Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:47

Ўш воқеасида айбланиб яна бир одам қўлга олинди


Санпа воқеасида айбланаётган судланувчилар маҳкама жараёнида.
Санпа воқеасида айбланаётган судланувчилар маҳкама жараёнида.

Қирғизистоннинг Сузоқ туманида 2010 йилги Ўш воқеалари пайти Санпа пахта заводи олдида 12 одамни ўлдирган гуруҳда иштирок этганликда гумонланиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олинди. Жалолобод вилояти милициясининг билдиришича, гумонланувчи 4 йил яшириниб юришга муваффақ бўлган.

Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарда айтилишича, Санпа пахта заводи яқинида 2010 йил Ўш қирғини пайтида тартибсизликларни уюштирган гуруҳ таркибида бўлганликда гумонланган шахс 21 июль куни қариндошларидан бирининг уйида ҳибсга олинган. Милиция қўлга олинган одамнинг исмини тергов сири нуқтаи назаридан ошкор этган эмас.

Милиция маълумотида мазкур шахс 4 йил мобайнида қариндошининг уйида яшириниб юргани айтилади. Гумонланувчи қўлга олинган уйдан ўқотар қурол ва граната топилган.

2011 йилда Санпа воқеасида айбланиб 19 этник ўзбек судланган эди. Уларнинг 17 нафари умрбод қамоқ жазосига, икки нафари эса узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. 21 июлда қўлга олинган шахс эса Санпа воқеасида қатнашгани иддао қилиниб қўлга олинган 20 айбланувчи бўлди.

2010 йилнинг 12-13 июн кунлари Сузоқ туманидаги Санпа пахта заводи яқинида маҳаллий аҳоли Бишкек-Ўш йўлини тўсиб, йўлга мазут тўккан ва уларнинг назарида “Бишкекдан Ўшга уруш қилиш учун келаётган” машиналарини тўхтатиб, уларнинг ичидаги одамларни ўлдирган. Натижада 12 киши ўлдирилган, 2 киши бедарак йўқолган, 11 машина ёқиб юборилган эди.

Санпа воқеасида айбланиб қўлга олинганлар орасидан фақат бир одам оқланган. Шамшиддин Ниёзалиев Санпа воқеасида иштирок этганликда айбланиб, 2010 йилнинг 29 сентябрида халқаро қидирувга берилган эди. У 2012 йилнинг январида Қозоғистонда қўлга олинган ва ўша йилнинг июнида Қирғизистонга экстрадиция қилинган. Бироқ 2013 йилнинг январида у Жалолобод вилоят суди томонидан оқланган.

Санпа воқеаси айбдори сифатида айбланиб, бир умрга қамалган 19 маҳбусдан бири Ғофуржон Абдураҳмонов қамоқхонада ўлган. Ғофуржон Абдураҳмонов 2012 йилнинг 12 июнь куни эрталаб Чуй вилоятининг Петровка қишлоғидаги қамоқхонадан Бишкекдаги 1-сонли қамоққа кўчирилган. Шу куни туш пайти камерадан унинг жасади топилган. Ғофуржон Абдураҳмонов ўлими тафсилотлари ханузгача номаълум қолмоқда.

Қирғизистон президенти фармойишига биноан 2012 йилда икки ой мобайнида ишлаб чиқилган Ўш қирғинининг расмий версиясига кўра, Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари (73,3%) ўзбек, 133 нафари қирғиз.

Халқаро ташкилотлар Ўш қириғинида айбланиб қамалганларга нисбатан адолатли судлов бўлганини шубҳа остига олиб келади.

БМТнинг Ўшдаги ваколатхонаси, мазкур ташкилот вакиллари томонидан 22 жиноят иши юзасидан судланган 102 одамга нисбатан маҳкама жараёнлари кузатилгани, судланувчиларнинг 61 нафари тергов жараёнида турли кўринишдаги қийноқларга солинганлари тўғрисида суд мажлисларида очиқ айтгани, бирқо суд бу баёнотларни қабул қилмаганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG