Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:43

Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаолияти фалажланди


Тожикистон Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий, Душанбе, 2015 йилнинг 2 марти.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий, Душанбе, 2015 йилнинг 2 марти.

Тожикистонда ўтказилган парламент сайловларида Ислом уйғониш партияси (ИУП) мағлубиятга учради. Партия фаолияти ҳамда мамлакатда авторитар бошқарув ҳукм сураётгани бунга асосий сабаб сифатида кўрилмоқда.

ИУП 1 март куни ўтказилган парламент сайловида сайловчиларнинг 1,5 фоиз овозини олди. Тожикистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери биринчи марта ИУП вакиллари парламент депутатлигига сайланмай қолди.

Партия ўзини тиклашга уринар экан, таҳлилчилар унинг мағлубиятига бир неча омил сабаб бўлганини айтишмоқда.

Душанбелик сиёсий таҳлилчи Рашид Ғани партиянинг мағлуб бўлишига мамлакат ташқарисидаги вазиятнинг ҳам ҳиссаси бор, деган фикрда.

“Умумий аксилисломий руҳ ҳамда Мўсул ва бошқа ерларда [“Исломий Давлат” гуруҳи томонидан] содир этилаётган хунрезликларнинг оммабий ахборот воситаларида кенг ёритилиши тожик жамиятининг исломий партиялар ҳақидаги фикрига катта таъсир кўрсатди”, дейди Рашид Ғани.

Таҳлилчининг айтишича, Яқин шарқда “Араб баҳори”дан кейин содир бўлган тартибсизликларда исломий гуруҳларнинг қўли бор деб қаралган, бу эса, ўз навбатида, жамоатчиликнинг исломий сиёсатчилар ҳақидаги фикрига салбий таъсир кўрсатган.

ИУП фаолларига кўра, партияни обрўсизлантириш ва кучсизлантириш учун ҳукумат томонидан ташкил қилинган босим ва ҳаракатлар ҳам уларнинг сайловда мағлубиятга учрашига сабаб бўлган.

Сайловдан олдин ИУПнинг бир неча аъзоси қўлга олинди, бир қанча офиси ёпилди. Сайловнинг эртасига партиянинг камида уч ҳудудий раҳбари қўлга олинди.

Ўтган йили ИУПнинг аъзоси эканлиги айтилган бир неча шахснинг шаҳвоний видеолари тарқалган эди. Булар орасида 2014 йилнинг ноябрь ойида 51 яшар Ғалати Баротовага нисбат берилиб, YouTube ижтимоий тармоғида пайдо бўлган видео катта баҳс уйғотган эди.

ИУП вакилларига кўра, бундай ҳаракат ва босимлар партияни обрўсини тўкиш ва заифлатиш учун қилинган. Расмийлар бўлса буни рад этиб, партия аъзоларининг қўлга олиниши сиёсат билан боғлиқ эмаслигини иддао қилишган.

Таҳлилчи Рашид Ғани сайловдаги мағлубият учун ИУПнинг ўзи ҳам айбдор, деб ҳисоблайди. Унга кўра, партия кейинги йилларда сайловчиларни жалб қиладиган ташаббуслар билан чиқмади.

ИУП 1997 йили расмий рўйхатдан ўтганидан кейин Тожикистонда анча эътибор қозонган эди. Аммо ҳукумат диний муассасаларни қаттиқ назорат остига олгани учун партия ўз фаолияти давомида қатор қийинчиликларга дуч келди.

2010 йили ИУПнинг Душанбедаги масжиди ёпилди. Партиянинг фақат аёллар учун масжидлар очишни ман қилувчи қонунга қарши кураши самара бермади.

ИУПнинг лидери Муҳиддин Кабирий қийинчиликларга қарамасдан, партия ишини жонлантириш мумкин, деб ҳисоблайди. Кабирий энди партияси ислоҳ қилинишини айтди.

ИУП лидери сайловлардан кейин чиқиш қилиб, партиянинг ман қилиниши ҳақидаги миш-мишларга ҳам тўхталди.

Кабирий ҳукуматни ИУПнинг келажаги ҳақида “ўйламай-нетмай” қарор чиқармасликка чақириб, ўз партиясининг тожик жамиятига бера оладиган фойдаси ҳақида гапирди.

Кабирий ИУП “Исломий Давлат”, Ал-Қоида ва бошқа экстремистик гуруҳлар билан курашда ёрдам бера олишини айтди.

Аввалроқ партия раҳбари ИУПнинг парламентдан четлатилиши расмийларнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатишини айтганди.

Таҳлилчи Рашид Ғани бу фикрга қўшилади. Унга кўра, Тожикистон парламентида мухолиф исломий партиянинг борлиги мамлакатни автократик тузумли қўшниларидан ажратиб турар эди.

Президент Имомали Раҳмон раҳбарлигидаги Халқ-демократик партияси парламент сайловида сайловчиларнинг 62,5 фоиз овозини олди. Халқ демократик партияси билан бир қаторда Аграр партия 11,8 фоиз, Иқтисодий ислоҳот партияси 7,6 фоиз, Социал-демократик партия 5,5 фоиз овоз олиб, парламентда ўринларга эга бўлди.

Ҳукуматни баъзан эҳтиёткорлик билан танқид қилиб турувчи Коммунистик партия парламентдаги икки ўрнини қўлдан бой берди. Ягона дунёвий мухолиф куч бўлмиш Социал-демократик партия бўлса сайловда энг кам овоз тўплади.

Фарангиз Нажибулла қаламига мансуб мазкур мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG