Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:32

Калининградда яна икки ўзбек муҳожири ўғирлаб кетилди



26-27 май кунлари Россиянинг Калининград вилоятида вақтинчалик қочқинлик мақомини изловчи андижонлик муҳожирлар - Дилшодбек Назаров ва Давронбек Мамажоновлар ўғирлаб кетилди. Озодлик манбаларига кўра¸ Ўзбекистон фуқаролари ўғирланишида маҳаллий ОМОН, полиция ва формасиз номаълум кимсалар иштирок этган.

Душанба ва сешанба куни Калнинградда иккита ўзбекистонлик қочқин Дилшодбек Назаров ва Давронбек Мамажоновларнинг ОМОН, полиция формасидаги шахслар томонидан номаълум томонга олиб кетилгани ҳақида Озодликка уларнинг Страсбург судидаги ҳимоячиси Надежда Ермолаева хабар қилди.

Унга кўра¸ душанба 26 май куни кечки пайт асли андижонлик Дилшодбек Назаров телефон орқали ўғирлаб кетилаётгани тўғрисида ўз адвокатига хабар беришга улгурган¸ холос:

- Бир кун олдин Назаровни ўғирлашди, кеча эрталаб – Мамажоновни. Улар Калининград ФМСига вақтинчалик қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилган эди. Ҳозирда уларнинг бу аризалари кўриб чиқилаётганди. Назаров телефон орқали адвокатига қўнғироқ қилиб, уни номаълум кимсалар машинага мажбурлаб тиқиб олиб кетишаётганини билдиришга улгурган – шундан бери унинг қўл телефони ўчирилган. Гувоҳларнинг айтишича, сешанба куни эрталаб Мамажонов ёнига уч киши келган (иккитаси ОМОН, биттаси формасиз) ва қўлини қайриб, машинага тиқиб олиб кетишган. Андижонлик қочқинларнинг Калининграддаги адвокати Екатерина Грибанова зудлик билан қочқинларимизни Россиядан олиб чиқилишига тўсқинлик қилиш мақсадида полицияга ва Европа судига 39 Қоидани қўллашни сўраб, ариза ташлади. Суд ўша заҳотиёқ жавоб қайтарди: уч соатдан кейин Страсбургдан келган хатда Суд Россияни ўзбек қочқинларини Ўзбекистон ёки бошқа мамлакатга бериб юборишга ҳаққи йўқлигидан огоҳлантирди, дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ҳимоячиси Надежда Ермолаева Озодликка.

Адвокат Ермолаеванинг айтишича¸ 1972 йилда туғилган Дилшодбек Назаров ва 1975 йилда Давронбек Мамажоновлар ўтган ой вафот этган Елена Рябининанинг “Қочқинлик ҳуқуқи” лойиҳаси ҳимояси остида бўлиб келган.

Аниқланишича, Дилшодбек Назаров Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан “Нурчилар” ташкилотида фаолият юритганликда, Давронбек Мамажонов эса “Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати”га аъзоликда айбланиб халқаро қидирувга берилган.

“Уларга бошида қандайдир варақаларни тарқатишда айблов қўйилган эди”, дейди бу қочқинлардан бири 2011 йил охирида, иккинчиси 2012 йилнинг март ойида Россияда ҳибс этилганини гапирган ҳуқуқ фаоли.

2014 йил февралида, Россия Бош прокуратураси Назаровни экстрадиция қилишга уриниб кўрган, бироқ Европа Инсон ҳақлари суди махсус қарор билан унинг Ўзбекистонга бериб юборилишини тўхтатган.

Надежда¸ икки кундан буён дараксиз қолаётган Дилшодбек Назаров ва Давронбек Мамажоновлар ҳозирча Калининградда қолаётгани, бироқ уларнинг сешанба куни учадиган Калининград-Тошкент учоғида олиб кетилиши мумкинлигини билдирди. Унга кўра¸ андижонликларнинг шаҳардаги адвокати Екатерина Грибанова орқасидан ҳам айни кунларда махфий хизматлар назорати кучайган.

Ермолаеваг таъкидича¸ Калининградда март ойидан буён уч нафар ўзбекистонлик қочқин йўқолиб қолган:

- Айниқса, қочқинларни ўғирлаш бўйича Андижон СНБси жуда “фаол”. Андижон тергов изоляторида мен билган Россиядан олиб чиқилган уч қочқин ўтирибди: Қосимохунов, Эрмаков ва Оренбургдан ўтган йили олиб кетилган яна бир Мамажонов Икромжон. Мана булар билан бешта бўлиши мумкин. Ҳозиргина Калининграддан олган маълумотга кўра, шаҳарда қора ниқоблилар барча меҳнат муҳожирларини қўлга олмоқда. “Зачистка” ёки шу баҳонада қочқинларни бериб юбориш амалиёти кетаётган бўлса керак, деyди Надежда.

Адвокат Ермолаева Давронбек Мамажонов ва унинг оила аъзолари ортидан Ўзбекистон МХХ хизмати ходимлари анчадан буён “ов” қилаётганини гапириб, унинг камида иккита акаси Ўзбекистонда қамоққа ташланганини айтaди.

Россияда қочқинлик мақомида бўлган ўзбекистонликларни ўта эҳтиёт бўлишга даъват қилган ҳимоячи Надежда Ермолаева сўнгги пайтларда Россия ҳудудида Ўзбекистон ва Россия махфий хизмат ходимлари фаоллашганини қуйидаги сабабларга боғлади:

- Менимча, бунга бир нечта сабаб бўлиши мумкин. Мен бунинг Елена Рябинина ўлими билан боғлиқ эканига жуда ишонгим йўқ. Халқаро ҳодисалар бу фаолликка ўз таъсирини ўтказган бўлиши ҳам мумкин. Украинага бемалол кириб бораётган махфий хизмат ходимлари учун битта-яримта ўзбекни ноқонуний равишда бадарға қилиб юбориш нима бўпти?! “Инсон ҳақларига тупурдик”, қабилида бемалол иш юритишга имкон очилди уларга. Украинадаги ҳодисалар ортидан ким одамларнинг ўғирланиб кетаётганига эътибор бериб ўтирибди, дейсиз, дейди Россияда инсон ҳуқуқлари соҳасида ноҳақлик даражаси кескин ошиб кетганини таъкидлаган Надежда Ермолаева.

Озодлик сўнгги бир неча ой давомида Россияда¸ айниқса¸ диндорларга қарши Ўзбекистондан келаётган сўровлар ва мамлакатдан ўғирлаб кетилаётган қочқинлар сони кескин ошгани кузатилаётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Хусусан¸ 28 февраль куни эрталаб Калининграднинг Гвардейский туманидаги 7-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиққан, Ўзбекистонда халқаро терроризм ва экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланаётган ўзбекистонлик Жалолбоев Латиф ўғирлаб кетилди.

2008 йилда Ўзбекистондан қочиб чиққан 45 ёшли Ўзбекистон фуқароси Умид Ёқубов 2014 йилнинг 29 апрел куни куппа-кундузи Москва кўчаларида ўғирлаб кетилган.
XS
SM
MD
LG