Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:14

Келаси йили Ўзбекистонда мева-сабзавот камида 20%га қимматлаши мумкин


Ўзбекистон 2015 йили Россияга қарийб 400 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бу жорий йил якунида кутилаётган кўрсаткичдан 150 минг тоннага кўпдир. Ўзбекистонлик таҳлилчилар фикрича, бу ўсиш мамлакат ички бозори ҳисобидан таъминланадики, натижада нархлар кўтарилиб кетиши мумкин.

Ғарбдан аразлаган Путин Ўзбек билан савдо қилмоқчи

Россияга мева-сабзавот экспортига оид хабарни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг исми келтирилмаган вакилига таяниб, 17 декабрь куни Россиянинг Новости ахборот агентлиги тарқатди.

Вазирлик вакилига кўра, келаси йили Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини жорий йилдаги кўрсаткичдан 20 % га оширади.

“Ўсиш энг аввало мева ва сабзавот экспорти умумий ҳажмининг 80 % дан ортиқроғи тўғри келадиган Россияга кўпайтирилиши ҳисобига таъминланади”, деган вазирлик расмийси.

Хабарларга қараганда, Ўзбекистондан Россияга етказиб бериладиган мева-сабзавот ҳажмини ошириш масаласи Россия президентининг 10 декабрь куни Ўзбекистонга қилган сафари доирасида муҳокама қилинган.

Экспорт ҳажмини ошириш йўлидаги тўсиқлар сифатида шу пайтгача Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар ҳудудидан ўтиш тарифларининг баландлиги, Россия божхона чегарасида жорий этилган карантин чоралари, ҳамда Россиядаги чакана савдо тармоқларига мева-сабзавотни кичик ҳажмларда жўнатиш норентабел эканлиги тилга олиниб келган.

Украинадаги ҳаракатлари учун жорий этилган Ғарб санкцияларига жавобан Европадан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлаб, россияликларни жазолаган Путин 10 декабрь куни Тошкентда ўтказган сўзлашувларда шу муаммолар ечимини таклиф этганми-йўқми – бу ҳақда хабар йўқ.

Нафақат Ғарб, балки ўзи етакчилик қилаётган Божхона Иттифоқига аъзо Беларус билан ҳам “божхона уруши”га киришган Россия жорий қилган чоралар туфайли Ўзбекистоннинг Болтиқбўйи мамлакатлари билан савдоси ҳам тўсиқларга учрамоқда.

Мева-сабзавот экспорти ҳажми нима ҳисобига оширилади?

Бу саволга жавобан РИА Новостининг мана бу хабарини келтириш мумкин:

"2015 йили Ўзбекистонда 15,5 млн. тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Бу кўрсаткич жорий йил якунларига кўра, 14,4 млн. тонна бўлиши кутилмоқда".

Агар бу рақамларга ишонилса, мева-сабзавот экспортининг Россияга қарийб икки баробарга ошиши мамлакат ички бозорига таъсир қилмайди, деб ўйлаш мумкин.

Бироқ тошкентлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаров бу рақамларга ишонмайди.

"Ўзимизга етмаяпти-ку?!"

Ўзбекистонда экспортга йўналтирилган мева-сабзавот етиштирувчи махсус хўжаликлар мавжудми ёки экспорт ҳажми ички бозор ҳисобига ошириладими, деган саволимизга жавобан иқтисодчи бундай деди:

- Ҳукуматнинг экспорт учун йўналтирилган махсус қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шу жумладан мева-сабзавот етиштириш программаси йўқ. Буни мен мутахассис сифатида, қишлоқ хўжалигини билувчи одам сифатида айтаяпман. Гапларимини исталган жойда тасдиқлаб беришим ҳам мумкин, деди иқтисодчи.

Ғолиббек Холназаров ўз фикрини қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар ўтказилмаётгани билан изоҳлади.

Унинг фикрича, экспорт ҳажми ички бозор ҳисобидан ошади:

- Ички бозордаги маҳсулотнинг 50 фоизи энди экспорт қилинади. Бу иш билан эса, асосан, катта мансабдорлар шуғулланади. Улар бозордан оладию Россияга олиб бориб сотади, демак, бу ердаги нархлар ўсади, деди Ғолиббек Холназаров.

Бозорда ўзгаришлар янги йил келмай турибоқ бошлангани тўғрисида куни кеча OzodNazar эшиттиришида тошкентлик сиёсатшунос Анвар Назиров бундай деган эди:

- Россияга экспорт қилинаётган маҳсулотлардан бири пиёздир. Унинг нархи 1 ой ичида тахминан 100 фоизга ошди. Ўзбекистонда ўзимизни ўзимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан зўрға таъминлаяпмиз. Биз экспортбоп қишлоқ хўжалигига эга эмасмиз. Бу – факт, деди Анвар Назиров.

Топилган 4 доллардан 1 доллари давлатга сотилиши шарт

Яна бир гап: Ўзбекистон Республикаси президенти ўзининг 2014 йил, 4 декабрдаги қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар зиммасига 2015 йилнинг 1 январидан валюта тушумларининг 25% ини давлатга сотиш мажбуриятини юклаб қўйди.

Жорий тартибга кўра эса, микрофирмалар ва кичик корхоналар бундай мажбуриятдан озод эди.

XS
SM
MD
LG