Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:25

Сайлов арафасида МХХ яна ИШИД ҳужумидан "огоҳлантирди"


Ўзбекистон МХХ таҳлилчисига таянган centralasiaonline сайти яна "Исломий давлат"нинг Ўзбекистонга ҳужуми ҳақида мақола чоп этди. Бу гал ҳам мақола мамлакат ичкарисидаги қатор сайтларда қайта босилди. Иддао қилинишича, Афғонистон шимолида “Исломий давлат” гуруҳининг фаоллашуви ва ЎИҲ каби жангари гуруҳлар билан бирлашуви расмий Тошкентни ташвишга солмоқда.

Афғонистондаги жиҳодчиларнинг “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари билан биргаликда фаол ҳаракатлана бошлаши қабатида Ўзбекистон расмийлари мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш ва аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш ҳаракатига тушганлар.

Бу ҳақда Марказий Осиёга оид воқеаларни ёритиб борадиган ва АҚШ Қуролли Кучлари Қўшма марказий қўмондонлиги ҳомийлигида фаолият юритадиган centralasiaonline.com сайтида жума куни эълон қилинган мақолада айтилади.

“Ўзбекистонда ИШИДнинг Марказий Осиёда фаоллашганидан ташвишдалар” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таҳлилчиси Бахтиёр Шарофовнинг “ИШИДга қарши кураш гибрид уруш шаклини олаётибди, бу ҳарбий ва ноҳарбий усулларнинг қоришмасидир”, деган сўзлари келтирилади.

Шарофовга кўра, ИШИДнинг “Марказий Осиё дарвозаси”да пайдо бўлгани минтақада террор хуружлари ва ҳарбий амалиётлар хавфини оширган.

МХХ таҳлилчисининг айтишича, Афғонистон хавфсизлик хизматлари ИШИД жангарилари Туркманистон чегараси бўйлаб яшириниб юргани ва Ўзбекистон чегарасида фаоллашганинитасдиқлаганлар.

Шарофов иддаосича, Афғонистонда ерлашган экстремистлар уруш олиб бориш билан бир қаторда Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа мамлакатларга ташвиқот ишларини олиб бориш учун ўз эмиссарларини юборган ва бундан Ўзбекистон махсус хизматлари хабар топган.

Аввалроқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати “Исломий давлат” гуруҳи билан билиттифоқ ҳаракат қилаётганига оид хабарлар чиққанди. Бу иддао hilofatnews.com сайти орқали тарқатилган ва ЎИҲ амири Усмон Ғозийга нисбат берилган баёнот билан тасдиқлангандай эди.

МХХ таҳлилчиси Бахтиёр Назаров сўзларидан хулоса қилинса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва “Исломий давлат” гуруҳи вакиллари айни дамда бир-бирини дастаклаётганига ўзбек чекистлари ҳам шубҳа қилмайди.

“Шу кундаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан Тоҳир Йўлдошев ва Жума Намангоний томонидан молиялаштирилган ЎИҲ айни бир ҳаракат эмас. Бир пайтлар у мустақил ташкилот эди, бугунги кунда эса у бақувватроқ гуруҳларга пул учун ўз хизматини таклиф қиладиган турфа жангарилардан иборат ҳаракатга айланган”, дея иқтибос келтиради Бахтиёр Назаров сўзларидан centralasiaonline.com сайти.

Мақолада МХХнинг исми очиқланмаган манбаси сўзларига таянган ҳолда, бугунги кунда Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафида 5 минг нафар жангари борлиги, уларнинг қарийб ярмини ўзбекистонликлар ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистон ичкарисида фаолият юритадиган ва centralasiaonline.com сайтида чоп этилмиш мазкур мақола ҳақида хабар ёйинлаган sharh.uz сайтида “март ойида, хусусан, Наврўз байрами ва 29 мартда бўлиб ўтадиган сайлов арафасида террорчиларнинг Ўзбекистон ҳудудида қўпорувчиликларни амалга ошириш хавфи мавжудлиги” қайд этилган, бироқ бу хатардан огоҳлантирмиш манба келтирилмаган.

Минтақада террор хуружлари хавфи кучаяётганидан огоҳлантирган centralasiaonline.com сайти экспертлари айни пайтда тушкунликка тушиб кетишга ҳам асос йўқлигини таъкидлаганлар. Уларга кўра, ЎИҲ каби жангари гуруҳлар ҳеч қачон Ўзбекистон армияси сингари мунтазам қўшинлар билан беллаша олган эмас.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қарши жиҳодчи гуруҳлар томонидан тадҳиш (террор) хуружи эҳтимоли кучаяётгани ҳақида ўзбек чекистлари биринчи марта чиқиш қилаётганлари йўқ.

Тақрибан икки ой муқаддам Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таҳлилчиси Алишер Ҳамдамов centralasiaonline.com сайтига берган интервьюсида “Исломий давлат” гуруҳи баҳорда Ўзбекистонда террор амалиётларини ўтказишни режалаганини иддао қилганди.

МХХ зобитининг бу фикрига шубҳа билдирган Озодлик таҳлилчиси Брюс Панниер буни расмий Тошкентнинг “душман тимсоли” яратишга уриниши ўлароқ баҳолаганди.

- “Исломий давлат” ва ЎИҲ томонидан Ўзбекистонга хавф мавжудлиги тўғрисида гапирар эканлар, бу гаплар учун қандайдир асос, балки, бўлса бордир, бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг “ташқаридагиларнинг ҳаммаси бизга душман ва улар бизга қарши бирлашиб олган”, деб ваҳима қилишга ўрганиб қолганини унутмаслик керак”, деганди Брюс Панниер.

XS
SM
MD
LG