Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:17

Пайариқда газ қуйиш станциясидаги портлашда бир киши ҳалок бўлди


Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги АËҚШда ëнғин
Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги АËҚШда ëнғин

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги автомобилларга пропан гази қуйиш шохобчасида 14 декабрь куни содир бўлган портлашда шохобча ишчиларидан бир киши ҳалок бўлди, уч киши 30-90 фоизлик куйиш жароҳати билан оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, автомобиль моторидан чиққан учқун портлашга сабаб бўлган.

Пайариқ туманининг Самарқанд хўжалиги ҳудудидаги автомобилларга пропан газ қуйиш шохобчасида 14 декабрь куни эрталаб соат 8 ларда кучли ёнғин содир бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган, пайариқлик манбанинг айтишича, автомобиль моторидан чиққан учқун ёнғинга сабаб бўлган:

"Жуда ҳам катта ёнғин бўлди. Айтишларича, мошинага газ заправка қилаётгандами ёки бўлгандан кейинми мотор ёниб кетган. Туман марказидан 9 та ўт ўчириш машинаси келди. Ёнғинни икки соат давомида зўрға ўчиришди. Бир киши ёнғинни ичида қолиб жизғанак бўлиб кетган экан. Ўчириб бўлгандан кейин топишди уни. Яна уч кишини олиб кетишди, жуда ҳам қаттиқ куйган эди", деди манба.

Пайариқ тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ёнғинда бир киши ҳалок бўлганини, уч киши касалхонага олиб кетилганини тасдиқлади.

"Бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, уч кишини аввал ўзимизнинг касалхонага, кейин Самарқандга олиб кетишди. Воқеа содир бўлган жойда экспертларимиз ишламоқда. Оддий техника хавфсизлигига риоя қилинмаганлиги натижасида ёнғин келиб чиққан", деди ички ишлар мулозими.

Самарқанд вилояти тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, уч киши жуда оғир аҳволда келтирилган:

“Бизга уч кишини олиб келишди. Бири 90 фоиз, бири 75 фоиз, бири 30 фоиз куйган. Энди бизнинг тажрибамизда 70 фоиздан ортиқ куйган одамларни сақлаб қолиш қийин. Лекин қўлимиздан келган ҳамма ишни қиляпмиз. Учови ҳам реанимация бўлимида ётибди", деди бирлашма мулозими.

Мулозимнинг айтишича, куйганларнинг 3 нафари шохобча ишчилари, бир нафари эса ҳайдовчидир.

Озодлик АЁҚШлардаги ёнғинлар, айниқса, машиналарга ўрнатилган газ баллонларнинг портлагани тўғрисида кўп хабар қилган.

Февраль ойида Наманган туманидаги “Эзгу ният сари” автомобилларга газ қуйиш шохобчасида Нексия автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида шохобча хизматчиси тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган эди.

Ўтган йилнинг 1 март куни Самарқанд вилояти Булунғур тумани марказидаги “Бахт-ер” автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ)да Нексия автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 36 метр узоқликда турган фарғоналик йўловчи 35 ёшли Игор Жўраев ҳалок бўлган эди.

2013 йилнинг 18 октябрь куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани Азамат қишлоқ фуқаролар йиғинининг Қирқйигит қишлоғида янги очилган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш оқибатида икки одам нобуд бўлган эди.

XS
SM
MD
LG