Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

Юмалоқ муҳр учун хориждан "справка" сўралмоқда


 Ўзбекистон паспортидаги юмалоқ муҳр
Ўзбекистон паспортидаги юмалоқ муҳр

Андижонда биометрик паспорт олмоқчи бўлган меҳнат муҳожирларидан хорижда иш жойи борлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмоқда. Акс ҳолда фуқаронинг паспортига юмалоқ муҳр босилмаяпти. Айни пайтда паспортга юмалоқ муҳр бостириш учун ҳокимнинг рухсати ва тиббий маълумотнома ҳам сўралмоқда.

Андижон вилоятидаги паспорт бўлимлари меҳнат муҳожирлигига кетмоқчи бўлган фуқаролар агар Россия ёки Қозоғистондаги иш жойидан меҳнат шартномасини тақдим қилмаса, биометрик паспортга юмалоқ муҳр босмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган андижонликларга кўра, юмалоқ муҳр бостириш меҳнат муҳожирларининг асосий муаммосига айланган:

“Аввалига турли баҳоналар билан печатни босмай келаётган эди. Эндиликда кетаётган давлатдан расмий тасдиқланган меҳнат шартномасини сўраяпти. Маҳаллакомлар ким четга ишлашга кетиши мумкинлиги ҳақида рўйхат тузишган. Шу рўйхат милицияга берилган. Агар сиз “Мен ҳеч қаерга кетмайман”, десангиз ҳам улар ишонмаяпти. Ўша рўйхатдагиларнинг паспортига круглий печать босилмаяпти”, дейди андижонлик муштарийлардан бири.

Санкт-Петербургда меҳнат қиладиган андижонлик йигитнинг айтишича, у талаб қилинаётган ҳужжатни топшириб, паспортига муҳр бостиришга муваффақ бўлган:

"Мен тўрт йилдан бери Санкт-Петербургдаги фирмада ишлайман. Ёзда паспортимни алмаштиришга келгандим. Беш ой деганда зўрға паспортимни тўғриладим. Ишхонамдан шартномани олдирдим. Лекин барибир икки ойда қўйиб беришди. Ҳамма талаб қилган ҳужжатларини бердим. Кейин таниш топиб, озгина пул ҳам бердим", деди андижонлик йигит.

Андижондан олинган маълумотларга кўра, хорижга кетмоқчи бўлганлар рўйхатидаги фуқаролардан тиббий маълумотнома ҳам талаб қилинмоқда:

“Мендан соғлигим бўйича поликлиникадан справка сўрашди. Бориб медсправка олиб келдим. Лекин барибир икки ойдан буён паспортимга круглий печатни босмаяпти”, деди андижонлик йигит.

Озодлик аввалроқ Андижоннинг Избоскан туман ИИБ паспорт бўлими ходимлари паспортга юмалоқ муҳр бостирмоқчи бўлган фуқаролардан туман ҳокимлигидан ёзма рухсат олиб келишни талаб қилаётгани ҳақида ёзганди.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқаросининг паспортида юмалоқ муҳр бўлмаса, у Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ мамлакатлари ҳудудига сафар қила олмайди.

Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси масъуллари биометрик паспортга юмалоқ муҳрни босиш борасида ҳеч қандай чеклов йўқлигини таъкидлашди.

Айни пайтда Андижон вилоят "Маҳалла" жамғармасининг исмини очиқламаётганимиз ходими, хорижга ишлашга чиқишни чеклаш борасида оғзаки кўрсатма борлигини айтди:

“Барча орган ходимлари, маҳаллакомлар, ҳокимликлар меҳнат муҳожирлиги кўламини камайтириш борасида ишлаяпти. Четдагиларни қайтариш устида жиддий ишлаяпмиз. Келганларни қайта чиқармаслик борасида ҳам топшириқлар бор. Круглий печатни босмаслик ҳам четга чиқишни камайтириш учун хизмат қилаяпти”, деди Маҳалла жамғармаси ходими.

Ўзбекистонда фуқароларни меҳнат муҳожирлигига чиқармаслик борасидаги расмий тадбирлар бошқа вилоятларга ҳам кузатилмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки икки чорагида Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти бўйича тахминан 15 минг меҳнат муҳожири уйига қайтарилди.

Озодлик манбаларига кўра, милиция бошчилигидаги махсус гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг яқинларига босим ўтказмоқда.

Бу тадбир Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона шаҳридаги мажлисда хориждагиларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги топшириғидан сўнг бошланди.

XS
SM
MD
LG