Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:17

МХХнинг қарийб 40 ходими бир кунда ишдан четлатилди


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) 40 нафар ходими ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб ишдан четлатилди. Бир-биридан мустақил бир неча норасмий манбадан олинган бу маълумотнинг ҳозирча расмий тасдиғи йўқ.

Хавфсизлик хизмати ходимларининг ишдан четлатилгани тўғрисида хабар қилган Озодлик манбаларига кўра, МХХда "жиддий тозалашлар кетмоқда"

Озодликка исми сир қолиши шарти билан маълумот берган Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларидаги манбанинг иддао қилишича¸ МХХнинг ишдан четлатилган қарийб 40 ходими Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматидаги энг ëш генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев бошчилигидаги гуруҳ аъзолари бўлган.

Озодлик манбаси Жавдат Шарифхўжаев қўлида ишлаганларнинг шу кунларда ишдан четлаштирилганини билдирар экан, уларнинг қамалган ë қамалмагани ҳақида аниқ маълумот бера олмади.

Манба улардан "баъзилари қамалгани¸ баъзилари эса уй қамоғида" эканлигини иддао қилди.

Озодликнинг Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин яна бир манбаси эса МХХ раиси ўринбосари генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси "Жавдат Шарифхўжаев ишдан бўшатилгани ва тергов қилинаëтганлиги"ни иддао қилди.

Озодлик билан суҳбатлашган бу манба Жавдат Шарифхўжаев қўлида ишлайдиган МХХ ходимларнинг қўлга олингани ҳақидаги маълумотни “Ҳа¸ бу ҳақиқатга жуда яқин маълумот”, деб айтди.

МХХнинг Терроризмга қарши кураш бошқармасида ишлагани айтилган Жавдат Шарифхўжаевнинг “ишдан қувилгани “ ҳақида ўтган йил охирида Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам ўз твитларида ëзган эди.

Аммо кейинчалик бу маълумот ўз тасдиғини топмаган бўлса ҳам, бугунга келиб, яъни орадан 7 ой ўтгач Жавдат Шарифхўжаев ва уни қўлида ишлаган 40 ходим "изоляция қилингани" иддао қилинмоқда.

Жавдат Шарифхўжаевнинг муаммоларга юз тутгани ва МХХнинг ўнлаб ходими ишдан четлатилгани ва балки ҳибсга олингани борасидаги маълумотларни қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиëда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" ташкилоти раҳбари Надежда Отаева ҳам ўз манбаларига таяниб гапирди:

- Жавдат Шарифхўжаевнинг жиддий муаммоларга дуч келганлигини бешта манба тасдиқлаяпти. Бу эса хокимият ичида кадр алмашинуви бўлаëтганидан далолат. Бу кадр алмашинуви Каримов оиласи билан МХХ ўртасидаги интрига оқибатидир. МХХ номидан махсус амалиëтларни МХХ раиси ўринбосари, генерал Ҳаëт Шарифхўжаев ўз укаси Жавдат Шарифхўжаев воситасида амалга ошириб келган эди. Улар сармоя билан шуғулланган тадбиркорларни нишонга олиб рейдерлик йўли билан мол- мулкини тортиб олишган. Бу талончиликлар анча шов-шувларга ҳам сабаб бўлган эди. Бугунга келиб Жавдат илк зарбани олди. Бу эса унинг акаси Ҳаëт учун жиддий сигналдир. Биздаги маълумотларга кўра¸ Ҳаëт Шарифҳўжаевнинг лавозимдаги умри ҳам қил устида турибди. Бир манбага кўра Ҳаëт хозир таътилда¸ бошқа манбага кўра, уй қамоғида. Хозир МХХда жиддий тозалашлар кетяпти. Бизга келган маълумотга кўра¸ қирққа яқин МХХ ходими ишдан четлатилган. Уларнинг нечтаси уй қамоғида¸ нечтаси ҳибсда ва нечтаси мамлакатдан қочиб кетгани ҳақидаги аниқ маълумотни бизга ваъда қилишди. Хулоса битта¸ жаллод ролида бўлганларнинг ўзларига нисбатан репрессия бошланди¸ дейди "Марказий Осиëда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистондаги барча давлат идораларида кенг кўламли тафтиш кетмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистонда Давлат божхона қўмитасининг турли бўлимларида ишловчи юзга яқин ходими ҳибсга олингани ҳақида маълумот тарқалган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган махсус амалиёт натижасидаги ҳибсга олишлар мамлакат ҳудудига контрабанда товарлар олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

Озодликнинг Республика божхона қўмитасидаги манбаларига кўра, божхона ходимларининг ҳибсга олиниши коррупция ва контрабандага қарши ўтказилган махсус амалиёт доирасида амалга оширилган.

Бундан аввал Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг икки нуфузли амалдори ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Озодлик манбаларига кўра, юзга яқин божхона ходими қўмитанинг контрабандага қарши кураш Бош бошқармаси бошлиғи Азиз Хасанов ва унинг ўринбосари Азиз Абдураҳмоновларнинг ҳибсга олинишдан сўнг олиб кетилган.

Ўзбекистонга контрабанда моллари олиб ўтилишига қарши курашишга бош-қош бўлиши керак бўлган бу икки амалдор “контрабанда товарларининг ҳеч бир тўсиқсиз” мамлакатга олиб кирилишига ҳомийлик қилгани иддао қилинмоқда.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасидаги манба ўз ҳамкасбларининг ҳибсга олинишини Миллий хавфсизлик хизматининг “контрзарбаси”деб таърифлади.

- Бундан аввал божхона қўмитасининг контрабандага қарши кураш бўлими мамлакатга ноқонуний мол олиб келаётган Миллий хавфсизлик хизматига тегишли одамларининг йўлини тўсган ва рейдлар шундан сўнг бошланди, - деди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасидаги манба.

Божхона қўмитасининг нуфузли амалдорлари ва ходимлари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида қолмоқда.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг расмий сайтида божхоначиларнинг ҳибсга олингани ҳақида бирор хабар берилмади.

Уларга қандай айблов қўйилаётгани тўғрисида ҳам маълумот йўқ. Озодлик бу хабарлар юзасидан Ўзбекистон Божхона қўмитаси билан боғланди. Қўмита матбуот хизмати ходими саволни эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан ҳам Давлат божхона қўмитасидаги ҳибслар ҳақида маълумот олиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG