Самарқанд шаҳри марказидаги хиёбонда 50-60 йиллик чинорлар кесила бошлади. Икки кишининг қулочи базўр етадиган соғлом дарахтларнинг кесилиши маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Расмийлар бунинг сабабини дарахтларнинг касаллангани билан изоҳламоқда.
Самарқанд шаҳри марказидаги боғда, Амир Темур хиёбонида ва бошқа ҳудудларида ўнлаб чинор, каштан сингари кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланди.
Бу ҳақда хабар берган Озодликнинг Самарқанддаги манбасига кўра, юз йиллик чинорлар кесиляпти:
“Амир Темур ҳайкали турган жойда жуда ҳам чиройли ва кўркам узун хиёбон бор. Ана шу жойда катта-катта чинорларни кесиб машиналарга юклаб олиб кетишяпти. Ҳеч қаерига қурт тушмаган, соғлом дарахтлар. Одамлар бундан норози бўлмоқда”, деди манба.
Самарқанд шаҳрида яшайдиган 74 ёшли отахон Раҳмон бобо юз йиллик дарахтларнинг увол бўлаётганидан қайғураётганини айтди:
- Катта дарахтларни кесаётганини кўрдим. Бу юз йиллардан буён шаҳарга кўрк бағишлаб турган чинорлар. Бир неча йилдан буён чинорларни кесиш давом этяпти. Ўрнига бир метрлик арчалар экиляпти. Бу арчалар бир йилда қурийди, яна экади, яна қурийди. Ҳар йили миллионлаб кўчат экдик, деб мақтанишади. Агар бу кўчатлар кўкарганда эди, Ўзбекистон ўрмон бўлиб кетарди. Бунга қанча меҳнат, қанча маблағ кетади, қанча кўчат увол бўлади. Бу катталар ҳеч нарсани ўйлашмайди, деди Раҳмон бобо.
Самарқанд шаҳридаги кўп йиллик дарахтларни кесиш ишларини шаҳар ҳокимлиги қошидаги ободонлаштириш департаменти олиб бормоқда.
Департамент бошлиғининг ёрдамчиси Ойбек Юсуповнинг айтишича, дарахтлар Самарқанд вилояти табиатни муҳофаза қилиш бошқармасининг розилиги билан кесиляпти:
- Вилоят табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси бизга рухсат берган, ўша асосида биз дарахтларни кесаяпмиз, деди Ойбек Юсупов.
Самарқанд вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мулозими Шавкат Элназаров Озодлик билан суҳбатда чинорлар кесилаётганини тасдиқлар экан, бу иш комиссия хулосаси асосида амалга оширилаётганини таъкидлади:
- Вилоят ҳокими, шаҳар ҳокими, ободонлаштириш бошқармаси, вилоят экологияси бошлиқлари ва бошқа мутахассислардан иборат 22 кишилик комиссия бу дарахтларни бирма-бир кўриб чиқишган. Юз йиллик чинорлар кесилмаган, фақат биттаси бор эди чириб қолган, ўша кесилди. Қолганлари 50-60 йиллик чинорлар. Фақатгина касалланган ва яроқсиз бўлган, эгилиб қолган дарахтлар кесилди. 74 дарахтни кесишга рухсат берилган, деди мулозим.
Элназаровнинг айтишича, кесилган дарахтлар ободонлаштириш департаментига кирим қилинган:
- Бу дарахтлардан хиёбон учун ҳар биттаси 450-500 минг сўм турадиган скамейкалар ясалади. Бизга 12 та дарахтга тўлов қилинган, қолганларига эса тўлов қилинмаган. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, кучли зарарланган, яроқсиз бўлиб қолган дарахтларга тўлов қилинмайди. Булар ўтин сифатида кирим қилинган, деди Шавкат Элназаров.
Ўзбекистонда кесилган дарахтзорлар тарихи
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шаҳарларни ободонлаштириш дастурига биноан соя берадиган юзлаб қадим чинор ва бошқа дарахтлар кесилиб ташланди.
2009 йилнинг ноябр ойида Тошкентнинг "энг кекса фуқаролари" – Амир Темур xиёбонидаги ёши 100 дан ортган дарахтлар кесиб ташланди.Бир асрдан зиёд вақт давомида қадимий шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб келган, шаҳар маркази иқлимини мўътадиллаштириб турган xиёбонга арчалар экилди.
2010 йилнинг январида Самарқанд шаҳри кўчалари ва шаҳар паркидаги чинорлар кесилди.
2010 йилнинг августида Чирчиқ шаҳри марказидаги юздан ортиқ дарахтлар кесилди. Саноат шаҳри бўлган Чирчиқда тоза ҳавога катта эҳтиёж сезаётган шаҳарликлардан айримлари Озодликка бу қарордан норозиликларини билдирди.
2011 йилнинг майида Тошкент шаҳрининг Дўмбиробод маҳалласидагиқабристонда кўп йиллик чинорлар кесилди.
2011 йилнинг ёзида Тошкентнинг "Пахтакор" метроси ва ўйингоҳи атрофидаги ўрмон дейишга арзирлик дарахтзор чопиб ташланди.
Шунингдек, Наманган, Андижонда ҳам шаҳарга соя-салқин ташлаб турган жуда кўп манзарали дарахтлар кесиб ташланди.