Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:37

Ҳибсдаги Рашодхоннинг ўрнига Суюн ажи имом қилиб тайинланди


Қорасувдаги “Сараҳсий” масжиди.
Қорасувдаги “Сараҳсий” масжиди.

Ўш вилоятининг Қорасув шаҳридаги “Сараҳсий” масжидига ҳибсда сақланаётган имом Рашодхон Камоловнинг ўрнига бугун жума намозида Суюн ажи Каликов имом қилиб тайинланди. Рашодхон қори бир неча кун аввал одамларни Суриядаги жангларга даъват қилганликда айбланиб ҳибс қилинган.

Воқеа жойида ҳозир бўлган мухбиримиз Шерзоднинг телефон орқали маълум қилишича, бугун эрталабдан Қорасув шаҳридаги “Сараҳсий” масжидига элтувчи йўлнинг кириш ва чиқиш қисмига милиция блок постлари ўрнатилган.

Масжид атрофида эса ўндан ортиқроқ милиция формасидаги одамлар кузатилган. Бундан ташқари жума намози бошланишидан аввалроқ сапёрлар келиб, масжид биносини текширувдан ўтказган. Масжидда фуқаролик кийимидаги одам келган-кетганларни видеога олиб тургани ҳам айтилмоқда.

“Милиция ходимларининг кўплиги ва йўлга блок постлар ўрнатилгани масжидга намоз ўқиш учун келаётган диндорлар ўртасида ваҳима кайфиятини пайдо қилди. Одамлар “Нега бундай қилишаяпти? “ деб таажубланишмоқда. Лекин милиция ходимлари масжидга кираётганларни текширишаётгани ёки улар билан қўпол муомалада бўлаётгани йўқ. Масжидга элтадиган йўлга ўрнатилган блок постда машинамизни текширишди, лекин фуқароларни текширмаяпти”, деб хабар берди Шерзод.

Жума намози бошланиши олдидан масжидга йиғилган намозхонларга Ўш вилоят қозиси Ниязали Арипов “Сараҳсий” масжидига тайинланган янги имомни таништирди.Янги имом Суюн ажи Каликов авваллари Ўш вилоят қозиси лавозимида ишлаган эди.

Қорасув шаҳридаги “Сараҳсий” масжиди имоми Рашодхон Камоловнинг уйида 9 февраль куни тинтув ўтказилган ва ўзи милицияга олиб кетилган эди. Рашодхон Камолов Қирғизистон Жиноят Кодексининг 299-моддаси асосида экстремистик фаолиятда гумонланмоқда. 11 февралда Ўш шаҳар суди Камоловни тергов тугагунга қадар эҳтиёт чораси сифатида икки ой ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган.

Қорасувлик манбаларнинг айтишича, 6 февраль куни масжидга шаҳар расмийлари новқатлик бир ёшгина имомни Рашод қорининг ўрнига имом-хатиб қилиб тайинлаш ниятини билдиришган:

"Қирғиз миллатига мансуб новқотлик ёшгина бир имомни Рашод қорининг ўрнига имом-хатиб қилиб тайинламоқчимиз, деган гапни айтишганида масжид қавми мутлақо рад этишган. Расмийлар норозилик кўтарилиб кетмасин, деб тезда қайтиб кетишган. Орадан 3 кун ўтиб, Рашод қорини ҳибсга олишди", деб даъво қилди исми сир қолишини сўраган қорасувлик намозхонлардан бири.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари Рашодхон қорини айблаш учун етарли далилар мавжудлигини иддао қилаётир.

Бироқ Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли ҳибсга олинган имом-хатибини ҳимоя қилиб, ҳукуматга сўровнома киритди. Депутат имом-хатиб Рашод қори Камоловга расман айблов эълон қилинмай туриб, матбуотда уни экстремизм ёки терроризмда айблаш ҳоллари учраётгани, бундан ташқари, бирор асоссиз айблов ёки ноқонуний ҳаракат унинг жамоатида кескин норозиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG