Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:05

Чинни бозордаги ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлгани очиқланди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 12 август куни Чинни бозорда содир бўлган ёнғин электр тизимидаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққанини маълум қилди. Вазирлик хабарига кўра, ёнғин натижасида одамлар орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

"Қурбонлар йўқ"

Ўзбекистон Ички ишлaр вaзирлиги 12 aвгуст куни Тошкентдaги Чинни бозордa содир бўлгaн ёнғин сaбaблaри бўйичa рaсмий мaълумот берди.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган мaълумотда айтилишича, Тошкентнинг Зaнгиотa тумaнидa жойлaшгaн “Бест- плюс” компаниясига қарашли Чинни бозордaги ёнғин электр симлaридaги қисқa тутaшувдaн келиб чиққaн.

Расмий хабарга кўра, ёнғин “ўз вақтида етиб келган ўт ўчирувчилар томонидан тезда ўчирилган”. Ёнғин оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Вазирлик ёнғин оқибатида Чинни бозордаги йигирмага яқин савдо дўконлари зарар кўрганини билдирган.

Айни пайтда Озодлик манбалари камида 150та дўкондаги 50 миллиондан 250 миллион сўмгача бўлган товарлар ёнғин натижасида кулга айлангани ҳақида хабар қилди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, ҳозирда ёнғин натижасида етган зарар миқдори аниқланмоқда.

"150та дўкондаги товарлар кулга айланди"

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган Чинни бозордаги ёнғин сешанба куни ярим тунда соат 12 яримда бошланган.

Зангиота ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ёнғинни ўчиришга жами 18та ўт ўчириш машинаси жалб қилинган.

“Пожарнийга ёнғин ҳақидаги сигнал 12:31да келиб тушган. Ёнғинни ўчиришга нафақат Зангиота тумани, балки қўшни туманларнинг пожарний машиналари ҳам жалб қилинди. Чилонзор туманидан битта бригада борган. Жами 18 та машина чиқди. Соат 02:12да ёнғин ўраб олинган ва соат 03:07да ўчирилган. Ёнғинни ўчиришга шу бир соатча вақт кетган”, деди Озодлик манбаси.

Чинни бозорда савдо қилувчи тадбиркорларнинг айтишича, ёнғин натижасида камида 150та дўкон ёниб кул бўлган.

Тошкентлик Шоира Содиқбекованинг Чинни бозордаги иккита дўкони ҳам ёнғин натижасида вайрон бўлди.

Содиқбекованинг Озодликка айтишича, иккита дўкондаги жами 250 миллион сўмдан зиёд маҳсулоти бутунлай ёниб кул бўлган:

- Чинни бозорнинг 70 фоиз қисми ёнган. 2 ёки 3 қатори қолган. Қолган қисми ёниб, буткул кулга айланган. 1- қатордан то 13-қаторгача бўлган қаторлар ҳаммаси кулга айланган. Ҳеч нарса қолмаган. Фақат учта томонда девори қолган холос. Бизларнинг 2та дўконимиз ҳам ёниб кулга айланган. Жудаям даҳшат... (йиғлайди). 250 миллион сўмдан зиёд товаримиз ёнди. Битта дўконимизнинг подвали бор эди. Подвалда ҳам моллар бор эди. Эмал идишлар, дазмол қиладиган доскалар, ҳамма товар ёнган. Дўконга ўрнатилган кондиционерларнинг ҳаммаси ёниб, эриб, қийшайиб, темирнинг ўзи қолган. 2та дўконнинг ҳар биттасини 2008 йилда 24 миллион сўмдан сотиб олгандик, - дейди Шоира Содиқбекова.

Чинни бозорда хўжалик ва маиший техника моллари билан савдо қилинади.

Шоира Содиқбековага кўра, Чинни бозор маъмурияти ёнган дўконлар ўрнида янгисини қуришга ваъда берган:

- Фақат дўконни қайтадан қуришга ваъда қилишаяпти. Яна керак бўлса, кредит беришни ваъда қилишди. Мол-мулк яъни моддий келтирилган зарарни ундириш тўғрисида ҳеч қандай гап-сўз йўқ,- дейди Содиқбекова.

Чинни бозорда уюшган жиноий гуруҳ бўлган

2012 йилнинг 16 апрел куни Тошкент вилоят жиноий ишлар суди Чинни бозорнинг 120 дан зиёд тадбиркорига етказилган зарарни қоплаш бўйича ҳукм чиқариб, бозордаги дўконларни қуриш ишларида прораб бўлиб ишлаган Фарҳод Абдураззоқовга 15,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Айблов хулосасида судланувчи Чинни бозордаги қурилиш ишлари учун “ТАТИКО” номли сохта фирма ташкил қилиб, давлат бюджетидан ажратилган 4 миллиард сўм пулни ўзлаштириб юборгани қайд қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, Чинни бозор қурилишида қаллобликларга қўл урган бозор маъмурияти, солиқ инспекцияси ва СЭС ходимларидан иборат жами 20 дан ортиқ одам ҳибсга олиниб, маҳкамага тортилган.

Суд бозор маъмурларини коррупцияга боғлиқ жиноятлар ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбдор деб топган.

Айблов хулосасида ёзилишича, бозор маъмурияти янги қурилган расталарни тадбиркорларга қиммат нархда сотиш эвазига 11 миллион сўм миқдорида фойда ҳам кўрган.

Маҳкама судланувчилар зиммасига Чинни бозорнинг 120дан зиёд тадбиркорига етказилган зарарни қоплаш маъсулиятини ҳам юклаган эди.

XS
SM
MD
LG