Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Тошкентда қарияларни тунаган босқинчи умрбод қамоққа ҳукм қилинди


Ўтган йили Тошкентда жиноятчиларга доир фотороботлар тарқатилган эди.
Ўтган йили Тошкентда жиноятчиларга доир фотороботлар тарқатилган эди.

Тошкент шаҳрида қарияларни тунаган босқинчилар устидан 27 июнь куни ҳукм чиқарилди¸ деб хабар тарқатди 9 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Хизматнинг билдиришича, Ж. Қосимов ва Н. Уразовалар ишини кўриб чиққан Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди судланувчиларни айбдор деб топган.

Ҳукмга кўра, Ж. Қосимов умрбод қамоқ жазосига, Н. Уразова эса 15 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

“Тергов давомида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Ж. Қосимов ва Н. Уразова ўзларини коммунал, тиббиёт ёхуд ижтимоий таъминот хизматлари ходимлари сифатида таништириб, кекса ёшдаги фуқароларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, хонадонларига тўсиқсиз кириб, уларга нисбатан қотиллик, босқинчилик ва бошқа оғир турдаги жиноятларни содир этганлиги аниқланди”, дейилади прокуратура хабарида.

Озодлик манбаларига кўра, пойтахт аҳолиси ўртасида ўзига хос ваҳима тарқатган бу жиноятчиларнинг қўлга олиниши жараёни осон кечмаган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ИИББ ва Тошкент вилояти ИИБ томонидан тузилган махсус тезкор гуруҳнинг қарийб 2,5 ой давом этган қидирувлари давомида 1000 дан ошиқ гумондор сўроқ қилинган, махсус профилактика рўйхатида турувчи 500 га яқин шахс ИИБ изоляторларига келтирилган.


Исми сир қолишини истаган паркентлик адовкатга кўра, сўроқлар чоғида гумондорлар қийноқларга солинган. Гумондорларни зўраки иқрорликлар билан қўрқитиб, улардан маҳалла, уй жойларини тарк этмаслик бўйича тилхатлар олинган.


“Агар қотиллар яна бироз қўлга тушмаганида милиция жуда кўп одамга ташвиш келтирарди. Шундоғам эндигина жазо муддатини ўтаб қайтган жиноятчилар Тошкент шаҳар ИИББга олиб келинди. Телефонда маиший тўловлар, иссиқ сув, совуқ сув, газ ҳақида гаплашганларни олиб бориб сўроқ қилишди”¸ дейди Озодлик мухбири боғланган бу адвокат.


Шунингдек, тергов-қидирув жараëнида “Таштеплоэнергия”, Тошкент шаҳар электр тармоқлари идораси, Тошкент шаҳридаги АТСлар ходимлари, водоканал, “Махсустранс” уюшмаси, Тошкент шаҳар БТИ ва Ер кадастр хизмати идораси ва бошқа коммунал хизмат органларининг ходимлари сўроқ қилинган.


Ваҳималарни бостириш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилояти профилактика инспекторлари тарафидан кўп қаватли уйлардаги пенсионерлар, боқувчисини йўқотган шахслар ҳимояси ташкил этилди.


Тошкент шаҳар Ҳамза тумани М. Ашрафий кўчасида истиқомат қилувчи кекса педагог Галина Петрованинг таъкидича, номаълум қотиллар пайдо бўлган кезларда милиция даҳадаги ҳар бир хонадонни битталаб кўздан кечирган.

Озодликда маълумотларга кўра¸Тошкент шаҳридаги ёлғиз қарияларни тунашда гумонланган гуруҳ аъзолари ўтган йилнинг 30 сентябрь куни қўлга олинди.


Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Исковуч” гуруҳ деб атаётган шахслар Тошкент вилояти Зангиота тумани Ички ишлар бўлими томонидан қўлга олинган.

Қўлга олинган шахслар дастлаб 26 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани 19-кварталида ёлғиз яшовчи 65 яшар аёл уйини тунашда гумонланган эди.

Шунингдек, уларга 6 сентябрда Чилонзор туманидаги Муқимий кўчаси 160-уй 31-хонадонда яшовчи 87 ёшли Хадича Носированинг уйига ўғирликка тушиб, унинг уч миллион сўм пулини ўмариш айби ҳам қўйилган эди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир йил мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони ўттиздан ошган.

Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган бўлиб, бир хил ўғирлик сценарий асосида бир қанча гуруҳлар ҳаракат қилган.

XS
SM
MD
LG