Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:12

“Чорсу” бозоридаги тадбиркорлардан пахтага бориш талаб қилинди


Тошкентнинг “Чорсу” буюм бозоридаги дўкон эгаларидан пахтага бориш талаб қилинмоқда. Озодлик манбаларига кўра, кунлик савдони ташлашга кўзи қиймаган дўкондорлар мардикор ёллаб, ўрнига пахтага жўнатмоқда. “Чорсу” бозори маъмурияти вакили Озодликка ҳашарчилар жума куни пахтага жўнаб кетишини билдирди.

“Чорсу” буюм бозоридаги дўконлардан бирининг соҳиби Акмал Содиқов (хавфсизлик нуқтаи назаридан исми ўзгартирилди - таҳр.) Озодлик билан суҳбатда ўтган ҳафтада бозор маъмурияти тадбиркорларни йиғиб, пахта теримига одам жўнатиш кераклигини айтганини билдирди.

Тадбиркорга кўра, бозор маъмурияти “Пахта-2014” кампаниясига ёрдам бериш мақсадида шундай қилинаётганини тадбиркорларга тушунтирган.

- Ҳар тўртта дўкон битта одам ёллаб пахтага жўнатяпти. Пахта теримчиларининг бир кунлик иш ҳақи 40 минг сўм экан. Шунда ҳар бир дўконга битта ҳашарчига тўлайдиган пул 300 минг сўмдан тушаяпти, дейди Акмал Содиқов.

Унга кўра, тўртта дўкон 300 минг сўмдан пул йиғиб берса, пахтага ёлланган одам бир ойда 1 миллион 200 минг сўм пул ишлайди. Бундан ташқари, терган пахтасига тўланадиган пул ҳам унинг ўзига қолади.

Акмал пахтага одам ёллаб жўнатиш мажбурий эмаслиги, тадбиркор хоҳласа, пахтага ўзи ҳам бориши мумкинлигини қўшимча қилди.

- Ёлланган одамнинг паспортидан битта нусха олиб қолинади ва меҳнат ҳақининг ярми олдиндан қўлига берилади. Қолганини пахтадан қайтиб келганидан кейин олади. Хоҳласа, дўкон эгасининг ўзи бориши мумкин. Дўкон эгалари савдо билан банд бўлгани учун одам ёллаяпти, дейди суҳбатдош.

Акмал Содиқов “Чорсу” бозори маъмурияти тадбиркорлардан пул йиғиб олмаётгани ва пахтага одам ёллашга аралашмаётганини таъкидлади.

- Бозор маъмурияти ёки ҳокимият пахтага одам ёллаш учун пул йиғишга аралашмаяпти. Ким одам жўнатадиган бўлса, ўзи топаяпти. Пул пахтага борадиган одамнинг қўлига берилади, дейди тошкентлик тадбиркор.

“Чорсу” бозори маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка бозор маъмурият пахтага шу ҳафтада одам жўнатишини айтди.

- Жума куни эрталаб соат 7 да отправка, “Панорама”нинг олдида. Бозор номидан 150 киши боради. Ҳозир ҳаммага телефон қилиб айтишяпти, деди бозор маъмурияти ходими.

Унга кўра, “Чорсу” бозори маъмурияти пахтага борадиган одамлар рўйхатини аллақачон туман ҳокимиятига топширган.

Ўзбекистон ҳукумати 18 ёшга тўлмаган ўқувчиларни пахта теримига чиқармаслик ҳақида қатъий буйруқ бергани ортидан Тошкент ва вилоятларда бюджет ташкилотлари ходимлари, шунингдек, хусусий секторда фаолият юритаётган тадбиркорларни пахтага сафарбар қилиш кампанияси давом этмоқда.

6 сентябрь куни Озодликка маълум бўлишича, Тошкентнинг “Қўйлиқ қурилиш моллари бозори”га борган Бектемир туман ҳокими ўринбосари дўкон соҳибларига тумандан пахта теримига одам жўнатиш лозимлиги, пахтага бора олмайдиганлар 800 минг сўмдан пул йиғиб бериши кераклигини айтган.

15 сентябрь куни Жиззахдан электрон почта орқали Озодликка мактуб йўллаб, исми ошкор этилмаслигини сўраган тадбиркор ҳам шаҳар ҳокимияти расмийлари “Зебо” савдо марказидаги ҳар бир дўкон пахтага 2 ёки 3 кишини жўнатиши кераклиги ҳақида буйруқ берганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG