Хабаровск полицияси марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг икки гуруҳи ўртасида келиб чиққан оммавий муштлашувни тўхтатиб қолди. Жанжалга бир аёлнинг ҳақоратлангани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Россиянинг Узоқ Шарқида жойлашган Хабаровск шаҳрида меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув бўлди.
Бу хабарни тасдиқлаган Хабаровск вилояти бўйича Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ҳодиса 23 август куни тунда Даниловская кўчасида содир бўлганини тасдиқлади.
- Марказий Осиёдан келган 4 фуқарога нисбатан безорилик ҳаракатларини амалга оширганликда айбланиб, Ўзбекистоннинг 3 фуқароси ҳибс этилди. Жанжалга Марказий осиёликлар ўртасида бирдан келиб чиққан келишмовчилик сабаб бўлган, - деди Анна Герасимова.
Полиция тарқатган маълумотга биноан, Хабаровскнинг 11 полиция бўлимига муштлашув жойидан 11 киши келтирилган. Текширув натижасида Хабаровск вилояти махсус приёмнигига 5 нафар ҳужжати жойида бўлмаган ўзбекистонлик юборилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари улар маъмурий жавобгарликка тортилиши ва Россиядан депортация қилинишини гапирмоқда.
Муштлашув пайтида битта ўзбекистонлик ва учта қирғизистонлик жароҳат олгани айтилди. Полиция бошқармаси муштлашув миллатлараро низо асосида келиб чиқмагани, иккала муштлашган тарафда ҳам қирғиз, ҳам ўзбеклар борлигини такидламоқда.
Муштлашувда иштирок этганларга кўра, икки томонда жами 40-45 киши муштлашувда иштирок этган. Жанжалга бир кишининг бошқа бирининг рафиқасини ҳақорат қилгани сабаб бўлган. Икки кишининг “разборкаси”га кейинроқ ҳар тарафдан ўнлаб одам қўшилиб кетган.
Даниловская кўчасидаги безорилик юзасидан Хабаровск шаҳри бўйича Ички ишлар бошқармаси томонидан жиноий иш қўзғатилди. Тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.
Айтиш жоизки, мигрантларнинг Россиядаги оммавий муштлашувлари биринчи маротаба бўлаётгани йўқ.
Жорий йилнинг 26 майида Москва-Сити қурилишида ишлаётган муҳожирларнинг икки гуруҳи ўртасида бўлиб ўтган оммавий муштлашувда 50-га яқин қурувчи иштирок этгани; 19 май куни Санкт-Петербургнинг Киров туманида ҳам меҳнат муҳожирлари орасида оммавий муштлашув бўлиб ўтган эди.
Шаҳарнинг Комсомольская майдонидаги тўқнашувда 15 кишигача одам иштирок этгани, 29 ёшли ўзбекистонлик Элдор Бўтаев ҳодиса жойида кўкрагидан пичоқ билан зарба олиб нобуд бўлгани, боши ёрилган яна бир киши - Ботуров Ш., оғир аҳволда маҳаллий клиникага олиб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.