўғрисида қарор чиқарган эди.”
Низомов Авазбек.
Низомов Авазбек.
- Кеча Европа суди расмий сайтида пайдо бўлган хабарномада суд томонидан Россия Федерациясига Низомов ва бошқаларни бериб юбориш Инсон ҳуқуқлари халқаро Конвенциясининг учинчи, яъни “қийноққа тутиш” моддасига зид келишини кўрсатиб ўтди. Лекин суд Россиядан ҳар бир арзчига биз сўраган 15 минг евро жарима ундириб бериш тўғрисида талабимизни қўлламади. У муҳим ҳам эмас. Асосийси – Инсон ҳуқуқлари бўйича олий суд ўзбекистонлик бу йигитлар ўз юртига бериб юборилса, қийноқ-азобларга солиниши ва ноҳақ айбловлар билан узоқ муддатларга қамалиб кетиши аниқлиги эътироф этилди,- дейди адвокат Роза Магомедова.

Ҳимоячи марҳума Елена Рябининанинг “Бошпана олиш ҳуқуқи” лойиҳасига киритилган наманганлик муҳожирлар ҳозирда миграция қонунчилигини бузганлар сақланувчи депортация лагери – хорижлик фуқароларни сақлаш марказида қолаётганини қўшимча қилди.
Жалолбоев Ҳаким.
Жалолбоев Ҳаким.
2012 йилнинг 15 ноябрида Москванинг “Внуково” аэропортида Ўзбекистон сўрови билан самолётдан тушириб қолдирилган 1992 йилда туғилган Низомов Авазбек, 1989 йилда туғилган Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 1979 йилда туғилган Жалолбоев Олим, 1983 йилда туғилган Жалолбоев Ҳакимжонлар Наманган Ички ишлар бошқармаси томонидан диний экстремизм, турли диний ташкилотларда аъзоликда, сепаратизм ва ноқонуний диний адабиётни тарқатишда айбланиб қидирувга берилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистондан Россия полициясига юборилган жиноий иш материалларида Калининграддан юртига қайтаётган бу йигитлар “халқаро жиҳодчи" ташкилотларга “байтулмол” йиғиб бериш билан шуғуллангани айтилган. Тошкентдан келган талабномада Низомов ва унинг шериклари Туркистон Ислом ҳаракатига аъзоликда ҳам айбланаётгани билдирилгани маълум.

Айбланувчиларнинг тақдирини кузатиб бораётган Озодликка маълум бўлишича, наманганлик усталар гуруҳ бўлиб, Россиянинг Калининград вилоятида бир йилча ишлаб, Москва орқали транзит йўли билан ўз юртига қайтаётган бўлган.
Ҳимоячилар бу йигитлар, ҳатто намоз ўқимаслиги ва ҳеч қандай ноқонуний диний фаолиятга алоқадор эмаслигига ишонишини гапирмоқда.

2012 йилнинг 7 декабр куни наманганлик меҳнат муҳожирлари сақланаётган СИЗО-4 тергов изоляторига уч нафар Ўзбекистон ички ишлар ходими келганидан кейин, маҳбуслардан энг ёши бўлган Абдусамад Фазлиддинов ўзбек милиция ходимларининг босимидан тушкунликка тушиб қолган ва икки кун ўтиб – 9 декабр куни ўз камерасида чойшабдан арқон ясаб ўзини осиб ўлдиргани хабар қилинган эди.

28 феврал куни эрталаб Калининграднинг Гвардейский туманидаги 7-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиққан Жалолбоевлар дан яна бири - Латиф ўғирлаб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Бир йил олдин Россия прокуратураси уларни Ўзбекистонга бериб юбормасликка қарор қилганидан кейин, апрел бошларида озодликка чиқарилган ўзбек қочқинлари дарҳол “миграция қонунчилигини бузганликда” айбланиб, яна қўлга олинган. Бабушкин суди уларни 2 минг рублдан жаримага тортиб, Ўзбекистонга энди “депортация” қилиш қарорини чиқарди.

Москва суди Авазбек ва бошқалар қочқинлик статусини олиш арафасида эканини инобатга ҳам олмади.

Страсбург суди Россия ҳукуматига суд Қоидасининг 39-Регламенти асосида Ўзбекистонга бадарға қилишини тўхтатган эди. Бироқ, 2013 йилнинг 14 майида Москва шаҳар суди уларни чиқариб юбориш тўғрисида ўз қароридан қайтмаслигини билдириб, қуйи суд қарорини кучда қолдирди.

Адвокат Роза Магомедова Озодликка айни пайтда Россия ФМСи қочқинлик сўрашга мажбур бўлган ўзбек йигитлари сўровига рад жавобини берганини ҳам эслатди.

- Эндиликда йигитлар озод этилиши ортидан Россияда қочқинлик мақомини олиши керак, деди адвокат Роза Магомедова.

Қочқинлар хавф остида

Низомов, Муҳаммадхўжаев ва ака-ука Жалолбоевлар иши бўйича Страсбург судининг ижобий қарори эълон қилиниши билан бир пайтда Москвада қочқинлик сўраётган яна бир ўзбек қочқини маҳаллий махфий хизмат ходимлари томонидан номаълум томонга олиб кетилгани тўғрисида хабар келиб тушди.

7 май куни шаҳрида Россияда қочқинлик мақомини сўровчи 25 ёшлар атрофидаги қашқадарёлик Жонқулов Акмал Ҳанимович ва қочқиннинг ҳомиладор рафиқаси Дилафруз Хусейнева йўқолиб қолди. Бу ҳақда Озодликка хабар беришга улгурган дўстларидан бири улар полиция ходимлари томонидан олиб кетилганини маълум қилишга улгурди.

Маълум бўлишича, эр-хотин Акмал ва Дилафруз Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан 159, 244 ва бошқа қатор моддалар асосида халқаро қидирувга берилган. Ҳозиргача улар “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ҳимоясида бўлиб келган.

Подмосковьенинг Электрогорск шаҳрида яшаб келган Акмал ва Дилафруз Жонқуловлар 9 ой муқаддам экстрадиция текшируви остида бўлган ва ярим йиллик ҳибсда сақланган. Қамоқда уларнинг тўнғич фарзанди Абдуллоҳ дунёга келган ва гўдак онасидан ажратилиб, ярим йилга юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Жонқулов Акмал “жиходчилик”ва “ваҳҳобийлик”да айбланиб қидирувга берилгани айтилмоқда.

Ҳозирча уларнинг телефон рақамлари учирилгани ва ҳозирда қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Бу ҳодиса юзасидан изоҳ берган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Россияда, айниқса Москвада қидирувда бўлганлар “ови” бошланганини эътироф қилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Украинадаги ҳодисалар ортидан Россия ва Ўзбекистон махфий хизмат идоралари фаоллашгани ва истаган ноқонуний амалиётларини ўтказишга киришган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Бундай фаолликка куни кеча дафн этилган ўзбек-тожиклар ҳимоячиси Елена Рябинина ўлими ҳам сабаб бўлиши мумкин”, дея хулоса қилди “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина.

Бундан олдинроқ Озодлик халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти "Ҳизбут Таҳрир"исломий партиясига аъзоликда айбланаётган ва Россияда БМТнинг қочқинлик мақомини олган 45 ёшли ўзбекистонлик Умид Ёқубов 29 апрель куни Москва кўчаларидан бирида ўғирлаб кетилгани ҳақида бонг ургани тўғрисида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG