Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:35

Тошкентда рўмол ўраган китобхон Навоий кутубхонасига қўйилмади


Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонага рўмол ўраган китобхон қўйилмади. Кутубхона раҳбарияти шундай ҳодиса бўлганини тан олди ва рўмол ўраган, ҳижоб кийган аёлларнинг бинога кириши тақиқланганини маълум қилди. Пойтахтдаги бошқа кутубхона маъмуриятлари эса рўмолли китобхонларга эшиклар очиқлигини айтмоқда.

Гувоҳ: Китобхондан рўмолини ечишни сўрашди

Тошкент шаҳри марказидаги Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонага рўмол ўраган ёшгина китобхон қўйилмаганига гувоҳ эканини айтган муштарий Озодликка мана бу мактубни йўллади:

"Bugun man uchun judayam achinarliy va mani g'azabimni qo'zg'idigon vaziyatga guvoh bo'ldim. Bugun Alisher Navoi nomli kutibhonaga borgandim va o'sha yerdagi kirish joyida bir ROMOL o'ragan qizzi boshqalarga nisbatan qattiq tekshirib shunday deyishdi: ROMOLingni yechib kirasiz bo'lmasam kirolmaysiz deyishdi. Bu holatdan o'sha ajoib Muslima Qiz hatto man ham hafa bo'ldim nahotki o'zbek HIJOB o'ragan qzlarimiz ozimizni O'zbekistonimiza ilimni kuchaytirish uchun kutiibhonadan foydalana olishmasa. Shu malumotni o'qib tekshirasiz degan umiddaman" деб ёзди муштарий. (Сўровига биноан манба шахсига доир маълумотлар сир сақланмоқда. - Таҳр.)

Навоий кутубхонаси: Рўмоллилар киришига рухсат йўқ!

Мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган кутубхона ходими Вазирлар Маҳкамасидан хавфсизлик борасида келган талаб асосида рўмол ўраган, ҳижоб кийган шахслар кутубхона биносига қўйилмаслигини айтди.

"Шунчаки, бизда рухсат берилмайди. Бу тақиқланган. Буни биз ўйлаб топмаганмиз, раҳбарият тақиқлаган. Бунинг устига қўриқчилар ҳам қўймайди. Биз Вазирлар Маҳкамаси бошқаруви остидамизку, шунинг учун хавфсизлик бизда анча кучли", деди кутубхона ходими.

Навоий кутубхонаси Тошкент шаҳри марказидаги Хоразм кўчаси 51-уйда жойлашган. Кутубхона қаршисида Форумлар саройи, ёнгинасида Мустақиллик майдони жойлашган.

Бу ҳудуддаги биноларнинг барчаси кучайтирилган тартибда қўриқланиши ва ушбу ҳуддудаги бошқа биноларга ҳам рўмолли, ҳижобли шахслар қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди.

Бошқа кутубхоналарда рўмолга тақиқ йўқ

Шу аснода Озодлик мухбири Тошкентда бошқа кутубхоналар, шунингдек бошқа давлат идораларига рўмол ўраган шахслар қўйиладими ёки йўқми, деган савол жавоби билан қизиқди.

Тошкентда талаба ва ўқувчилар кўп қатнайдиган "Турон" кутубхонаси маъмурияти ходими бундай талаб борлигини инкор қилди:

"Бизда рўмолли қизлар бемалол келиб, ўқиб, китоб олиб кетишади. Уларни киритмаслик муаммоси ҳеч қачон бўлмаган. Рўмоллилар ўзи унчалик кўпмасу, лекин онда-сонда келиб туради", деб жавоб берди кутубхона ходими.

Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги фундаментал кутубхона, Республика илмий педагогика кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси давлат илмий тиббиёт кутубхонаси маъмуриятларидан ҳам рўмол ўраган ёхуд ҳижоб кийган, ёки соқол қўйган китобларга ҳеч қандай тақиқ йўқлиги ҳақида жавоб олинди.

Кутубхоналар қўриқчилари ИИВ ёхуд МХХ га бўйсунади

Номи юқорида келтирилган барча кутубхоналар кучайтирилган тартибда - Ички ишлар вазирилиги томонидан тайинланган формали қўриқчилар томонидан қўриқланиши айтилди.

