Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Россия-Беларус можароси туфайли Ўзбекистон сариёғсиз қоладиган бўлди


Литвалик тадбиркорлар Россия - Беларус чегарасида ўрнатилган чекловлар туфайли Ўзбекистонга 1 минг тонна сариёғни етказиб бера олмаяпти.

Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) буни Кремль жорий қилган санкциялар туфайли Европадан озиқ-овқат маҳсулотлари киритилишига тўсиқ қўйилгани билан изоҳламоқда.

Минг тонна сариёғ чегарадан ортга қайтди

Беларус орқали Ўзбекистонга жўнатилаётган 1 минг тонна Литва сариёғи Россия чегарасига етмасдан ортга қайтарилди.

Литва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмийси Божена Заборовская Озодлик билан суҳбатда Беларус ва Россия ўртасидаги товарлар транзити билан боғлиқ тушунарсиз вазият ва сиёсий келишмовчиликлар учинчи мамлакатлар олди-бердисига жиддий зарар кўрсатмоқда, деди.

- Бизнинг фирмамиз Ўзбекистонга минг тонна сариёғ сотди ва маҳсулот Беларус чегарасидан ўтиб, кейин ортга қайтарилди. Энди бу маҳсулот учун бошқа транзит йўли қидирилмоқда: билмадим, Латвия-Эстония ёки Польша орқали. Тўғриси, биз бу ерда тушунарсиз сиёсий вазият билан тўқнашдик. Бизнинг маълумотимизга кўра, Россия Беларус орқали товарларнинг транзитига чеклов қўйди, Беларус эса бу чекловлардан норози. Халқаро қиодаларга кўра эса бундай қарор кучга кириши учун икки тарафнинг розилиги керак. Бизнинг ширкат эса бундай вазиятда Беларус орқали сариёғни жўнатишга қўрқди, дейди Божена Заборовская.

Вазирлик вакили сўзларича, Россия 2014 йилнинг 30 ноябридан Беларусдан келаётган ҳар қандай транзит юкларни ўз ҳудудига киритмаслиги тўғрисида Европа ҳукуматларини огоҳлантирган.

Россия Беларус тадбиркорларини санкцияларга учраган маҳсулотларни мамлакатга олиб кираётганликда айблаётгани ҳеч ким учун сир эмас. Рус назорат идоралари санкциялар жорий қилингандан буён Беларус креветка каби денгиз маҳсулотлари ва папайя каби экзотик меваларни “етиштира” олаётганидан ҳайратга тушган.

Божена Заборовская, шунга қарамасдан, ҳозирча бу масалада Россия ва Беларус раҳбарлари бирор тўхтамга келмагани ва музокаралар давом этаётгани тўғрисида маълумотга эга эканини айтди. У ҳозирча бундай чекловлар мавжудлиги тўғрисида Беларус ҳукуматидан уларга бирор расмий ҳужжат юборилмаганини ҳам қўшимча қилди.

- Нима бўлганда ҳам, сариёғ Ўзбекистонга етказилади, дея ишонтирди Литва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили.

Беларус Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Зинаида Берешченко Озодликка ўз ҳукуматининг Россия чекловларига қарши эканини тасдиқлаб, Беларус орқали ҳар қандай транзитни чекловсиз амалга ошириш мумкинлигини гапирди.

- Агарда Беларус давлати раҳбари чиқишларини инобатга олсак, транзит тақиқланмаган. Шахсан мен ҳам бу ҳақда бирор нарса эшитганим йўқ. Россельхознадзор масаласида: у қандай қилиб икки давлат ҳукуматлари ваколатларини ўз зиммасига юклаб олди экан? Буни ҳукуматлар ҳал этиши лозим! Улар қарори бу масалада йўқми, демак Россельхознадзорнинг қарорлари ҳеч қандай кучга эга эмас. Бу ташкилот чегарага келган юкларни текширади, холос, деди Беларус ҳукуматининг расмий муносабатини билдираркан Зинаида Берешченко.

Эслатиш жойизки, ноябрь охирларида Беларус президенти Александр Лукашенкони Россия чегарасида қайта тикланган божхона назорат пунктлари ғазабга келтиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

"Беларус тақиқланган товарларни киритмоқда!"

Евроосиё иқтисодий комиссияси Россельхознадзордан иттифоқдош бўлган Қозоғистон республикасига Беларус орқали транзит чекловларни жорий қилмасликни сўраб бесамар мурожаат қилиб кўрган.

Юзага келган вазият юзасидан изоҳ бериш илтимоси билан Озодлик Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор)га мурожаат қилди. Хизмат расмий вакиласи Юлия Трофимова ҳақиқатан Беларусдан кираётган барча транзит товарларга чеклов ўрнатилганини тасдиқлаб, бундай деди:

- Транзит маҳсулотлар киритилиши тақиқланмагани, шунчаки учинчи, яъни Россия ва Беларуснинг умумий чегарасидан эмас, балки бошқа расмий чегара пунктларидан кираётган товарларга рухсат берилишини алоҳида таъкидлашим керак. Яъни, агарда Европадан Беларус орқали бирор мол келаётган бўлса, улар Беларусга кириб, Россия билан бўлган бевосита чегарадан ўта олмайди ва учинчи мамлакатлар орқали юришга мажбурдир. Бу Украина ёки бошқа мамлакат бўлиши мумкин.

Бундай тартибнинг жорий қилинишига сабаб, Россия Европадан бўлган қатор товарларга эмбарго эълон қилган. Айнан шундай транзит товарлар кўринишида давлатимизга тақиқланган маҳсулотлар олиб кирилмоқда ва транзит бўлишига қарамасдан, шу ерда қолиб кетмоқда. Шундай тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун бу тартиб жорий қилинди, дея тушунтириш берди Россельхознадзор расмий вакиласи Юлия Трофимова.

Россельхознадзорда, шунингдек, Беларусдан киритилаётган товарлар транзитига қўйилган тақиқ икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик ва ҳамкорлик шартномаларига мутлақо зид келмаслигини ҳам таъкидлашди.

Айни пайтда, Россия ҳукумати жорий этган чеклов Беларус орқали ўтаётган автомобил транзитига тегишли эмаслиги маълум.

XS
SM
MD
LG