Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Андижон ҳокими Избосканда кўмирнинг эркин бозорини йўқ қилди


Ҳукумат ваъда қилган кўмирни ололмаган, уни бозордан тополмаган избосканликлар бошқа туманларга кўмир қидириб кетмоқда.
Ҳукумат ваъда қилган кўмирни ололмаган, уни бозордан тополмаган избосканликлар бошқа туманларга кўмир қидириб кетмоқда.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 27 ноябрь куни Избоскан туманига бориб, эркин нархда кўмир сотаётган тадбиркорларни кўмирни тенг ярим нархида сотишга мажбурлади. Бу ҳақда Озодликка хабар берган избосканликларнинг айтишларича, мажбурий савдодан катта зарар кўрган тадбиркорлар умуман кўмир сотмай қўйган. Ҳукумат ваъда қилган арзон кўмир ололмаган избосканликлар эса бошқа туманларга кўмир излаб кетмоқда.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 27 ноябрь куни Избоскан туманидаги кўмир савдогарларига кўмирни тенг ярим нархига арзонлатишни буюрган.

Исми сир қолиш шарти билан бу ҳақда Озодликка гапирган избосканликлардан бирига кўра, ҳоким кўмирнинг эркин нархини пасайтириш вазифасини солиқ инспекциясига юклаган:

“Катта ҳоким Избосканга келиб реконструкция қилинган 2-мактаб, касалхона ва янги бозорни кўрди. Ҳоким шу билан бирга йўл бўйида аҳолига тижорат нархида кўмир сотаётган тадбиркорларни қақшатди. Мен ўзим бу воқеанинг гувоҳи бўлдим. Ҳоким мошинадан тушиб келиб, кўмирни қанчадан сотяпсан, деб сўради. Сотувчи 550 сўмдан, деди. Ҳоким эса 350дан бир сўм ортиқ сотмайсан, дедида солиқчиларни группасини чақиртирди", дейди манба.

Унинг айтишича, шундан сўнг тадбиркорлар эътироз билдира бошлаган:

“Тадбиркорларнинг, ҳоким бува бу кўмир бизга 490-500 сўмдан тушиб келяпти, устига 50 сўмдан қўйиб сотяпмиз, биз зарарига сотмаймизку, деганига қарамасдан ҳоким кўмирни солиқчилар назоратида 350 сўмдан соттириб юборди. Ўша куннинг эртасидан бошлаб Избосканнинг бирор ҳудудида бозорга кўмир чиқмади. Тўрткўл, Мойгир деган қишлоқлардаги бозорлардаги кўмирларни эса солиқчилар мусодара қилган. Ҳукумат ваъда қилган кўмирни ололмаётган, куни бозордаги кўмир билан ўтиб турган аҳоли оғир аҳволда қолди. Одамлар бошқа туманларга кўмир излаб кетмоқда”, деди тадбиркор.

Бошқа бир избосканлик ҳам ҳукумат ваъда қилган кўмирга ҳали-бери навбати келмаслигини айтар экан, вилоят ҳокими қаҳратон қишда одамларни сарсон қилиб қўйганини таъкидлайди:

- Мен ҳам куни кеча кўмир олай, деб Пойтуққа чиқдим. Ҳеч қаерда кўмир йўқ. Одамлар изиллаб, кўмир излаб юрибди. Ҳоким кўмирни арзон сотасан, дегандан кейин кўмирчилар тижоратларини йиғиштирибди. Тадбиркорлар аҳмоқ эмаску, ўз зарарига кўмир сотса? Бу ёғи совуқ қаттиқ бўляпти, свет уч соат ёнса, олти соат ўчади. Маҳаллага берамиз деган, лекин ҳали навбатим узоқ экан. Кейин, бир тонна берган кўмири 500-600 кило чиқяпти,- деди избосканлик.

Избосканликларнинг айтишларича, айни пайтда тижорат нархида сотиладиган Ангрен кўмири ҳам, Қозоғистондан келтириладиган кўмир ҳам бозорлардан йўқолган. Озодлик манбаси Ангрен кўмири Қозоғистондан келтирилган кўмирдан қиммат эканлигини айтади:

“Қозоқ кўмирининг бир килоси 470-500 сўмга етиб келади бизнинг Избосканга. Ангрен кўмири эса 700дан 760 сўмгача келади. Тадбиркорлар уни элаб, сеткалаб устига 50-100 сўмдан қўйиб сотишарди. Энди эса униси ҳам, буниси ҳам йўқ”, дейди манба.

Избоскан тумани ҳокими Улуғбек Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда кўмирнинг тижорат нархларда сотилишига тақиқ қўйилганини тасдиқлади. Ҳокимнинг айтишича, бу тадбир кўмир нархининг ошиб кетишини олдини олишга қаратилган:

- Эркин нарх йўқ. Буни тўхтатилишига сабаб, кўмир сотувчилар хоҳлаган нархини қўйиб сотишяпти. Биз аҳолини кўмир билан ўзимиз арзон нархда таъминлаймиз. Кўмир ҳамма жойда бор. Куни кеча яна 25 вагон кўмир келди. Ҳар бир қишлоқ фуқаролар йиғини эҳтиёжига қараб ажратганмиз, ҳаммаси қаттиқ назоратда. Ўзимиз тақсимлаб белгиланган нархда аҳолининг уйигача олиб бориб беряпмиз,- деди Улуғбек Абдуллаев.

Ҳокимнинг айтишича, бир тонна Ангрен кўмирининг аҳолига сотиладиган нархи 125 минг сўм, Қозоғистон кўмирлари эса 210 ва 300 минг сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда табиий газ ва электр таъминотидаги муаммолар боис Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг махсус қарори бўйича қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларини оммавий равишда кўмир билан иситиш тизими йўлга қўйилган.

Бироқ, кузатувчиларга кўра, ўтган йиллар давомида ҳукумат аҳолини кўмир билан етарли даражада таъминлай олмаган.

XS
SM
MD
LG