Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Самарқандда прокуратура ходимини калтаклаган валютчиклар қўлга олинди


Ҳозирда Мармар бозори ёнидаги валютафурушлар савдо қиладиган ушбу жойни милиция ходимлари қўриқламоқда. (Сурат 27 май куни олинган)
Ҳозирда Мармар бозори ёнидаги валютафурушлар савдо қиладиган ушбу жойни милиция ходимлари қўриқламоқда. (Сурат 27 май куни олинган)
Самарқанд шаҳрида жойлашган Мармар бозори ёнида савдо қилувчи валютафурушлар текширишга келган 4 нафар прокуратура ходимини калтаклади. Озодлик манбаларига кўра, жорий ҳафта бошида бўлган воқеадан сўнг 35 киши прокуратура ходимларини калтаклашда айбланиб ҳибсга олинган.


Самарқанднинг Мармар бозори ёнидаги Шоҳруҳ кўчасида жойлашган валюта “қора бозори”ни текширишга келган прокуратура ходимлари валютафурушлар томонидан калтакланди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор самарқандлик манба Озодликка буларни маълум қилди:

“Воқеа шу бир ҳафта ичида содир бўлди. Мармар бозори ёнидаги Мирзо Улуғбек ва Шоҳруҳ кўчалари чорраҳасидан чапга қайрилганда, Шоҳруҳ кўчаси 33-уй ёнида валютчиклар бозори бор. Шу ерга прокуратурадан 4 киши келиб, текширувга ўтказган. Валютчиклардан 1-2 тасининг пулларини мусодара қилаётган пайт қолган валютчиклар прокуратура ходимларини уришган. Валютчиклар прокурорлар қўлидан пулларини олиб қочиб кетишган”, деди исмини очиқламаётганимиз манба.

Сўнгги бир ҳафта давомида Мармар бозори ёнидаги валюта "қора бозори"да ҳеч ким йўқ.
Сўнгги бир ҳафта давомида Мармар бозори ёнидаги валюта "қора бозори"да ҳеч ким йўқ.
Воқеадан хабардор самарқандлик бошқа бир манбага кўра, валютафурушлар воқеани видео тасвирга олган прокуратура ходимини ҳам калтаклаб, унинг камерасини синдиришган:

“Валютчиклар прокурорларни урганини яширин камерага олган прокуратура ходими қочишга ҳаракат қилган. Лекин валютчиклар уни ҳам қувиб етиб, уришган ва камерасини синдиришган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Унинг айтишича, воқеадан 2-3 соат ўтиб, қора ниқоблилар гуруҳи "қора бозор"ни босган.

Самарқанддаги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, прокуратура ходимлари калтакланганидан сўнг 35 киши ҳибсга олинган:

“Воқеанинг эртасига валютчикларнинг айримлари уйидан, айримлари Мармар бозор ёнидан олиб кетилди. Тахминан 35 киши. Бу воқеани давлат ташлаб қўйгани йўқ. Прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати тергов олиб бораяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз манба.

Ҳибсга олинишдан қутилиб қолган валютафурушлардан бири Озодликнинг Самарқанддаги мобил мухбирига айтишича, жанжал ўзаро келишмовчилик натижасида келиб чиққан:

“Ўзим ўша жойда эдим. Прокуратурадан келган бир киши билан валютчик ўртасида арзимаган гап чиқиб, иккаласи ёқалашиб кетди. Кейин икки томондан ҳам ўзларини одамлари келиб қўшилди. Шу билан ур-йиқит бўлиб кетди”, деди валютафуруш йигит.

Самарқанддаги Озодлик манбаларига кўра, шаҳарнинг ҳар бир бозори ёнида валюта “қора бозори” бўлиб, жами ўнга яқин жойда валютафурушлар савдо қилади. Мармар бозори яқинидаги жой эса Самарқанддаги энг катта “қора бозор” ҳисобланади.

Самарқанддан олинган маълумотга кўра, юқоридаги воқеадан сўнг Мармар бозори яқинидаги ушбу "қора бозор"да умуман валютафурушлар кўринмаяпти.
Мармар бозори ёнидаги тротуарда валютчиклар ҳар куни туришарди. Ҳозир эса ҳеч ким йўқ.
Мармар бозори ёнидаги тротуарда валютчиклар ҳар куни туришарди. Ҳозир эса ҳеч ким йўқ.
Ўтган йилнинг 1 февралидан бошлаб, Ўзбекистондаги валюта айирбошлаш шохобчаларининг деярли барчаси ёпилиб, улар ўрнига банкларда валюта олди-сотдиси билан шуғулланувчи конверсион операция бўлимлари ташкил қилинди.

Янги тартибга кўра, Ўзбекистон банклари жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотмайди, чет эл валютаси банклар орқали фақат пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Ушбу тартиб жорий қилинганига бир йил бўлганига қарамай, Ўзбекистонннинг барча вилоятларида валюта “қора бозор”лари ўз ишини давом эттираётгани кузатилмоқда.
Самарқанддаги энг катта валюта "қора бозори" Мармар бозори тротуарида жойлашган.
Самарқанддаги энг катта валюта "қора бозори" Мармар бозори тротуарида жойлашган.
Таҳлилчиларга кўра, мамлакатдаги валютафурушларнинг “ҳомийлари”, асосан, юқори лавозимли мулозимлар бўлиб, улар АҚШ долларини банклардан арзон нархда олиб, “қора бозор”да қимматроқ сотишни йўлга қўйган.

Ўтган ойда “Халқ банки”нинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани бошқарувчиси Лазиз Рустамов ноқонуний валюта олди-cотдисида айбланиб ҳибсга олинди.

Ўтган йили Тошкент шаҳридаги “Ипотека-банк”нинг собиқ раҳбарлари ҳам валютани ноқонуний сотиб, 1 миллион доллар миқдорида даромад кўрганликда айбдор топилиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
XS
SM
MD
LG