Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:52

Ўзбек муҳожири Домодедово аэропортида ўз жонига қасд қилди


Икки ҳафта аввал Россияда пул ишлай олмаган 39 яшар меҳнат муҳожири ўз уйига қайтишга ор қилиб, ўзини аэропортнинг иккинчи қаватидан пастга ташлаб юборган эди. Россия полицияси худкуш Ўзбекистон фуқароси Ўткир Мустафоев бўлганини маълум қилди.

2014 йилнинг 15 сентябрь куни кечки пайт Москванинг “Домодедово” халқаро аэропорти биносининг иккинчи қаватидан ўзини ташлаб юборган муҳожир Ўзбекистон фуқароси эканини Озодликка аэропорт вакили тасдиқлади.

Дастлабки тергов-суриштирув 1975 йилда туғилган Ўткир Мустафоев ўз жонига ўзи қасд қилгани аниқланди, дейди Озодлик билан суҳбатда аэропорт расмийси Дарья Коршунова.

- 2014 йилнинг 15 сентябрида йўловчилардан бири ўз ихтиёри билан халқаро учиб кетиш зонасидаги зинапоядан пастга сакради. Йқилишда оғир тан жароҳатлари олган фуқаро ўша ерда жон таслим қилди. Ҳодиса жойига зудлик билан етиб келган аэропорт ва тиббий хизмат ходимлари унга ёрдам кўрсата олишмади,- дейди Дарья Коршунова.

LifeNews нашри эълон қилган аэропорт кузатув камераларидан олинган ёзувлардан Ўткир кимдандир қочиб келаётгани ва зинапоя панжарасидан ошиб уни тўхтатиб қолишга уринаётган одамнинг ҳаракатларига қарамасдан, пастга сакраётганини кўриш мумкин.

Транспорт полицияси Озодлик сўровига жавобан дастлабки тергов натижалари ҳақида маълумот тақдим қилди. Аниқланишича, 39 ёшли Ўткир Мустафоев Россия пойтахтига иш излаб келган. Бироқ, иши юришмасдан у бир неча ой давомида ҳатто уйга қайтиб кетишга маблағ топа олмаган.

У билан бирга Москвада бўлган синфдош дўстларидан бири Ўткир сўнгги пайтларда пулсизлик ва иши юришмаслигидан тушкунликка тушиб, “ҳаёти бемаъни кечаётгани”дан қайғуриб келганини айтган. Оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик муҳожир ватнида қолган яқинларига пул жўната олмаётгани ва ёрдами тегмаётганидан ҳижолат чекиб юрган ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш фикрларини очиқчасига дўстларига билдириб келган.

Ўткирнинг оғир руҳий ҳолатга тушаётганини сезган дўсти кўмак тарзида Ўзбекистонга авиачипта олиб берган ва ўзи билан уни Москвадан олиб кетмоқчи бўлган.

"Бироқ, аэропортнинг паспорт назоратига яқинлашиб келган хорижлик бирдан қочиб чиқиб, ҳамроҳликда кетаётган дўстининг қаршилигига қарамасдан, эскалатор томон югуриб борди ва ўзини иккинчи қаватдан пастга отворди", дейди Россия транспорт полицияси вакили.

- Қариндошларининг сўзларига кўра, ўлган шахс ўзини ўлдиришга мойиллиги бўлган. Москванинг Ҳаво ва сув транспортидаги Тергов қўмитаси бошқармаси бу иш юзасидан суриштирув ишларини ўтказди. Жабрланувчи ўзини пастга ташлаб юборгани, уни ҳеч ким ташлавормагани ёки итариб юбормагани аниқ,- дея билдирди ўзини таништирмаган бошқарма вакили.

Озодлик манбаларига кўра, ўз жонига қасд қилган ўзбек муҳожири жасади аллақачон Ўзбекистонга юборилган.

Бу Домодедово аэропорти ҳудудида ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ ягона бахтсиз ҳодиса эмас.

Ўтган йилнинг 14 декабрь куни Домодедово шаҳар округида қўлга олинган 43 яшар ўзбекистонлик эркак полиция бўлимида жон таслим қилган эди. Полиция ходимлари унинг шахсини аниқлашга уринган пайтда эркакни тутқанок касали тутган. Полициячилар дарҳол Тез ёрдам машинасини чақирган. Бироқ шифокорлар етиб келгунча у вафот этган.

2011 йилнинг 24 январ куни “Домодедово” аэропортининг хорижий рейслар йўловчилари чиқадиган йўлагида худкуш шахс ўзини портлатгани оқибатида 36 киши нобуд бўлган, 120 нафардан ортиғи яраланган эди. Нобуд бўлган ва яраланганлар орасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор бўлган.

XS
SM
MD
LG