Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:40

"Coca-Cola Uzbekistan" яна маҳсулот чиқаришни бошлайди


"Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" қўшма корхонаси Тошкентдаги мегазавод яна тўлиқ режимда иш бошлаганини маълум қилди. Корхона маъмурияти 7 ойдан буён чиқмаётган Coca-Cola ичимлиги айнан қачондан сотувга чиқиши ҳозирча номаълум экани, аммо тез орада сотувда янги ичимликлар пайдо бўлишини ваъда қилмоқда.

"Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" қўшма корхонасига қарашли Тошкентдаги мегазаводда Coca-Cola ичимлигини чиқаришга ҳозирлик бормоқда.

Корхона маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, шу кунларда завод яна тўлиқ тартибда иш бошлаган.

"Аслида завод иши тўхтамаган эди. Чойларимиз чиқиб турибди. Лекин ҳозир энди Cola чиқаришга тайёргарлик кетаяпти. Точно қачон бутилкага қуйиш бошланиши ҳозир номаълум. Тез орада бўлиб қолади, кутиб туринглар!" деди корхонанинг ўзини таништирмаган ходими.

Шу йил январь ойида "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, LTD" қўшма корхонасида профилактик текширувлар бошлангани муносабати билан заводда асосий маҳсулоти - Coca-Cola ичимлигини чиқариш тўхтаб қолган эди.

Ширкатдаги давлат активлари 7 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорида ширкатда Ўзбекистон ҳукумати улуши 57,12 фоизни ташкил қилгани айтилди.

Озодликка Тошкентдаги манбалар "Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD" ширкатида ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идоралари текшируви қарийб 5 ойга чўзилганини хабар қилган.

Бу текширувлар ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Гулнора Каримова бизнес тизимларида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ ойлардан бери ўтказаëтган текширувларнинг бир қисми ўлароқ кўрилди.

Натижада, ширкатнинг маҳаллий бошқарувчиларидан иккитасининг ҳибсга олингани хабар қилинган. Уларга ширкатнинг 12 миллион АҚШ долларига тенг маблағини ноқонуний ўзлаштирганлик ва мамлакатга олиб келинган 4,6 миллион АҚШ долларилик шакар учун сохта декларация тузганлик айби қўйилгани айтилган.

Шунингдек, Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг яна икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар 2012 йил июлида Швейцария прокуратураси бошлаган жиноят ишда гумонланувчи сифатида тиркалган.

Ширкат менежерларидан бири ва унинг расмий эгаларидан бири бўлган Гаяне Авакян эса ўтган ҳафтада Тошкент вилояти Жиноят ишлари суди томонидан 6 йилга озодликдан маҳрум этилгани норасмий манбалар томонидан хабар қилинди.

Айни пайтда Авакян ҳам Швейцария прокуратураси томонидан катта миқдордаги пул ювиш амалиëтларида гумон қилинмоқда.

Ўзбекистон бозорида 1993 йилдан бери фаолият олиб бораётган “Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD” қўшма корхонаси турли идишларда беш хил – Coca-Cola, Coca-Cola Zero, Fanta, Sprite, Bonaqua ва Fuse Tea, Ice Tea салқин ичимликларини ишлаб чиқаради.

Ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ эри, АҚШ фуқароси, асли афғонистонлик ўзбеклардан бўлган Мансур Мақсудий оиласи томонидан Тошкентда ташкил қилинган эди.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи Мақсудийдан ажрашгач, Гулнора Каримова собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган "Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan" корхонасини тортиб олгани айтилади.

Coca-Cola ширкатининг Россия, Украина ва Белорусдаги филиалларини муовиқлаштирувчи бўлимидан олинган маълумотга кўра, филиаллардаги давлат активлари сони 50 фоиздан ошиқ бўлган мамлакатлардан бири Ўзбекистон бўлса, яна бири Хитойдир.

XS
SM
MD
LG