Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:44

Пахтага чиқармаслик учун пора олган домла ҳибсга олинди


Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг домласи Нодир Йўлдошев Сирдарёнинг Сайхунобод туманидаги пахта штабида Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинди. 28 яшар Йўлдошев талабалардан пахтага чиқармаслик эвазига пора олганликда айбланмоқда.

Тошкент Ирригация ва мелиорация институтиниг домласи 28 яшар Нодир Йўлдошевнинг бир ҳафта аввал Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги пахта штабида ҳибсга олингани ҳақидаги хабар Озодликка 20 октябрь куни маълум бўлди.

Бу ҳақда хабар қилган манбага кўра, мазкур институтнинг Сув хўжалигини бошқариш ва унинг иқтисодиёти факултети “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” кафедраси ассистенти бўлган Нодир Йўлдошев талабалардан пахтага чиқармаслик эвазига пора олганликда айбланиб ҳибсга олинган:

“1986 йилда туғилган Нодир Йўлдошев талабаларнинг пахтага чиқмаслиги учун пора олганлик бўйича ушланди. Уни 12 октябрь куни Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари қўлига кишан солиб олиб кетишди. Унинг порани олаётган пайти ушланганини айтишди. У шу пайтгача бошқа талабалардан ҳам пора олиб келган. У талабалардан порани олиб тепадаги деканлар билан бўлишиб келганини ҳам айтишди”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Сирдарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Нодир Йўлдошевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 210-моддаси, яъни “Пора олиш” моддаси бўйича жиноий иш очилган бўлиб, тергов суриштирув ишлари билан МХХ ходимлари шуғулланмоқда.

Манба Нодир Йўлдошевнинг МХХ тергов ҳибсхонасида сақланаётганини маълум қилди. Бироқ МХХнинг қаердаги ҳибсхонасидалигини очиқламади.

Жорий йилда мамлакатнинг турли ўқув юртларидан пахта мавсуми билан боғлиқ коррупция ҳолатлари борасида Озодликка бир қанча мурожаатлар бўлди.

Жумладан, Сaмaрқaнд вилояти Жомбой тумaнидаги Трaнспорт кaсб - ҳунaр коллежи тaлaбaлaри домлалар томонидан касал талабаларни пахтага чиқмаслиги учун улардан 100 АҚШ доллари миқдорида пора сўралгани ҳақида ёзишди.

Қўқон давлат Педагогика институти талабалари эса домлалар 300 доллар эвазига пахтадан қолишни таклиф қилгани ҳақида хабар қилишди.

Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали талабаси эса пахтага бормаслик учун талабалардан 200-400 доллар атрофида пора йиғилгани ҳақида Озодликка хабар йўллади.

XS
SM
MD
LG