Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

HRW ЕИ лидерларини Атамбаев билан учрашувда Азимжон Асқаров масаласини кўтаришга чақирди


Бишкекдаги 47-колонияда сақланаётган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.
Бишкекдаги 47-колонияда сақланаётган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

Human Rights Watch ташкилоти Европа Иттифоқи лидерларини Европа мамлакатлари бўйлаб сафарга чиққан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга инсон ҳақларига риоя қилиш масаласида босим ўтказишга даъват этди. Қирғизистондаги инсон ҳақлари муаммолари орасида, HRW вакилларига кўра, қарийб 5 йилдан буён қамоқда қолаётган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров масаласи энг аҳамиятли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Мира Ритманга кўра, президент Алмазбек Атамбаев билан учрашажак Европа лидерларига қаратилган ўз ташкилоти баёнотида Қирғизистонда шу кунда инсон ҳуқуқлари борасида долзарб бўлиб турган бир қанча муаммога урғу берилган.

Human Rights Watch вакиласи Мира Ритман.
Human Rights Watch вакиласи Мира Ритман.

- Жумладан, биз ҳозирги пайтда Қирғизистон қамоқхонасида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров вазияти атрофидаги масалани ҳам кўтарганмиз. Биз унинг судланишида жиддий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилганидан ташвиш изҳор қилганмиз. Унинг қўлга олиниш чоғида қийноқларга дучор қилингани ҳақидаги гаплари ўша пайтда ҳам текширилмаган, ҳалигача ҳам текширилмаяпти. Биз президент Атамбаевнинг Европага сафари чоғида Азимжон Асқаров тақдири ва унинг судланишида йўл қўйилган адолатсизликлар ҳақидаги масалани юқори даражада кўтариш имконияти бор, деб ҳисоблаймиз, - дейди Мира Ритман.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистондаги 2010 йилги воқеаларда милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Пайғамбар ёшидан ошган Асқаровга қўйилаётган айбловлар уйдирма экани ва бу иш юзасидан такроран адолатли текширув ўтказиш лозимлиги ҳақида қамоқдаги ҳуқуқ фаолининг ўзи ҳам, халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам шу кунгача жуда кўп мурожаатлар билан чиққанлар.

Аммо, Human Rights Watch вакиласи Мира Ритманга кўра, Асқаровни озод қилиш уринишларидан ҳозирча бирор наф чиққани йўқ.

- Афсуски, ҳозирги пайтда унинг (Азимжон Асқаровнинг – таҳр.) вазиятида бирор-бир ижобий ўзгариш бўлгани ҳақида менда бирор маълумот йўқ. Асқаров масаласи президент Атамбаев бурноғи йили Европага сафар қилган пайтда ҳам кўтарилганди. Ўтган йили унинг иши юзасидан қайта текширув бошлашга уриниш бўлди. Бироқ бу масалани ўрганган Қирғизистон Бош прокуратураси комиссияси Асқаров иши бўйича қайта текширув ўтказиш учун асос йўқ, деган қарорга келди. Бу масалада судга қилинган мурожаатлар ҳам самара бермади. Ҳозир Асқаровнинг шикояти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида кўриб чиқилаяпти. Қўмита хулосаси чиққанидан кейин бу ишда бирор ўзгариш бўлиши мумкин, - дейди Мира Ритман БМТ қўмитаси Асқаров иши бўйича қандай қарорга келиши ҳозирча номаълум эканини қўшимча қиларкан.

Human Rights Watch вакиласи ўз ташкилоти Европа Иттифоқи мулозимларини Қирғизистон президенти билан учрашув чоғида мамлакат парламентида маъқулланган жинсий озчиликларга қарши қонун лойиҳаси ҳамда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этиш бўйича Атамбаевга босим ўтказишга ундаганини айтади.

22 март куни Европа сафарига отланган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев шу кунгача Австрия ва Францияда бўлиб, у ердаги давлат раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. 1 апрелгача Атамбаев яна Швейцария, Бельгия ва Германияда бўлиши ҳамда бу мамлакатлар раҳбарлари ва Европа Иттифоқи лидерлари билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

HRW вакилларига кўра, Европа Иттифоқи лидерлари ўз ўлкасининг демократик йўлдан оғишмай бораётганини даъво қилувчи президент Атамбаев билан учрашувлардан самарали фойдаланиб, у билан Қирғизистонда демократик тамойиллар асосида инсон ҳақларига риоя қилиниши муҳимлиги хусусида сўзлашишлари лозим.

XS
SM
MD
LG