Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:37

Уйи бузилган тўрақўрғонликлар товон пулига пойдевор ҳам кўтара олмаëтир


Бузилган уйи учун берилган товон пулидан янги уй қуролмаган тўрақўрғонликлар яшаб турган жойини сотувга қўйишга мажбур бўлмоқда. Ободонлаштириш дастури доирасида уйсиз қолган одамларнинг Озодликка айтишича, уларга берилган товон пули янги уйнинг пойдеворини кўтаришга ҳам етмайди. Наманган вилояти Баҳолаш ташкилоти расмийлари эса бузилишга тушган ҳар бир хонадон стандарт нархларда баҳоланганини айтмоқда.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Чуст кўчасида жойлашган аҳоли уйлари ўтган йилдан бошлаб ободонлаштириш дастури доирасида бузила бошлаган.

Тўрақўрғонликларнинг айтишларича, Чуст кўчасининг икки томони ўн икки метрдан ичкарига киритилган.

Маҳаллий ҳокимият кўчанинг икки томонида яшовчи аҳолини яшаб турган уйларини бузиб, фақт икки қаватли коттеж тарзида қуришга мажбурлаётгани айтилади.

Бундай коттеж қуришга имкони йўқларга, ҳовли-жойларини сотиб бошқа жойга кўчиши тавсия қилинмоқда.

Чуст кўчасининг 51-уйида истиқомат қилувчи 76 ёшли отахон Ғуломжон Саримсоқовнинг айтишича, унинг ўз меҳнати эвазига қурилган ўн хонали уйи баҳолаш ташкилоти томонидан арзон-гаров нархланган:

- Озгина пул берди. Баҳоловчи ташкилот уйимнинг ярмини кадастрга кирмаган¸ деган баҳонада товон пулига қўшмади. Уйлар бузилади¸ деган гап чиққандан кейин кампирим сиқилиб ўлиб кетди. Ҳозир қизим ва икки неварам билан қолганман. Қизим яшаб турган уйнинг ҳисобини чиқармади. Энди нима қилишни билмайман. Берган пули сементи билан шағалига етади, холос. Икки қаватли уйни эса қуролмайман. Ҳовлини сотувга қўйишга мажбур бўлдим. Бошқа чорам қолмади. Бошқа жойдан бирор бошпана сотиб олармиз, дейди отахон.

Ғуломжон Саримсоқовга кўра, унинг 10 хонали уйи 53 миллион сўмга баҳоланган, қўшнисининг 11 хонали уйига эса 150 миллион сўм нарх чиқарилган.

Озодлик билан суҳбатда отахон, уйларни баҳолаш ишлари адолатсиз олиб борилганини, кам таъминланган оилаларнинг шароитлари ҳисобга олинмаганини қўшимча қилди.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу бузилишлардан кам таъминланган оилалар жабр кўраётганини тан олди:

“Жуда кўп арз бўлаяпти. Куни-кеча битта аёл ҳокимиятга йиғлаб келди. Унга бор-йўғи 28 миллион сўм товон пули беришибди, у ҳам пластикда. Мен бу пул билан қандай уй қуриб оламан, деб йиғлаяпти. Кўриб турибмиз ҳаммасини. Буйруқ вилоят ҳокимидан бўлган. Демак бажариш керак. Берилаётган товон пуллари кам эканлигини ҳам биламиз. Лекин ҳеч нарса қилолмаймиз. Пули борларку берганини олиб қурилишни бошлаб юборган, кам таъминланган оилаларга эса ҳеч қандай ёрдам беролмаймиз, чунки бизда бунга бюджет йўқ”, деди ҳокимлик мулозими.

Наманган вилояти Баҳолаш ташкилоти бошлиғи Тоҳирахон Мирзабоева Озодлик билан суҳбатда бузилишга тушган уйларни баҳолашда адолатсизлик бўлаётганини инкор қилди:

- Баҳолаш борасида стандартлар қабул қилинган. Ўша бўйича баҳолаймиз. Уйлар ҳам ҳар хил, биттасиники тагида поли бор, биттасида йўқ. Биттаси синч билан, биттаси эса ғишт билан қурган. Шунга қараб нархлар ҳам ҳар хил бўлади. Биз осмондан олиб нарх қўймаймиз, ҳаммасини норматив ҳужжатлар асосида қиламиз. Менга беш сўм берса мен унга қўшиб қўёлмайман. Эртага мен бу учун жавоб бераман, деди Тоҳирахон Мирзабоева.

Уйлари бузилган одамлар Баҳолаш ташкилоти эски уйлардан чиққан қурилиш материалларининг 50 фоизини ҳукуматга топширишга мажбурланаётганини ҳам айтдилар. Бироқ Тоҳирахон Мирзабоева бу иддаони ҳам инкор қилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида юзлаб уй бузилди. Уйи бузилган аҳоли томонидан товон пули борасидаги шикоятларнинг эса кети узилмаяпти.

Айрим ҳолларда ушбу шикоятларнинг ижобий ҳал этилгани ҳам кузатилди. Жумладан, ўтган йили биргина Наманган вилоятида 61 ҳолатда мулозимлар қонун талабларини бузиб, уй-жойи бузилган аҳоли вакилларини товон пули олиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани аниқланган.

XS
SM
MD
LG