Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Бухорода милиция зобити ҳибсга олинди


Шу йилнинг 9 сентябрь куни Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи, милиция подполковниги Алишер Андаев ҳибсга олинган. Озодлик манбасига кўра, 40 яшар милиция зобити Бухоро шаҳри Когон шоҳ кўчаси 25-уйда жойлашган “Озода-Озод” номли гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси маъмуриятига нисбатан товламачилик ва порахўрликда айбланмоқда.

Маълум бўлишича, МХХнинг Бухоро вилояти бошқармаси тергов изоляторида сақланаётган милиция зобитига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) ва 210-моддалари (Пора олиш) билан жиноят иши очилган.

“Муқаддам гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикасида режали текширув ўтказилган. Ана шу текширув давомида фабрика маъмуриятида ишловчи бир қанча ходимлар жавобгарликкка тортилган. Тергов ва суриштирувлар давомида гиламчилар Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаевнинг систематик равишда пора олиб келгани ҳақида СНБга кўрсатма беришган”, дейди манба.

Муқаддам Алишер Андаев Бухоро вилояти ИИБнинг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси тезкор вакили, сўнгра бошлиғи сифатида вилоятда фуқаролик жамияти вакиллари, хусусан, ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқ ўтказиб келган амалдорлардан бири эди. У 2013 йилда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими собиқ раиси Бобомурод Раззоқовнинг ҳибсга олиниб, қамоққа юборилишида етакчи роль ўйнаган шахс бўлиб, фуқаролик жамиятининг бошқа вакилларини ҳам таъқиб қилиб келган.

Милиция зобитига нисбатан илгари урилаётган айбловлар тасдиқланса, у 10 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Кейинги бир неча ойдан бери Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида юзлаб зобит ва ходимлар ҳибсга олинди.

Ўтган ойда, Қашқадарёда Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоев билан бирга яна бир неча амалдор ҳибсга олинган эди. Ундан аввалроқ эса, МХХнинг 12 нафар зобити узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ичидаги тозалаш жараёни натижасида сўнгги 2-3 ой ичида МХХ, ички ишлар, прокуратура, божхона, солиқ тизимида юзлаб ходимлар ишдан олингани ва кўплари қамоққа ташлангани айтилади.

XS
SM
MD
LG