"Остонада турадиган милиция кийимидаги қўриқчилар бизга бўйсунмайди. Улар Ички ишларга ёки Миллий хавфсизликка қарайди. Улар бизни ҳам ҳар куни текширади. Биз уларга фалончини қўйинг, фалончини қўйманг, деб айтолмаймиз", деди жумладан мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган кутубхона ходими.

"Рўмолли китобхонни қайтаришга қўриқчининг ҳаққи йўқ"

Хавфсизлигини ўйлаб, номини келтирмаётганимиз пойтахт кутубхоналардан бирининг ходими рўмолли толибаларни кутубхонага қўймасликка, ҳатто ИИВ ёхуд МХХ томонидан тайинланган қоровулларнинг ҳам ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

"Бизникига ўхшаган жамоат ташкилотларини ҳозир ИИВ ёки МХХдан юборилган қўриқчилар қўриқлайди, биласиз. Уларнинг ўзини тартиби бор ва улар бизга бўйсунмайди. Лекин, рўмоли борлиги учун китобхонни қайтариш, деган гап йўқку! Бизда лично унақа указание йўқ ва қоровулларни китобхонни қайтаришга ҳаққи йўқ", деди кутубхона ходими.

Аммо, бу ходим Миллий кутубхонада шундай тартиб борлигидан хабардорлигини айтди.

"У зоналардаги кутубхоналари аслида СНБ болалари қўриқлайди. У зона энди правительственный зона ҳисоблангани учун менимча шунақа", дея ўз фикрини илова қилди кутубхона ходими.

Вазирлар Маҳкамасида ҳижобли ходимлар ишламайди

1870 йилда халқ кутубхонаси сифатида фаолият бошлаган кутубхонага 2002 йилда Миллий кутубхона мақоми берилган эди.

Миллий кутубхонанинг янги биноси.
Миллий кутубхонанинг янги биноси.

2011 йилда эса кутубхона янги бинога кўчиб ўтди ва "Алишер Навоий номли миллий кутубхона ва симпозиумлар саройи" номини олди.

Ушбу кутубхона ходими рўмолга тақиқ берган "юқори ташкилот" сифатида номини тилга олган Ўзбекистон Вазирлар Макаҳмасига боғланган Озодлик мухбири рўмолли, ҳижобли аёлларни кутубхонага киритмаслик талаби сабаблари борасида маълумот олишга муваффақ бўлмади.

"Давлат ташкилотларига рўмолли, ҳижоблиларнинг кириш-чиқишга оид масалада телефон орқали жавоб ололмаслигингиз аниқ, келинг", деб жавоб берди маҳкама қабулхонаси телефон гўшагини кўтарган ходим.

Айни пайтда у мухбирнинг: "Вазирлар Маҳкамасида рўмол ёки ҳижобли ходималар борми?" деган саволига: "Йўқ, шахсан мен бунақа ходимимиз борлигини билмайман", деб жавоб берди.

"Бизнинг қўмитага аёллар рўмолини ечиб киради"

Тошкент шаҳридаги қатор давлат идораларига боғланган Озодлик мухбири идораларда рўмол ўраган ёки ҳижоб кийган аёллар ишламаслиги ҳақида жавоб олди.

Жумладан, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатчиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат Божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси, Давлат Солиқ қўмитаси, Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси ходимлари бу ташкилотларда рўмол ўраган ёки ҳижоб кийган ходимлар ишламаслигини айтишди.

Номини тилга олмаётганимиз биргина бошқарма ходими эса узоқ йиллар давомида ишлаб келган рўмолли ходимлар борлигини тан олди:

"Фақат улар рўмолини ечиб киради бинога. Баъзи кунлари орқасидан ўраб киради. Иш туганганда, ишхонамиздан чиқиб кетаётганда яна рўмолини ўраб олади. Энди улар узоқ йиллардан бери ишлаб келган, ўзимизнинг ишончли ходимларимизда", деди қўмита ходими.

Диний либос - баҳсли масала

Мақола давомида номи тилга олинган ташкилот ходимлари рўмолли ёки ҳижобли аёлларнинг ташкилот бинолари қўйилмаслиги ёхуд ишга олинмаслиги сабабини хавфсизлик чораси ҳамда мамлакатда жамоат жойларида диний либосни тақиқлаган қонун билан изоҳладилар.

Аммо, ҳар бир ташкилот остонадаги қўриқчиларда рўмол ўраган муслимани текшириш имкони бор ва бундай текширув натижасида мавжуд хавфни (рўмол ёки ҳижоб остида сақланиши мумкин, деб кўрилган хавф) мутлақо бартараф қилиш мумкин. Бу ҳолда иккинчи сабаб - рўмол ва ҳижобни тақиқлашга асос қилиб келтирилаётган қонунчилик қолади.

1998 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди” дейилган. Қонунда тақиқланган “ибодат либоси” иборасига изоҳ берилмаган.

Ўзбекистонда муслима аёллар ва тақводор эркакларнинг юқорида ўқиганингиз каби чекловлар дуч келиши, баъзан эса жарима ёхуд ҳибсга олиниши каби ҳолатларга айнан ана 14-модда сабаб бўлаётганини республикадаги дин пешволари ҳам қайд этганлар.

Ана шу норозиликлар ортидан ҳозир қонуннинг 14-моддасига шарҳ ёзилаяпти.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур биро муқаддам Озодлик билан суҳбатда "ибодат либоси"га оид моддага киритилажак шарҳлар ҳақида қисман маълумот берган:

- Мен "ибодат либоси" деган жумлани қонунга киритган юристлар билан гаплашдим. Шарҳларда рўмол, дўппи, махси-калиш, узун кўйлак ва шунга ўхшаш нарсалар - булар миллий либос, деб талқин қилинаяпти. Милиция ходимларининг бундай кийимларни "ибодат либоси" деб одамларни таъқиб қилганидан бизга кўплаб шикоятлар бўлгани боис, шундай шарҳ ёзилаяпти ҳозир. Тез орада бу шарҳ эълон қилинади, - деган эди шайх Абдулазиз Мансур.

Ҳозирча бу борада бирор янгилик берилгани йўқ.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:44 0:00
Бевосита линк

"Ибодат либоси"га тажовуз

Ўзбекистонлик муслима аёлларнинг кийими, асосан томоқдан тўпиққа тушар даражадаги узун куйлак ва бошдан кўкракка қадар ўраладиган катта рўмолдан иборат. Ўзбекистонлик кекса ёшдаги аёллар учун эса бу миллий-анъанавий либосдир.

Аммо, ҳозирга келиб бундай кийинган ёш муслима аёллар сони Ўзбекистонда сезиларли даражада озайиб кетди. Боиси, худди шу кийимнинг жамоат тартибига масъул идоралар томонидан “ибодат либоси” ўлароқ қабул қилинаётганидир.

1998-йилда мамлакат қонунчилигига киритилган ўзгартишлардан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Чегара ва Божхона хизматлари ходимлари томонидан ўзбекистонлик мусулмонларнинг ҳатти-ҳаракатлари, ибодатлари ва шу кунларга келиб, ҳатто уст кийимларига тажовуз қилмоқдалар.

Эркакларнинг бошидаги оқ дўпписи-ю аёлларнинг бошидаги рўмоллари учун ҳам милиция ходимлари эътироз билдириб, жазо қўллагани ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар кела бошлади.

Жумладан, Сирдарё вилояти Бахт шаҳар Ғалаба кўчаси 14/2-уйда рўйхатдан ўтган Манзура Каттахўжаева оқ рўмолни томоғининг тагидан боғлаб юргани учун Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани суди томонидан энг кам маош миқдорининг 4 баравари – 286 минг сўм миқдоридаги жаримага тортилгани Озодликка маълум бўлган.

Қўқон шаҳар 23-маҳалла қўмитаси фаолларидан бири Дилором Каримова Озодлик мухбири билан суҳбатда рўмолли аёллар рўмолини ечмаса ёки айтилганидек ўрамаса, бола учун бериладиган нафақа пулидан маҳрум қилинишдан огоҳлантирилганини тан олган эди.

Тошкент шаҳридаги 40-, 81-мактабларда таҳсил олган рўмолли ўқувчи қизларнинг ота-онаси қизалоқлар рўмоли учун ўқитувчилари тазйиқи остида қолганидан арз қилган, 40-мактабнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ўқитувчиси эса шаҳар ҳокимиятидан муслима ўқувчи қизлардан рўмолини ечиш талаб қилиниши ҳақида оғзаки кўрсатма берилганини тан олган эди.

Булар Озодликка маълум ўнлаб ҳолатлардан бир нечаси, холос.

XS
SM
MD
LG